Қайдасан асалим?

9

Асал еб туринглар, зеро у минг дардга даводир.
(Ҳадисдан)

 

Табиийки, Асални биласиз. Бир неча бор излаган бўлса­нгиз ҳам керак. Ўшанда уни топганмисиз-йўқми, бу бизга ноаён. Топганингиз ҳам тоза асал бўлганми-йўқми, бундан ҳам бехабармиз. Охирги йилларда «АСАЛ» дейилса, шубҳа билан қараш урфга кириб қолди. Албатта, бу бекорга эмас.

Анча йиллар олдин Ҳожибой Тожибоев ҳам асал ва асаларичиларни ҳажв қилган эди: «Ўн беш-йигирма йилдирки болаларимиз асал ялагани йўқ. Чунки асалнинг ўзи йўқ-да! Асал шунақа бўлар экан-да, деб шакар қиёмини еяверишади» қабилида гап қилганди. Албатта, сўз устасининг гапи қизиқчиликка хос бўлган лофдан ҳам холи эмас.

Уч минг йиллик асал

Миср фиръавни Тутанхамон хилхонасидан асал солинган идиш топилади. Аниқланишича, орадан уч минг йил ўтса ҳамки, асал бузилмаган ва ўз хусусиятларини йўқотмаган экан. Бу — хал­қимиз орасида тез-тез эсланадиган «Асал айнимас,..» деган нақл­нинг яққол исботи. Илмда туркий халқлар аждодлари деб қараладиган скифларда давлат арбоблари вафот этгач, мумлаб қўйилган. Яна тарихий китобларда айтиладики, Александр Македонский вафот этгач, танасига асал сурилган (узоқ муддат бузилишдан сақлаш учун), сўнгра ўз юртига олиб кетилган.

Юқоридаги маълумотлардан кўриниб турибдики, одамлар минг-минг йиллар олдин ҳам асал хусусиятлари ҳақида жуда яхши билишган. Испаниядаги Аран ғоридан топилган археологик топилмалар эса миллоддан аввалги 10-5 минг йилликларда одамлар асаларичилик билан шуғулланганини исботлайди. Қадимги дунёнинг машҳур табиблари ва ўрта асрларда яшаб ўтган таниқли табиблар ҳам асалнинг шифобахшлигини, бу жиҳатдан унга тенг келадиган бошқа доривор топиш мушкуллигини эътироф этишган.

Асал ўзи нима?

Асал — асалари ишлаб чиқарадиган асосий маҳсулотдир. Ишчи арилар табиатдаги шираларни йиғиб келиб, қайта ишлаш йўли билан асалга айлантиради. Бу жараёнда сахароза ўзгаришга учраб, фруктоза ва глюкоза ҳосил қилади. Кимё илмига оид адабиётларда асал таркибидаги бу икки модданинг нисбати қарийб тенглиги айтилган.

Асал — «жониворлар вужуди таркибидаги асосий моддалардан бўлмиш рибозни ўз ичига олган ягона озуқа моддаси, микроб тушмайдиган бирдан бир егулик» («Илоҳий мўъжизалар» китоби). Асал қарийб 100% организмга сўрилади ва унинг 1 килограмида 3200 калория қувват бор.

Асалда 300 дан зиёд модда мавжудлиги аниқланган: органик кислоталар, уларнинг тузлари, углеводлар, витаминлар, гармонлар, ферментлар, эфир ёғи… «Асал хосиятлари» китобида ёзилишича, унинг таркиби 32% глюкоза, 2% сахароза, 36% фруктоза, 8% малтоза, 20% сув, 2% минерал тузлардан иборат. Ўзбекистон миллий энтсиклопедиясида асалда 80% дан кўпроқ углеводлар (глюкоза, фруктоза) борлиги айтилган. М. Абдулхаэва ва
Ў. Мардоновларнинг «Кимё» китобида ҳам «асалда бир вақтнинг ўзида глюкоза ва фруктоза 80%»ни ташкил этиши қайд этилган.

Албатта, барча асалнинг таркиби бир хил бўлмайди. Турига кўра кимёвий таркиби ҳам фарқланади. Бу ўринда асал қайси ўсимликдан олингани ва ўша ўсимликнинг кимёвий таркиби ҳам аҳамиятлидир.

«Одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат»

Қуръони каримнинг Нахл сурасида асалга шундай таъриф берилади. Асалнинг шифобахшлиги қадим-қадимлардан ҳам яхши маълум. Қадимги Миср табобатида асал ва мумдан шифо учун фойдаланишнинг 500 дан ортиқ ретсепти бўлганлиги ҳақида бизгача маълумотлар етиб келган. Ибн Сино асалнинг бошқа бир қатор шифобахш хосиятлари билан бирга тинчлантирувчи хусусиятини алоҳида таъкидлаб ўтган.

Ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб тиббиётда асал билан даволаш усуллари — апитерапия шаклланди. Асалнинг бошқа даво воситалардан асосий фарқи шундаки, у комплекс таъсир қилади. Меъёр унутилмаса, заррача ҳам салбий таъсир кўрсатмайди.

Кунлик меъёр

Тоза асал аллергия қўзғамайди, организмни ёш ва соғлом сақлайди. Бизда асосан қишда асал ейилади (иссиқлик бўлгани учун). «Илик узилар пайт» ҳисобланган кўкламда ҳам асал истеъмол қилиш организмдаги витаминлар танқислигининг олдини олади, иммунитетни оширади. Тиббиётда 45 ёшдан ўтгач, ҳар куни асал истеъмол қилиб туриш тавсия этилади. Шифобахш­лик жиҳатидан тўқ рангли асал оч рангли асалдан афзалроқдир. Шунингдек, асал билан даволанишда қайси ўсимликдан олингани ва ўша ўсимликнинг шифобахшлик хусусиятлари ҳам инобатга олинса, кўзланган натижага янада тезроқ эришиш мумкин. Энг қизиғи шундаки, асал озишда ҳам, семиришда ҳам бирдай ёрдам берар экан…

Асалнинг шифобахш хусусиятлари, албатта, шулар билан тугамайди. Бу борада ҳурматли ўқувчилар биздан кўра кўпроқ маълумотга эга бўлсалар ҳам керак. Чунки асал халқимиз орасида даво воситаси сифатида жуда машҳур. Шунинг учун бу ҳақда ортиқча тўхталмаймиз.

Асал турлари

«…Табиатдан олиниш манбаига кўра гул (нектар) асали ва шира (ўсимлик барглари ва поя­ларидан ажраладиган шира) асалига бўлинади» (ЎзМE). Халқ орасида эса асал асосан тоғ асали ва чўл асалига ажратилиб фарқ­ланади. Одатда тоғ асали юқори сифатли ҳисобланади ва нархи ҳам шунга яраша бўлади; Ўзган асали, Зомин асали, Чим­ён асали каби жой номлари билан аталади. Чўл асали эса бироз бошқачароқ таснифланади, яъни одатда нимадан олинган бўлса, ўша ўсимлик оти билан номланади: пахта асали, кунгабоқар асали, беда асали каби. Дашт ҳудудларидан олинган асаллар ҳам аксар ҳолларда чўл асали билан бир гуруҳда саналади, нархи орасида ҳам фарқ унчалик катта бўлмайди. Лекин сифати, айниқса, шифобахшлиги борасида даштдан олинган асал жуда тоғ асалидай бўлолмаса ҳам, ундан қолишмайди. Хусусан, ковул асали, оққурай асали ва бошқа дашт ўсимликларидан олинадиган асаллар ҳам жуда шифобахш ва хуштаъмдир. Фақат ранги оч бўлади ва бир турли ўсимликлардан олинганлиги учун таркиби тоғ асаличалик бой бўлмайди. Тоғ асали турфа хил доривор гиёҳлар гулидан йиғилганидан ранги тўқ (кўпинча тиллоранг) бўлади ва алоҳида хушбўй ҳид таратиб туради. Таркиби ҳам шунга яраша бой, табиийки, шифобахшлиги-да бошқаларига қараганда юқоридир. Табиатдан олиниш манбаи турли-туман бўлгани сабабли тоғ асали одатда алоҳида ўсимлик номлари билан сифатланмайди.

Умуман олганда, асал турларининг юқоридаги ва бошқа манбаларда берилган таснифлари ҳам нисбийдир. Чунки бир ўсимлик турли минтақа (тоғ, чўл, дашт)­да ўсиши ҳам мумкин. Шунингдек, бир неча ўсимликлардан олинган асаллар табиий равишда аралаш ҳолда ҳам учрайди. Масалан, ғўза ва кунгабоқар асали ва ҳ. Тоғ ва чўл асали аралашмасидан иборат асал ҳам бўлади… Ва бунинг бошқа сабаблари ҳам бор. Ҳарҳолда бизда энг кенг тарқалган асалларни юқоридаги тасниф бўйича фарқласа бўлади. Қолаверса, мақола кўпроқ тажриба ва кузатишлар асосига қурилгани учун мутлақ илмийлик талаб қилмайди.

Асалари бўлишга уринишлар

Мана, одамзод ХХИ асрга келиб, ҳатто сунъий одам яратяпти. Одамни клонлаш қўлидан келган инсоният негадир сунъий асал тайёрлай олмаяпти. Бунга уринишлар бўлмаган дейсизми? Аслият бўлган жойда, албатта, сохтагарчилик ҳам бўлганидек, асаларисиз асал ишлаб чиқаришга ҳаракатлар анча илгаридан бери давом этиб келмоқда. Натижа эса… натижа эса бир гуруҳ қавмдошларини алдашдан нари ўтишга ярамаяпти. Айрим бозорларда ва йўл бўйларида сотилаётган баъзи асалларга асалдан бошқа нарсалар ҳам қўшиш ҳоллари кўп учрайди (Пойтахтимиз бозорларида тоза асал кўп, лекин ҳаммасининг сифатига кафолат бериб бўлмайди). Бундай «асал»лар таркибида умуман асал бўлмаслиги эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Ҳаёт қизиқ-да, баъзан шундай воқеалар ҳам бўладики, ҳайратдан ёқангни ушлашга мажбур бўласан: сохта асални доимий еб юрган одамлар ҳақиқий асалга дуч келса, уни тан олмаслиги ҳам мумкин. Биз бунга шахсий тажрибамизда кўп учраганмиз.

Сохта асал таркиби асосан шакардан иборатлиги ва ҳақиқий асалга ўхшатиш учун ҳар хил химикатлар ёки ёт нарсалар қўшилиши сабабли шифолиги у ёқда турсин, ҳатто соғлиққа зарар қилади. Аллергия қўзғаши, бир дардга минг дард қўшиши мумкин; қандли диабетни кучайтириши ва қон босимини ошириш ҳоллари ҳам учрайди. Агар фақат шакардан тайёрланган бўлса, бу ўз йўлига. Тоза асалнинг ҳам паст нархда сотилишини инкор қилмаган ҳолда айтиш керакки, сохта асалнинг биринчи белгиси жуда арзонлиги — қарийб шакар нархида эканлигидир.

Тоза асални қандай билиш мумкин?

Ибн Сино асал танлашда қу­йидагича тавсия беради: «Асалнинг энг яхшиси ширин мазали, ёқимли ҳидли, бироз ўткирлиги бор, қизғиш рангли ва суюқ бўлмай, узилмайдиган ёпишқоқ бўлганидир». Унга қўшимча қилиб, асалда ширинликдан таш­қари қўшимча ёқимли таъм ҳам бўлишини айтиш лозим. Қолаверса, асални ширин дея сифатлаш ҳам унчалик тўғри эмас, сал нордонроқ таъми бўлади ва димоғни қитиқлайди, қичиштиради. Асал сотиб олишда адашмаслик учун яна қуйидаги хусусиятларини ҳам билиб олиш зарар қилмайди.

Сифатни кўрсатувчи асосий белгилардан бири ҳид: тоза асалнинг ўзига хос, хушбўй ва ёқимли ҳиди бўлади. Айниқса, асал ҳиди қайнатилган сувда эритилганда алоҳида сезилади. Сохта асалнинг ҳиди қайнатилган шакар ёки хўрозқандни эслатади. Ҳозирда хушбўй ҳид бериш учун сохта асалларга ҳар хил ароматлар ҳам қўшилади.

Асал рангсиз, оч сариқ, қаймоқранг, тиниқ сариқ, тўқ сариқ, қизғиштоб, қизғиш, шунингдек, малламтир қаҳварангда ҳам бўлади. Умумеътироф этган меъёрларга кўра энг яхши асал очиқ олтин ранглисидир.

Тоза асал илиқроқ сувда эритилса, тиниқ бўлмайди — сал бўтанароқ бўлади.

Яхши ва меъёрида пишган асал қотиш жараёнида бир маромда кристаллашади, эришда ҳам. Бу хусусият кўпроқ тоғ асалига тегишли. Чўлда олинган асалнинг айримлари эса эриганда устки қисмидан эриб келади. Агар асал намлиги ва ҳарорати юқори бўлмаган жойда сақланса, қишда уни, Ҳожибой Тожибоэв айтганидек, ҳатто пичоқ билан кесиб олиш ҳам катта қийинчилик туғдиради. Сохта асал эса қишда ҳам қотмайди (ҳар хил воситалар билан қотирилиши ҳам мумкин). Умуман қишда суюқ асал сотиб олиш тавсия этилмайди. Чунки тоза асал эритилган тақдирда ҳам ўз шифобахшлигини йўқотади. Табиий хусусиятларини сақлаб қолиш учун эритиш вақти асал 60 С дан қизиб кетмаслиги керак. Глюкоза кристаллашувчанлик хусусиятига эга бўлганлиги учун чўл асали одатда тез қотади. Таркибида нисбатан фруктоза кўп бўлган тоғ асалида эса бу жараён секинроқ юз беради.

Табиий асал чойга солинса, тезда ёйилиб кетмайди. Шунингдек, бу хусусиятини қоғозга ёки шунга ўхшаш бирор нарсага томизиб ҳам текшириб кўрса бўлади.

Ҳақиқий ва сохта асал орасида турадиган яна бир тур асал борки, уни нима деб аташни ҳам билмайсан, киши. Мавсум мобайнида табиатда шира кам бўлса, асаларичилар асаларига шакарли сув беради. Асалари эса уни асалга айлантиради. Унда кам бўлса ҳам табиий асал хусусиятлари бўлади, лекин шифобахшлиги ҳақида унчалик қатъий кафолат бериб бўлмайди.

Доимий еб юрмаган одам учун, албатта, тоза асални сохтасидан ажратиб олиш осон эмас. Шунинг учун, асални фарқламасангиз, энг яхшиси, аниқ экспертизадан ўтганини ёки ишончли асаларичилардан харид қилганингиз маъқул. Айниқса, шифо учун бўлса…

Ҳасан ЖАББОРОВ, асаларичи,
Фаррух ЖАББОРОВ, журналист

Дўстларингизга ҳам улашинг!