Пиёзнинг қоракуя касаллиги

Қора куя касаллиги, дунёнинг бошқа мамлакатларига АҚШдан тарқалган Urocystis cepulae базидиомицет замбуруғи қўзғатади. Қоракуя пиёзга Ўзбекистонда ҳам иқтисодий зарар етказади. Пиёз, саримсоқ ва бошқа пиёзгулдош экин ва ёввойи пиёзлар зарарланади.

Ўсимликларнинг барглари, барг қинлари ва меваларида, бироз кўтарилган эпидермис остида, маржонга ўхшаб тизилган, чизиқча ва тасмачалар пайдо қилувчи кулранг нуқталар (пустулалар) пайдо бўлади, сўнгра улар узунасига ёрилиб, ичидан телиоспоралардан иборат бўлган қора кукун чиқади. Барг билан бирга пустулалар ҳам ўсади ва узунлиги бир неча см бўлган чизиқлар ривожланади. Майса баргларининг учлари буришиб, қуриб қолади. Қоракуя билан ёш, етилмаган тўқималар зарарланади, зарарланиш уруғ униши билан биринчи барг пайдо бўлиши орасида энг кўп кузатилади.

Телиоспоралар тупроқда сақланади; янги пайдо бўлганлари шамол билан тарқалади, тиним даврини ўтмасдан ўсади ва ўсимликларни зарарлайди.

Касалликнинг зарари майсаларни нобуд қилиши ва экинни сийрак қилиши билан ифодаланади; зарарланган тупроқда телиоспоралар узоқ сақланиш қобилиятига эга бўлгани учун, қоракуя билан курашиш жуда қийин.

Кураш чораси алмашлаб экиш ҳамда уруғларни экишдан олдин фунгицид билан дорилашдан иборат.

Қўзғатувчининг белгилари:

Urocystis cepulae. Споратўдачалар телиоспоралардан иборат, нотўғри шар шаклли, марказида битта, кам ҳолларда 2-3 та фертил (маҳсулдор) телиоспоралар, уларнинг атрофида, ҳимоя қилиш учун хизмат қилувчи 5-14, кўпинча 9 та периферик ҳужайралар мавжуд.