Қанд лавлагини етиштиришда ўғитлаш тизимининг аҳамияти

Қанд лавлаги жуда маҳсулдор экин. Ҳосилдорлик 300 ц/га бўлганда 1 га 120 кг азот, 45-55 кг P2O5 ва 150-170 кг К2О ўзлаштиради. Қанд лавлаги 1 кг азот солинганда 35,7 кг, 1 кг фосфор 37,5 кг, калий 1 кг солинганда 18,8 кг қўшимча илдизмева ҳосилини беради (Найдин).

Ўғитларнинг самарадорлиги асосан алмашлаб экишларга, суғориш режимига, қўлланилган агротехник усулларнинг сифатига боғлиқ ҳолда ўзгаради. Ўртача 1 ц NPK ни қўллаш 15-20 ц илдизмева, 2-3 ц қўшимча қанд олишни таъминлайди. Суғориладиган ерларда 1 т чириган гўнг солиш 2-2,5 ц/га қўшимча илдизмева ҳосили беради. Органик ўғитлардан чириган гўнгни гектарига 30-40 т солиш юқори самара беради.

Асосий озиқа элементлари оптимал нисбатларда солинганда илдизмевадаги қанднинг миқдори 0,2-0,5 % ошади. Азотли ўғитлар тавсия этилганидан кўп солинганда илдизмевалардаги қанд миқдори 0,3-0,4 % камаяди. Фосфор қанд миқдорини 0,2-0,3 %, калий 0,3-0,6 % оширади. Шунинг учун фосфор илдизмеваларнинг технологик сифатларини яхшилайди, эрийдиган азот миқдорини камайтиради, шира сифатини оширади.

Ўғитлашда 20-40 т/га чириган гўнг, P90K60 кг/га тупроқни ҳайдаш олдидан солинади. Азотли ўғитларни 20 кг экиш билан, 90 кг/га биринчи сувдан, 90 кг/га иккинчи сувдан олдин берилади.

Суғориладиган ерларда гектарига N 200 P160 k120 кг солинганда Қозоғистон шароитида тупроқ намлиги ЧДНС 80 % ушланганда илдизмева ҳосилдорлиги 547 ц/га, қанд миқдори 15,7 %, 1 гектардан қанднинг чиқиши 85 ц га етган. 1 т маҳсулот етиштириш учун сув сарфи 119 дан 93 м3 га камайган.

Асосий ўғитлаш ерни шудгорлашдан олдин берилади ва улар 3-4 жуфт баргларнинг ҳосил бўлишидан ҳосилни йиғиштиришгача ўсимликнинг озиқланишини таъминлайди.

Қаторларга ўғит солиш экиш билан ўтказилади ва уруққа нисбатан 3-4 см чуқурликка ва шундай масофада ён томонидан солинади. Қаторлаб ўғитлаш ўсимликнинг дастлабки даврларида озиқланишини таъминлайди. Шунинг учун қаторлаб ўғитлашда енгил ўзлаштириладиган ўғитлар солинади.

Озиқлантириш ўсимликнинг ўсиши ва ривожланиши даврида озиқланишини таъминлайди.

Азотли ўғитлардан аммиакли селитра, мочевина, фосфорли ўғитлардан аммофос, гранулаланган суперфосфат, юқори самара беради. Калийли ўғитлардан калий хлорид яхши натижа беради.

Микроўғитлардан бор, марганец ва мис юқори самара беради. Бор гектарига 1,5 кг бор достолит уни сифатида 75-100 кг, мис купороси 2025 кг солинади. Таркибида мис бўлган ўғитлар ҳар 4-5 йилда солиниши тавсия этилади.

Марганецли ўғит марганец шлами сифатида 3-4 ц/га ерни ҳайдаш олдидан солинади.

Ўсимлик ривожланишининг дастлабки фазаларида 1 ц/га нитрофоска билан озиқланитириш яхши натижа беради (34 ц/га).