ҚАТИҚ ИЧИНГ, ҚАРИМАЙСИЗ!

Олимлар инсон танасининг қариши сабабларини шундай изоҳлайди: тана ҳамиша токсинларга қарши курашади ва бу пайтда ингичка ичакда зарарли микроблар кўпаяди. Айни шу жараён тананинг қаришини келтириб чиқаради. Буни қарангки, оддий қатиқ токсинларни нейтраллаштирар экан.

Шу боис, антибиотик билан даволаниш жараёнида қатиқ ичиш ичак микрофлорасини яхшилаб, организмнинг иммун тизимини мустаҳкамлайди. Ичаклардаги фойдали бакте­рия­ларни тиклашда ёрдам беради. Шунингдек, организмнинг зaрарли микроб ва бактерияларга қарши кучини оширади. Бу вазифаларни қатиқ таркибидаги сутли нордон замбуруғ, лактобацил ва бифидобактериялар бажаради. Қатиқ таркибидаги оқсил, минерал туз ва бир қанча витаминлар инсон танасини кўплаб касалликлардан ҳимоялайди.

Аммо жигар касаллиги, овқатдан заҳарланган беморлар сут маҳсулотларини шифокор маслаҳати билангина истеъмол қилиши лозим. Боиси, ушбу хасталиклар даврида қатиқ дам ҳосил бўлишига шароит яратиши мумкин.

Сутнинг ёғлилиги қанчалик юқори бўлса, ундан мазали ва тўйимли қатиқ ҳосил бўлади. Шунингдек, сутнинг меъдада ҳазм бўлиш даражаси 30 фоиз, қатиқнинг сўрилиши эса 90 фоизни ташкил этади.

Қатиқ тананинг иммун тизимини тикловчи, руҳий зўриқиш ҳамда уйқу бузилиши ҳолатларининг олдини олишда асосий воситадир. Шу билан бирга, ичаклардаги ортиқча хилтларни ювиб туширади. Доимий равишда қатиқ ичиб юриш натижасида асаб тизими яхшиланиб, чарчоқ ёзилади.

Уйқуга ётишдан олдин бир стакан қатиқ ёки сут ичиш хотиржамлик гаровидир. Доимий равишда қатиқ ичиб юрувчиларнинг танасига саратон хас­талиги яқин йўламас экан.

Яна болаларда учрайдиган бир қанча инфекцион касалликларнинг олдини олишда ва иштаҳа йўқолганда қатиқ ичиш лозим.

Қатиқ таркибида бўлажак она организми учун зарур бўлган дармондорилар мавжуд бўлиб, булардан 12 хил дармондори ва асосийси А, Д дармондориси она ва бола саломатлиги учун ниҳоятда муҳим саналади.

М.БОБОМУҲАММЕДОВА тайёрлади.

qishloqhayoti.uz

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!