Полиз табиби — тарвуз ҳақида сиз билмаган фактлар

Айни пишиқчилик даври, тарвуз ҳам сероб. Бу маҳсулот хуштаъмлиги, чанқовбосдилиги билан бирга, саломатлик учун ҳам кони фойда.

Таркиби

Тарвуз – А, С, Е витамини, В гуруҳи витаминлари, магний, калий, кальций, фосфор, темир ва натрий моддаларини ўзида сақлайди.

Шунингдек, тарвуз антиоксидант моддалар бўлмиш ликопин, ниацин, тиамин моддаларига бой. 100 гр тарвуз 38 килокалорияга эга.

Фото: Pixabay

Фойдаси

  • Тарвуз сувга бойлиги боис пешоб ва сафро ҳайдовчи таъсирга эга. Шарбати буйраклар ва жигарни токсинлардан тозалайди. Организмда холестерин миқдорини камайтиради.
  • Унинг таркибидаги фолий кислотаси тери ва соч гўзаллигига ижобий таъсир кўрсатади, ҳазм тизимини яхшилайди, моддалар алмашинувига ижобий таъсир кўрсатади.
  • Қариш жараёнини секинлаштиради, онкологик касалликлардан профилактика қилади.
  • Маҳсулотнинг 100 грамми организмнинг магнийга бўлган эҳтиёжини 60 фоизга тўлдиради. Бу эса бошқа моддаларнинг сўрилишига ёрдам беради, юрак-қон томир тизими учун фойдали.
  • Стрессдан ҳимоялайди, бахт гормонларининг ишлаб чиқарилишига импульс беради.
  • Кўриш қобилиятини яхшилайди, иммунитетни мустаҳкамлайди.
  • Очлик ҳиссини нейтраллаштиргани боис парҳезбоп саналади, озишга ёрдам беради.

Қачон ва қандай истеъмол қилиш керак?

Тарвузни ҳаддан ташқари кўп ейиш пешоб халтасида дискомфортни келтириб чиқаради. Овқатдан кейин дарҳол ейиш мумкин эмас, бу қорин дам бўлиши (метеоризм), ичакдаги бузилишларга сабаб бўлади.

Тарвуз мағзи ва пўстлоғи микроблар кўпайиши учун қулай муҳит ҳисобланади. Шу боис уни кесилган ҳолатда узоқ сақлаш, кесилган тарвузни харид қилиш тавсия этилмайди.

Сунъий шароитларда, тезлаштирилган тарзда етиштирилган тарвузни танлаш мақсадга мувофиқ эмас. Чунки бунда маҳсулот азотли ўғитлар билан тўйинтирилади. Улар организмга тушгач, нитритларга айланиши, бу моддалар юрак-қон томир касалликлари, нафас олиш ва пешоб айириш тизимида муаммоларни келтириб чиқариши маълум.

Фото: Pixabay

Кимларга мумкин эмас?

Пешоб йўли касалликлари (пешоб халтаси ёки буйракдаги тош), диарея, метеоризм, ошқозон ости безида муаммолари бўлганлар тарвузни эҳтиёткорлик билан истеъмол қилишлари керак.

Қандли диабети бўлганлар ҳам тарвуз истеъмолида меъёрни унутмасликлари лозим. Тарвуз қондаги глюкоза миқдорини қисқа муддатга, аммо тез кўтаради.

Икки ёшгача бўлган болаларга тарвуз бериш тавсия этилмайди – бу уларда аллергия чақириши мумкин. 2-3 ёшдаги болалар учун тарвузнинг кунлик миқдори 80-100 грамм, 3-6 ёшлилар учун 150 граммдан ошмаслиги керак.

Тарвуз истеъмоли ҳомиладор аёллар учун ҳам фойдали. Ундаги В9 витамини ҳомиланинг асаб тизими шаклланишига ижобий таъсир кўрсатади. Эмизиш даврида меъёрида истеъмол қилинган тарвуз онада сутни кўпайтиради. Аммо меъёридан ортиқ истеъмол қилиш метеоризмга сабаб бўлишини унутмаслик керак.

Тарвузни эрталабки пайтда ёки бошқа таомлардан алоҳида истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ.

Фото: Pixabay

Тарвуз танлашни ўрганамиз

  • Лат еган, ёрилган ёки атайлаб кесилган тарвузни харид қилмаслик керак. Чунки бу юқорида айтилганидек, микробларнинг кўпайиши учун қулай муҳит ҳисобланади.
  • Яхши етилган тарвузнинг думи қуриган, ён томонида оч сариқ доғ бўлади, чизиқларнинг рангида контраст юқори бўлади.
  • Тарвуз пўстлоғига тирноқни енгил ботириб кўринг. Агар тезгина кирса, демак, маҳсулот ҳали яхши етилмаган. Шунингдек, пўстлоқни ишқалаганда ҳеч қандай ҳид таралмаса, бу пишган тарвуз, ўтларнинг ҳиди келса, бу тарвуз ҳали хом.
  • Пишган маҳсулотни секин уриб кўрганда тоза ва жарангдор товуш чиқиши керак.
  • Тарвузнинг қанчалик табиий шароитда етиштирилганини мағзидан билиш мумкин. Маҳсулот мағзини сувга солиб кўринг, агар сув пушти ёки оч қизил рангга кирса, демак, у нитритларни сақлайди. Тоза маҳсулотда сув ранги ўзгармаслиги керак.
  • Шунингдек, табиий шароитда етилган тарвузнинг мағзидаги «сочлари» оқ рангда бўлиши керак.
  • Тарвуз ҳажмига келсак, ўртача катталикдаги, 5-7 кг.даги маҳсулотни танлаш мақсадга мувофиқ.

Манба: kun.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!