Қашқадарёдаги кластер фаолияти тугатилди…ми?

Бугунги кунда бутун дунё глобал инқироз ва пандемия таъсиридан чиқиш ва унинг оқибатларини юмшатиш билан курашаётган бир пайтда мамлакатимизда ҳам иқтисодий барқарорликни таъминлаш борасида зарур чоралар кўрилмоқда. Қолаверса, Юртбошимиз томонидан соҳада бозор механизмларини ва рақобатни кенг жорий этиш қўллаб-қувватланиб, барча имкониятлар яратилмоқда. Давлатимиз раҳбари бу синовли вазиятда қишлоқ хўжалигида кластерлар, кооперациялар, фермерлар олдига катта масъулиятли вазифаларни қўймоқда. Албатта, бугунги вазият ҳар бир кластер раҳбари, фермер ва миришкорлардан ўзишига астойдил ва масъулият билан ёндашиш, ҳамжиҳатликда, виждонан фаолият олиб бориш зарурлигини тақозо этади.

Аммо, бугунги мураккаб вазиятда ўз ишига лоқайдлик ва масъулиятсизлик билан қараётган кластерлар ҳам мавжудлиги ачинарли ҳол.

Жумладан, жорий йил ҳосилидан бошлаб, Қарши туманидаги фермер хўжаликлари ҳамкорлик қилишни хоҳламаётган “Sulton tex group” хусусий корхонаси томонидан ташкил этилган пахта-тўқимачилик кластери фаолиятида бир қатор камчиликлар кузатилгани киши дилини хира қилади.

Масалага янада яқинроқ ёндашишдан аввал, таъкидлаш жоизки, “Sulton tex group” корхонасининг фаолияти тўхтатилгани йўқ. Корхона пахта толаси ва чигитини тўғридан-тўғри биржа орқали сотиб олиб, ип йигирув, трикотаж-мато, тайёр кийим-кечак тикувчилик фабрикалари ҳамда ёғ ишлаб чиқариш заводи фаолиятини юритиши мумкин.

Асосийси, туманда фермер хўжаликлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартдаги ПҚ-4633-сон “Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган имкониятдан фойдаланиб, пахтачиликда кооперацияга бирлашиб, фаолият юритишни лозим деб топишган.

Пахтачилик кластери ишлаган даврда давлат томонидан ажратилган имтиёзли кредитлар “Sulton tex group” корхонаси орқали фермерларга берилган бўлса, кооперация иш олиб борганда эса маблағлар тўғридан-тўғри фермер хўжаликларига ажратилади.

Хўш, мазкур пахтачилик кластери аслида қандай фаолият юритган? Масалага чуқурроқ ёндашсак.

Таъкидлаш керакки, “Султон текс гроуп” ХК пахтачилик кластери фаолият юритган даврда Қарши туманида пахта етиштиришда ҳосилдорлик паст бўлган ва бунга корхона томонидан йўл қўйилган бир қатор камчиликлар сабаб бўлган. Жумладан:

Биринчидан, 2019 йил зарарли ҳашаротлар кўпайганлигига қарамасдан “Sulton tex group” хусусий корхонаси томонидан вегетация даврида зарарли ҳашоратларга қарши талаб қилинадиган кимёвий воситалар фермер хўжаликларига ўз вақтида етказиб берилмаганлиги оқибатида ғўзада ҳосил тўплаш фазасида 28-33 кунга кечикиш ҳолати кузатилган.

Иккинчидан, фермерлар томонидан ҳосилдорликни ошириш бўйича агротехник тадбирларни ўтказишга етарли миқдорда маблағ билан таъминланмаган ҳамда етарли шарт-шароитлар яратилмаган.Хусусан, ғўза қатор орасини культивация қилиш 2 маротабага кам бажарилган, пахтани чилпиш, суғориш, бегона ўтлардан тозалаш ишлари ўз вақтида амалга оширилмаган, механизатор ҳамда сувчиларга иш хақларини ўз вақтида берилмаган.

Учинчидан, корхона томонидан фермер хўжаликлари томонидан етказиб берилган пахтани паст сортларга қабул қилиниб, асоссиз равишда чегирмалар қўлланилиши фермерларнинг жиддий эътирозига, етиштирилган ҳосилни далада қолиб кетишига сабаб бўлган ҳамда пахта етиштиирувчилар иқтисодига салбий таъсир кўрсатган. Туманда пахтачилик соҳасида кўп йиллардан буён ишлаган тажрибали мутахассислар ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарлари томонидан худудлардаги қолдиқ пахта ҳосили тахлил қилинганда ўртача 4,5-5,0 центнер терилмаган ҳосил мавжудлиги аниқланган.

– 1978 йилдан буён пахта қабул қилиш заводида мутахассис бўлганман, – дейди Шомурод Султонов. – 2019 йилгидек сифатли ва тоза пахта қабул қилинмаган. Пахта топширишнинг биринчи кунидан бошлаб, искидка олинди. Пахта сорти паст деб қабул қилинмади. Агар бу йил ҳам Султонтекс билан ишласак, бутун бир туманнинг қишлоқ хўжалиги хароб бўлади.

– 2019 йилда раҳбарлигимдаги “Нафиса Муниса Эъзоза” фермер хўжалиги ва «Sulton tex group» хусусий корхонаси билан 35,9 гектар майдонда 111 тонна 300 кг пахта шартномаси тузилган, – дейди “Нафиса Муниса Эъзоза” фермер хўжалиги раиси Нафиса Кенжаева. – Шу йили чигит экишга қадар бўлган барча ишларни амалга оширдим. Шундай бўлсада кластер менга чигит ажратмади. 1 апрель куни Нурбек Эргашевга ҳолат юзасидан мурожаат қилиб, қабулига бордим. Кластер раҳбари сиз билан ҳеч қандай шартнома тузилмагани учун чигит ажратилмаётганлини айтди. Шартномани кўрсатсам ҳам, унинг ёнида туман қишлоқ хўжалиги бошқармаси шартнома бўлими бошлиғи Ориф Бахтиёров билан телефон орқали Н.Эргашевга эшиттириб суҳбатлашиб, у шартнома тузилганини айтсада, “мени қизиқтирмайди, сиз билан ишламайман, тамом қайерга борсангиз боринг, ўша ерга ҳеч нима экилмайди, сиз ҳам экмайсиз дея мени чиқариб юборди”. Натижада тайёрланган ерга чигит экилмай қолди.

Юқорида келтирилган муаммолар бўйича “Sulton tex group” хусусий корхонаси пахтачилик кластери фаолиятидан норозилигини билдириб, тумандаги бир гуруҳ фермерлар томонидан 2019 йил 26 ноябрда Вазирлар Маҳкамасига шикоят аризаси ёзилган.

Мазкур ариза бўйича тегишли вазирлик ва идораларнинг мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи ташкил этилиб, ариза муаллифлари ва “Sulton tex group” хусусий корхонасининг ҳодимлари (юристи – Э.Пардаев, ҳисобчи ёрдамчиси – А.Искандаров) иштирокида 2019 йил 28 ноябрда муҳокама этилган.

Муҳокама жараёнида “Sulton tex group” хусусий корхонасининг ходимлари фермерларларнинг эътирозлари хақли эканлигини билдиришган.

Халқимизда “Суймаганга суйкалма-қадринг кетади”, деган доно мақол бор. Демакки, Қарши туманидаги фермер хўжаликлари “Sulton tex group” хусусий корхонаси билан хамкорликда ишлашни хоҳламас экан, корхона ўз фаолиятини биржадан хом ашё сотиб олиб давом эттириши мумкин.

Бу борада маҳаллий ҳокимият корхонанинг маҳсулотни чуқур қайта ишлашни янада ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширилишига эътироз билдирмайди.

Шунингдек, корхонада мавжуд қишлоқ хўжалиги техникалари ва агрегатлари билан шартнома асосида техник хизмат кўрсатишни йўлга қўйишига ҳеч қандай тўсқинлик йўқ.

Манба: Вилоят фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари Кенгаши ахбороти. agro.uz