Қизил чўл зотли сигирларнинг лактацияларига боғлиқликдаги сут маҳсулдорлигининг динамикаси

Республикамиз аҳолисининг чорвачилик маҳсулотларига тобора ошиб бораётган талабини қондиришда қорамол зотларини ирсий жиҳатдан такомиллаштириб бориш, уларнинг маҳсулдорлигини турли омилларга боғлиқликда ўрганиш ва тўлиқ юзага чиқариш усулларини ишлаб чиқиш, юқори маҳсулдор подаларини барпо этиш, сермаҳсул сигирларнинг янги оилаларини яратиш ва улар бўйича урчитишни
йўлга қўйиш соҳани ривожлантиришда муҳим илмийамалий аҳамият касб этади.
Қизил чўл зотли қорамоллар республикамизда урчитиш учун районлаштирилган муҳим зотларимиздан бири бўлиб, бош сони жиҳатидан бошқа зотлар орасида иккинчи, сигирларининг сут маҳсулдорлиги бўйича учинчи ўринни эгаллайди. Бу зот қорамоллари қуруқ-иссиқ иқлим ва об-ҳавонинг совуқ, ёмғирли кунларига чидамли, айрим касалликларга иммунитети юқори, озуқа тақчиллигига бардошли, айниқса, аҳоли, деҳқон ва фермер хўжаликларида урчитишга қулай зот ҳисобланади.
Зот қорамоллари соф зотли урчитишда ва чатиштиришда бу зотга қариндош ҳамда келиб чиқиши умумий бўлган Германиянинг Англер ва Даниянинг Дания қизил зотлари наслдор буқаларининг уруғидан фойдаланиб сут миқдори, сутдаги ёғ, елин ва пуштдорлик хусусиятлари такомиллаштирилади.
Тадқиқотлар Бухоро вилоятининг Ромитан туманидаги “Шуҳрат” фермер хўжалиги қизил чўл зотли қорамолларининг наслчилик подасида ўтказилди. Сигирларнинг турли лактацияларида сут миқлори, сутдаги ёғ, сут ёғи чиқими, 4% ли сут, сутдорлик коэффициенти зоотехнияда умумий қабул қилинган усулларда ўрганилди. Сигирлар бераётган сут маҳсулдорлигини ва тирик вазнини ҳисобга олган ҳолда озиқлантирилди.
Талқиқот натижалари. Биз сигирларнинг турли лактацияларда сут маҳсулдорлигининг ўзгаришини ўргандик (1 жадвал).
1-жадвалдан кўринишича, лактациясидан қатъий назар, сигирлар яхши даражадаги сут маҳсулдорлигига эга бўлди. III ва ундан юқори лактациялардаги сигирларнинг сут миқдори I лактацияга нисбатан 1026,5 кг.га ёки 31,6% га кўпайди, сут ёғи чиқими 44,3 кг (32,3%), 4% ли сут 1105,9 кг.га (32,3%) ошди.
Сигирларнинг I лактацияда сут миқдори қизил чўл зотининг андоза талабларидан 1056,4 кг ( 48,8%), III ва ундан юқори лактацияларда 1318,9 кг (42,5%) юқори бўлганлиги аниқланди. Биз селекция гуруҳидаги сигирларнинг сут маҳсулдорлигини ўргандик (1-расм).

“Шуҳрат” корамолчилик наслчилик фермер хўжалиги подасидаги қизил чўл зотли сигирларни озиқлантириш жараёни.
Тадқиқотларда селекция гуруҳига ажратилган сигирлар юқори даражадаги сут маҳсулдорлигига эга бўлганлиги аниқланди. “Насл ўзаги”га ажратилган сигирларнинг сут миқдори III ва ундан юқори лактациялардаги сигирларнинг сут миқдоридан 642,3 кг юқори, зотнинг андоза талабларидан 1961,2 кг, сутдаги ёғ 0,48%, “буқа етиштирувчи гуруҳ”да бу кўрсаткичлар 2775,4 кг. ва 0,52% юқори бўлди.
Селекция гуруҳидаги сигирларнинг сутдорлик коэффициенти уларнинг сут типига эга бўлганлигини кўрсатди.
Бу маълумотлар селекция гуруҳидаги сигирларнинг сут маҳсулдорлиги бўйича ирсий салоҳияти юқори эканлигидан далолат беради.
Биз III ва ундан юқори лактациялардаги сигирларнинг сут маҳсулдорлигини туғишидаги йил фаслларига боғлиқликда ўргандик (2-жадвал).
2-жадвал маълумотлари таҳлилининг кўрсатишича, қизил чўл зотли сигирларда энг юқори сут миқдори қиш фаслида туққанда кузатилди ва уларнинг сут миқдори
баҳор фаслида туққан тенгқурлариникидан 122 кг., ёз фаслида туққан сигирларникидан 541 кг. (Р>0,999) ва кузда туққан тенгқурлариникидан 350 кг. (Р>0,99) юқори бўлганлиги аниқланди ҳамда қиш фаслида туққан сигир-
ларнинг сут ёғи чиқими ушбу фаслларда туққан сигирларникидан тегишли равишда 6,9; 32,1 ва 18,3 кг. (Р>0,99), 4% ли сут миқдори 171; 802 ва 459 кг. (Р>0,999) юқори
бўлганлиги қайд этилди. Барча фаслларда туққан сигирларнинг сутдорлик коэффициенти уларнинг сут типига хослигини кўрсатди. Туғишидаги йил фаслларидан катъий, назар қизил чўл зотли сигирларнинг сут миқдори ушбу зотнинг андоза талабларидан 878-1419 кг (28,3-45,8%) юқори бўлди, шунингдек сут таркибидаги ёғ ва сут ёғи чиқими ҳам сезиларли даражада андоза талабларидан юқори
бўлганлиги сигирларнинг насл қиймати юқорилигидан далолат беради.
Хулосалар: 1. Қизил чўл зотли сигирлар лактациясидан қатъий назар, яхши даражадаги сут маҳсулдорлигига эга бўлди. III ва ундан юқори лактациялардаги сигирларнинг сут миқдори I лактацияга нисбатан 1026, 5 кг.га ёки 31,6%-га кўпайди, сут ёғи чиқими 44,3 кг (32,3%), 4%. ли сут 1105,9 кг.га (32,3%) ошди.
2. Тадқиқотларда юқори сут миқдори қиш фаслда туққан сигирларда аниқланди ва уларнинг сут миқдори баҳор фаслида туққан тенгқурлариникидан 122 кг., ёз
фаслида туққан сигирларникидан 541 кг. (Р>0,999) ҳамда кузда туққан сигирларникидан 350 кг. (Р>0,99) юқори бўлганлиги қайд этилди, шунингдек, қиш
фаслида туққан сигирларнинг сут ёғи чиқими тегишли равишда 6,9; 32,1 ва 18,3 кг. (Р>0,99), 4%. ли сут миқдори 171; 802 ва 459 кг. (Р>0,999) ошганлиги юзага чиқди. Барча фаслларда туққан сигирларнинг сутдорлик коэффициенти уларнинг сут
типига мамансуб бўлганлигини кўрсатди.

Мурадилла АШИРОВ, профессор, Шароф АТОЕВ, хўжалик раҳбари, Бегзод ШАРИПОВ,
Фаёзиддин БАҲРИДДИНОВ, Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти докторантлари, Ўткир ЭШҚОБИЛОВ, ТошДАУ таянч докторанти.

Манба: «AGRO ILM» журнали 2021 йил, 1-илова (71)-сон