Қишлоқда иш бор, фақат ҳафсала керак

Деҳқонобод тумани Оқработ қишлоғи мисолида

chorvachilik_160Деҳқонобод туманининг Сурхондарё вилояти билан чегарадош Оқработ қишлоғига йўл олмоқчи бўлганимизда, у ҳудуд жудаям олис дейишганди. Биласиз, автомобилга йўл писанд эмас,  кўз очиб юмгунча қир-адирликларда жойлашган қишлоқ жамоли ўзини кўз-кўз қила бошлади. Гарчи қиш пайтида кенгликлардаги ўт-ўланлар хасу чўпга айланган бўлса-да, барибир қишлоқда қандайдир кўрку тароват бордек эди. Кафтдек текис йўл жуда серқатнов, сал нарироқдаги  дарада замонавий қилиб қурилган темир йўл кўприги кўзга ташланиб турибди.

Оқработни Қашқадарёнинг дарвозасига қиёсласак, тўғри бўлади. Боиси,  қишлоқдан сал юрсангиз, Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани бошланади.  Қўшни вилоятнинг Шўроб ва Кўражин қишлоқлари аҳли билан оқработликлар ошна-оғайни, қуда-анда бўлиб кетишган. Тўйларида бир-бирини меҳмонга чақиришади. Дўмбира чалиб, достон айтишади.

Оқработ қишлоқ фуқаролар йиғини раиси вазифасини бажарувчи Ўрол Жумаев билан суҳбатимиз тез қовушди. У ҳамқишлоқлари ҳақида оғзидан бол томиб гапирди. Атрофи беадоқ қир-адирлар, арчазорлар билан қоп­ланган бу ҳудуд одамларининг асосий касб-кори чорвачилик бўлиб, лалми арпа, буғдой ва нўхат экишда ҳам бой тажриба тўплашган. Қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги Янги  қишлоқ, Чашмаи ҳофизон, Жинғил, Шамоликам, Темирали, Қўшбулоқ ва Оқработ қишлоқлари жуда тарқоқ бўлиб, уларнинг  орасидаги масофа 6-7, ҳатто 10 километргача.

Ўрол Жумаевдан фуқаролар йиғинида  олиб борилаётган ишлар ҳақида сўраганимизда, бироз мулзам тортди.  У киши фақат қишлоқ фуқаролар йиғинида  1295 оила истиқомат қилишини билар экан, холос. Лекин уларнинг неч­таси ёш оила экани ҳақида на Ўрол Жумаевда, на масъул котиб Алишер Бойтўраевда ҳеч қандай маълумот йўқ. Ўтган йилнинг бошида “Микрокредитбанк”дан вакиллар келиб, аҳоли билан учрашиб, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзли кредитлар ажратишган. Раис вазифасини бажарувчи ва масъул котиб ҳатто қайси банкдан вакиллар келганини ҳам эслай олишмади. Уларда кредит олган фуқаролар рўйхати ҳам йўқ. Қишлоқ фуқаролар йиғинидаги аҳоли қўлида тахминан 2000 бошга яқин қорамол бор, деб айтишди. Аммо қанчаси соғин сигир ва қанча сут соғиб олинаётгани ҳақида ҳеч қандай таҳлил олиб борилмаган. Қўй-эчкию парранда сони, қанча тухум олинаётгани ҳақида-ку, сўрамасаям бўлади.

Хўш, бу таҳлиллар нимага керак, деган савол туғилиши табиий. Бу саволга жавоб беришдан олдин бир жиҳатга эътибор қаратайлик. Қиш­лоқда яшаётган бир неча аёл билан мулоқот ўтказдик. Уларнинг деярли ҳаммаси давлатдан кам таъминланган оилаларга бериладиган нафақа олишда қийналаётганлигини айтишди. Оилаларнинг барчасида қўй-эчки, товуқ, ҳатто автомобиль бор. “Эрим ишсиз, ўзим касалмандман, ўғилларим ишламайди”, деган важларни кўрсатишади. Аслида ана шу хонадонлар, ҳақиқатан ҳам, кам таъминланганми, деган саволга қишлоқ фуқаролар йиғинидаги мутасаддилар аниқ жавоб бера олишмайди. Бунга эса, юқорида айтганимиздек, хонадонлардаги ҳақиқий аҳвол ўрганилмаганлиги сабаб бўляпти. Оилаларда қанча сигир, қанча қўй-эчки, ўрдагу товуқ мавжудлигини таҳлил қилишнинг зарурлигини шундан ҳам билиш мумкин.

Аҳолининг бир қисми қиру адирларда лалми нўхат етиштиришади. Ҳозирги кунда неча киши ана шундай тарзда меҳнат қилиб, қанча ҳосил олишмоқда, рўзғорига қанча даромад келяпти, бу тўғрисида ҳам фуқаролар йиғинида ҳеч қандай маълумот йўқ. “Менга нафақа берилмаяпти”, деб мурожаат қилаётган аёлнинг хонадонида балки 10-15 миллион сўмлик нўхат бордир. Ёки 30-40 бош қўй-эчкиси бордир. Ҳисоб олиб борилмаганидан кейин улар давлатдан нафақа сўрайверишади.

Аслида нафақа қандай оилаларга берилади? Қайси мезон асосида ажратилади? Бу саволларга аҳоли фуқаролар йиғини раҳбарларидан  тўлақонли жавоб олишмаган кўринади. Қиш­лоқлардаги бу каби муаммоларни бартараф этишда аҳоли, хусусан, хотин-қизларга  ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида вилоят аёллар маслаҳат маркази Деҳқонобод туманида кўчма қабулхона фаолиятини йўлга қўйган. Олий Мажлис ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти  асосидаги лойиҳа бўйича очилган кўчма қабулхона вакиллари мазкур қишлоқ хотин-қизлари билан ҳам мулоқот ўтказишди. Мулоқотларда юқорида айтиб ўтилган муаммолар кўпроқ тилга олинди. Сабаби, қишлоқ аёлларининг кўпчилиги  кам таъминланган оилаларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланишининг ҳуқуқий мезонларидан бехабар экан. Ўзини кам таъминланган оила сифатида кўрсатиш маърифатли, диёнатли кишига ярашмаслиги уларга обдон тушунтирилди.

Вилоят аёллар маслаҳат маркази ҳуқуқшуноси, лойиҳа вакили Ойсара Норсафарова оқработлик аёллар билан мулоқот ўтказар экан, бу қишлоқда  ҳуқуқий маслаҳатга ва тавсияларга зарурият жуда катта эканини таъкидлади. Ваҳоланки, олис қишлоқларда яшовчи аёлларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, дунёқарашини кенгайтиришнинг аҳамияти жуда катта. Чунки аёл она, унинг қўлида фарзанд­лар камолга етади. Фарзандларнинг қай даражада мукаммал билим ва салоҳиятга эга бўлиши оналарнинг ақл-идрокию зукколигига кўп жиҳатдан боғлиқ.

Қишлоқ кексаларидан бири Абдиқодир бобо Юсупов ибратли бир гапни айтди: “Қишлоқда илгари ҳунарманд­лар жуда кўп эди, уларнинг касб-корини бугунги ёшлар давом эттиришса, кам бўлишмайди”. Абдиқодир бобо аёли Момосулув момо қўлида сайқал топган кигизни бизга кўз-кўз қилди.

– Бугун қизларимиз жундан шундай чиройли кигиз босишни момоларидан ўрганишса, қанийди, – дейди отахон.

Суҳбатга  Момосулув момо қўшилади:

– Ҳар хонадонда қўй-эчки бор, жун мўл. Қадимий бу ҳунарни давом эттириш учун ёшларнинг бошини қовуштириш керак. Биз эса уларга ўргатишга тайёрмиз.

Қишлоқ фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Раъно опа Бойтўраева маҳаллий ҳунармандчиликнинг бошқа қирралари ҳақида гап очади.

– Хонадонларда гилам тўқиш анъанаси давом этмоқда, – дейди у. – Хусусан, тўйларда келин-куёвга атлас нусха гилам ҳадя қилиш урф бўлган. Бундан ташқари, хонадонларда аёллар ғажари гилам, тузма гилам ва тақир гилам тўқишяпти.  Чевар қизларимиз сафи кенгайиб боряпти. Гулшод Танг­риева, Гулсанам Ашурова, Меҳринисо Алматова ва Шарофат Ражабова қўлигул тикувчи бўлиб, қишлоқда ном қозонишган.

Қадимда буғдой ёғурчоқда янчилишидан хабардормиз. Шу қишлоқда яшовчи  Абди бобо Ўтаев қўлда ёғурчоқ айлантириб, ун олаётгани ҳақида эшитиб, отахонникига йўл олдик.

– Мана шу ёғурчоқда қадимда буғдойдан ун тортишган, – деди отахон ускунани қўл билан айлантирар экан. – Ҳозирги кунда ёрма тайёрлашда бу ускунадан фойдаланяпмиз. Ҳар куни тонгда унинг ёрдамида ун тортаман.  Шунинг учун ҳам ҳеч жойим оғримайди, доим тетик юраман. 7 нафар ўғлимни уйлантирганман, 7 нафар келиним бор. Уларнинг ҳаммаси атрофимда яшашади. Ҳар бир йигитнинг ҳунари бўлиши керак. Ҳунарли киши ҳаётда обрў эътибор топади. Фарзандларимга доим шундай маслаҳат бераман. Бировнинг қўлига қараб қолманглар, ўз ризқларингни ўзларинг топиб енглар, дейман. Қиламан деса қиш­лоқда иш кўп, фақат ҳафсала керак.

Оқработликлар билан хайрлашар эканмиз,  уларнинг юз-кўзида бугунги мулоқот ва юзма-юз суҳбатлардан мамнунлик зоҳир бўлганлигини кўриб, ўзим ҳам қувониб кетдим. Зеро, мулоқот барча эзгу ва хайрли ишларнинг дебочасидир.

Саид МУРОДОВ.

Biznes Daily «Менинг мулким – Частная собственность» иқтисодий газетаси