Помидор

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: эртапишар Дўстлик, Сахий, Шафақ, Севара, ўрта-эртапишар Тошкент тонги, ўртапишар ТМК-22, Ўзбекистон–178, Сурхон–142, Баҳодир, Шарқ юлдузи, Ситора, Истиқлол–10, Авиценна, кечпишар Намуна–70, Дони 2000.

Кўчат танлаш. Помидор кўчатлари 40–45 кунлик, пояси ва илдизлари дуркун ривожланган, барглари тўқ яшил тусда, соғлом бўлиши лозим.

Ер тайёрлаш. Помидор экиш режалаштирилган ерларни тайёрлаш ишлари куз ойларидан бошланади, ҳосилдан бўшаган майдондаги йирик ўсимликлар қолдиқларидан тозаланиб, маҳаллий ўғит сочиб чиқилади. Берилиши лозим бўлган маданий ўғитлар миқдорини бир қисми қўлда сочиб чиқилиб, кейин майдон 28–30 см чуқурликда юмшатилади. Экишга тайёрлашни кейинги тадбирлари экишдан олдин бажарилиб, майдонлар    14–16 см чуқурликда юмшатилади. Йирик кесаклар хаскаш ёрдамида майдаланиб бир йўла ер текислаб олинади, кейин 70 см ёки 90 см см қатор оралиғида экиш эгатлари тортиб чиқилади.

Экиш муддати ва схемаси. Жанубий вилоятларда эртаги навлар мартнинг III ўн кунлигида, ўрта ва кечпишар навлар апрельнинг I–II ўн кунлигида; марказий минтақада жойлашган вилоятларда эртапишар навлар апрельнинг I ўн кунлигида, ўрта ва кечпишарлари апрельнинг II–III ўн кунлигида ҳамда майнинг I–II ўн кунлигида, уруғ билан очиқ майдонга апрельнинг I ўн кунлигида; шимолий минтақаларда эртапишар навлар апрельнинг II ўн кунлигида, ўрта ва кечпишарлари апрельнинг III ўн кунлигида, майнинг I ўн кунлигида ва уруғ билан очиқ майдонга апрельнинг II ўн кунлигида экилади.  Помидорнинг эртапишар ва ўртапишар навлари у қадар нишаб бўлмаган далаларда 70×25 см, текис майдонларда 90×25 см, узун палакли навлар 90×40 см схемада экилади. Экилгандан кейин кўчатларни албатта суғориш зарур. 1 сотих майдонга экиш схемасига қараб 280–570 та кўчат сарфланади.

Парваришлаш. Ўсимликларга биринчи ишлов бериш кўчатлар тутиб олгач, яъни экилганидан 10–12 кундан кейин бошланади. Бунда эгат ичи, пушта ва қатордаги кўчатлар орасининг тупроғи юмшатилади. Биринчи парваришлашдан 12–15 кун ўтгач, иккинчи сув берилади. Тупроқ етилгандан сўнг яна бир бор чопиқ қилинади. Бунда ер бегона ўтлардан тозаланади, юмшатилади, тупроқ помидор кўчатининг атрофига босилади. Помидор ўсимлиги яхши ривожланиб, мўл ҳосил бериши учун унинг илдизи жойлашган қатлам ҳаво билан таъминланган бўлиши керак. Бунинг учун сув эгат оралатиб қўйилгани маъқул.

Ўғитлаш. Помидор етиштиришда тук ҳолда 1 сотих майдонга 7,6 кг сульфат аммоний, 2,6 кг аммофос, 1,6 кг калий хлор ўғитлари берилади. Помидор сувга талабчан ўсимлик бўлиб, сизот суви чуқур жойлашган ерларда ўсув даври мобайнида суғоришда ҳар гал 1 сотихга 5–6 м3 ҳисобидан 18–20, сизот суви юза ўтлоқ ва ўтлоқ-ботқоқ тупроқли ерларда 12–15 марта суғорилади. Сизот суви чуқур жойлашган ерларда ҳосил етилгунча ҳар 8–12 кунда, ҳосил ёппасига пишганда эса 5–7 кунда суғорилади. Куз бошлангандан кейин экин камроқ суғорилади. Помидор қийғос пишганда ёрилиб кетмаслиги учун навбатдаги ҳосил териб олингандан кейин сув берилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Агротехник тадбирлар алмашлаб экишни қўллаш, ўсимлик қолдиқларини йўқотиш, бегона ўтлар ва зараркунандаларга қарши курашиш; вирус касаллигига чидамли помидор навларини экишдан иборат. Уруғни экишга тайёрлашда мажбурий тадбирлардан бири уларни вирусли ва бактериал касалликлардан холи қилишдирУруғ экишдан олдин вирус касалликларига қарши 48 соат давомида 50–52 оС ва 24 соат 80 оС қиздирилади, кейин 3 минут 5 фоизли шўр сувда сараланади.

Иссиқхоналарда оққанот тарқалишига йўл қўймаслик, алмашлаб экишни қўллаш, ерни чуқур ҳайдаш ва бошқа технологик чораларни ўз вақтида қўллаш зарур.

Биологик усулда кузги тунлам ва ғўза тунлами тухумига қарши трихограммма (ҳар бир авлодга 1 г. дан 3 марта); қуртларига қарши (бракон 100 дона), сўрувчи зараркунандаларга қарши олтинкўз, оққанотга қарши энкарзия, макролофис энтомофаглари қўлланилади. Занг канага қарши олтинкўз энтомофаги яхши самара беради.

Помидорда асосий зараркунандаларидан шира, оққанот, трипс, занг канага қарши 10 сотихга Перфекто 17,5 сус.к. (20-30 мл), Каратэ 5% эм.к., Моспилан 20% н.кук. (25–30 г) ва ғўза тунламга Аваунт 15% эм.к. (40 мл), Тайшин с.д.г. (10–12 г) препаратлари қўлланилади.

Касалликлардан меваларнинг учидан чириши, бактериал қора доғ, фитофтороза, ун шудринг, фузариоз ва вертициллиоз сўлиш, мозаика, столбур учрайди. Ун шудрингга қарши Лотос 10 % эм.к (30 мл, 10 сотих майдонга), фитофтороз, альтернариозга  Курзат Р н.кук. (200–250 г), Прокуре 77,2% с.э.к. (1 л/га) ёки 1 фоизли Бордо суюқлигини қўллаш мумкин. 60–70 литр сувда тайёрланган аралашма ишлатилади. Бу кимёвий препаратларни соҳа мутахассислари билан маслаҳатлашиб қўллаш зарур.

Ҳосилни йиғиштириш. Помидор мевалари поясида тўлиқ пишган, лекин ҳали қаттиқ бўлганда етилган ҳисобланади. Оч ёки тўқ қизил рангга кирган меваларни авайлаб, пояга шикаст етказмасдан синдириб олиш мумкин. Терилган помидорларни салқин жойга қўйиш лозим. Баъзида кўк помидорларни биринчи қаттиқ совуқ тушишидан олдин териб олиб, салқин нам жойда сақлашга қўйилади. Пишган помидор вақтида териб олинмаса поясидан оқиб тушади.

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!