Қорамолларда пироплазмоз касаллиги

Пироплазмоз – ўткир кечадиган мавсумий инвазион касаллик бўлиб, Piroplazma bigeminumнинг эритроцитларда паразитлик қилиши туфайли тана ҳароратининг кўтарилиши, шиллиқ пардаларнинг анемияси ва сарғайиши, гемоглобинурия ҳамда юрак-томир, овқат ҳазм қилиш ва асаб системаси орган фаолиятларининг бузилиши билан характерланади.
Тарқалиши ва иқтисодий зарари. Пироплазмоз энзоотик кечувчи касаллик бўлиб, унинг тарқалиши қўзғаратувчини асосий ташувчиси бир хўжайинли яйлов канаси –
B.calcaratusнинг тарқалишига боғлиқ бўлади.
Ўзбекистонда қорамол пироплазмози кенг тарқалган касаллик бўлиб, катта иқтисодий зарар етказади. Чет давлатлардан олиб келинган зотли қорамоллар орасида даволаш ва профилактик тадбирлар ўз вақтида ўтказилмаганда ўлим 60-70% ни ташкил этади. Уларни қолган қисмида эса насл бериш қобилиятини ва маҳсулдорлигини пасайиши кузатилади.

Касаллик қўзғатувчиси. Пироплазмоз одатда эритроцитларнинг марказида жойлашган бўлиб, ҳалқасимон, овал, амёбасимон ва ноксимон шаклга эга. Пироплазмлар организмдан ташқарида 18-20 °С даражали ҳароратда ўзининг ҳаётчанлигини 24 соат давомида, 35-40 °С даражали ҳароратда эса 2 кун давомида сақлайди.
Эпизоотологияси. Пироплазмоз-энзоотик касаллик бўлиб, ташувчи каналарнинг табиатдаги тарқалишига боғлиқ ҳолда рўй беради. B.calcaratus биотоплари асосан ҳайдалмаган, тупроғи нам бўлган яйловларда, ўтли тўқайзорларда ёки камроқ ўрмонзорларда бўлади.
Ўзбекистонда пироплазмоз асосан Сирдарё, Амударё, Зарафшон дарёси ёқаларида кенг тарқалган бўлиб, тоғолди ҳудудларида тарқалган пироплазмидозларнинг 50% пироплазмоз ташкил қилган бўлса текисликда жойлашган ҳудудларда эса у 28% ни ташкил қилади. Пироплазмоз яйловларда пайдо бўладиган ёзги, мавсумий касалликлар гуруҳига киради.
Пироплазмозга барча ёшдаги ва зотдаги йирик шохли ҳайвонлар мойилдир. Аммо қари, ориқ, оғир ҳайдовдан (тоғли яйлов шароитларида), касалланиб соғайган ҳайвонлар орасида бу касаллик қийин кечади, соғайиши чўзилади ва ўлим даражаси юқори бўлади. Семиз, ёш ҳайвонларда (1 ёшгача бўлган бузоқларда) эса касаллик енгил кечади, улар тез соғаяди ва ўлим даражаси жуда оз бўлади. Бўғоз сигирларда касаллик оғир кечиб, кўпинча бола ташлашга сабаб бўлиши мумкин.
Касалликнинг клиник белгилари. Ташувчи каналар орқали касалланган ҳайвонларда касалликнинг инкубацион даври ўртача 15-18 кунга тенг бўлиб, айрим ҳолда 8 кундан 25 кунгача ўзгариб туриши мумкин. Касаллик ҳайвонда тана ҳарорати 41-42 °С, ҳолсизланиш, иштаҳа йўқолиши, сут маҳсулдорлигининг кескин камайиши, подадан орқада қоладиган, кўп ётадиган, аммо тез-тез сув ичадиган ва ўрнидан зўрға турадиган бўлиб қолади. Нафас олиш, ичаклар перистальтикаси тезлашган, кўз шиллиқ пардалари қизарган, сўнгра оқариб сарғаяётган бўлади. Сийдик олдин сарғайган, кейинчалик эса қизарган бўлади. Гемоглобинурия тез-тез қон сийиш билан боради.
Баён этилган клиник белгиларда касаллик 5-7 кун давом этиб, одатда ўлим билан тугайди. Ўлим олдидан тана ҳарорати нормадан пасайиб кетади, бурун тешикларидан кўпиксимон суюқлик ажралади ва оёқ мускуллари вақти-вақти билан қисқаради. Ўлим даражаси 30-40% дан ошмаслиги қайд этилган.
Патологоанатомик ўзгаришлари. Гавда ориқ, уни қотиш даражаси яхши сезиларли. Шиллиқ ва сероз пардалар оқариб сарғайган ва майда нуқтасимон қон қуйилган бўлади.
Кўкрак қафасида ва юрак халтасида бироз оч-қизғиш рангдаги суюқлик борлиги аниқланади. Ўпка ўзгаришларсиз ёки бироз оқарган бўлади. Юрак катталашган, мускуллари бўшашган ва оқарган. Қорин бўшлиғида кўпинча қизғиш тусдаги суюқлик тўпланган, чарви сарғайган бўлади. Жигар катталашган, қаттиқ, қизғиш сариқ тусда, кесганда намли, бўлим чегаралари сезаларли бўлади. Ўт пуфаги катталашиб
деворлари таранглашган ва кўпинча ярим қуюқ консистенцияли қора-қўнғир ёки зангор рангдаги суюқлик билан тўлган бўлади. Талоқ 2-3 барабар катталашган бўлади.
Ташхис ва дифференциал ташхиси. Бир қатор комплекс текширувлар асосида, яъни касалликни клиник белгилари, эпизоотологик маълумотлар, патологоанатомик текширишлар ва албатта якуний ташхис лаборатор текширилиб аниқланади. Касаллик куйдирги, лептоспироз ва бошқа касалликларга ўхшаш бўлади.
Даволаш. Касал ҳайвонлар подадан ажратилади, тоза, салқин ва қалин тўшамалар солинган молхоналарда асралиши керак. Улар доимо тоза сув ва енгил ҳазм бўладиган
ширали озуқалар билан таьминланиши керак.

Юрак фаолиятини тиклаш ва нормаллаштириш учун касал ҳайвонларга вақт-вақти билан кофеин, камфора ва бошқа дорилардан юборилади. Касаллик оғир кечганида
ҳайвонларга 0,5-1 литр физиологик эритма ёки глюкоза томирга юборилиши яхши натижа беради.
Пироплазмоз касаллигида этиотроп моддалардан азидин тавсия этилади. У касал ҳайвонларнинг ҳар бир кг тирик вазни ҳисобига 0,0035 г ёки 3,5 мг дан қуруқ модда олиниб, уни дистилланган ёки қайнатилган сувда 7% ли қилиб эритиб, эритмани тери остига ёки мускул орасига юборилади. Диамидиндан ҳайвоннинг ҳар бир кг тирик вазни ҳисобига 0,001-0,002 г ёки 10-20 мг дан қуруқ модда олиб, уни дистилланган сувда 7% ли қилиб эритиб мускул ораси ёки тери остига юборилади.

Касалликнинг олдини олиш ва қарши курашиш чоралари.

Хўжаликда пироплазмоз касаллиги пайдо бўлганида касал ҳайвонлар дарҳол подадан ажратилиб олиниб, юқорида таъкидланган махсус дорилар билан даволаниши лозим, акс ҳолда
касаллик ўлим билан якунланади.
Пироплазмоз бўйича энзоотик ўчоқларда касалликни олдини олишда комплекс тадбирий чоралар ўтказилиши керак. Бу зарурий чоралар касал ҳайвонларни ўз
вақтида махсус кимёвий дорилар билан даволашдан, табиатда асосий ташувчи кана B.calcaratus га қарши курашдан ва айрим ҳолларда ҳайвонларни эмлашдан иборатдир.

Манба: «ҚОРАМОЛ КАСАЛЛИКЛАРИ» Тузувчилар: Қ.Ж. Шакиров – Тошкент давлат аграр университети “Умумий зоотехника” кафедраси доценти, қ.х.ф.д. А.И. Амиров – Тошкент давлат аграр университети “Умумий зоотехния” кафедраси ассистенти. Лойиҳа ғояси муаллифи ва ташкилотчи: “Агробанк” АТБ