Қовоқ етиштириш технологияси

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Испанская–73, Кашгарская–1644, Палов каду–268.

Уруғ танлаш. Экиладиган қовоқ уруғи тоза, юқори унувчан, касаллик юқмаган, ўртача катталикда, бутун бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади.

Ер тайёрлаш. Қовоқ етиштиришда ерни экишга тайёрлаш кейинги барча технологик чора-тадбирларни яхши наф беришини таъминловчи муҳим шартдир. Кузда 35 см чуқурликкача ер шудгор қилинади. Ерни шудгорлашдан олдидан минерал ва органик ўғитлар берилади. Баҳорда тупроқда намни сақлаб қолиш учун ерга узун тишли хаскаш ёрдамида ишлов берилади. Қовоқ экини эрта муддатларда экилганда ерни баҳорда қайта шудгорлашнинг ҳожати йўқ. Экинлар кечки муддатларда экилганда ерни қайта шудгорлаш зарур. Бунда тупроқни ағдармасдан туриб, 22 см чуқурликда чопиб чиқилади.

Экиш муддати ва схемаси. Қовоқ уруғининг униб чиқиши экиш муддатини тўғри белгилашга боғлиқдир. Жанубий вилоятларда 15 апрельгача, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 20 апрельгача, шимолий минтақаларда 30 апрельгача экилади. Қовоқ уруғини ер ҳарорати 14–15 °С га етганда экишга киришилади.

Қовоқ экиш учун қатор оралари 360 сантиметрли кенг эгат олинади. Бундай эгатлар қовоқ палакларини яхши таралишига имкон беради. Уруғлар 3–6 см чуқурликка экилади ва ҳар 1 сотих ерга 50–60 г уруғ сарфланади.

Парваришлаш ўсимликларни яганалаш, тупроқни юмшатиш, экинни озиқлантириш, чопиқ қилиш, суғориш, палакларни тўғирлаш, бегона ўтлар ва зараркунандаларга қарши курашишни ўз ичига олади. Яганалаш икки босқичда – биринчиси ўсимлик чинбарг чиқарганда, иккинчиси биринчи чопиқ вақтида ўтказилади. Ниҳоллар ялпи униб чиқиши билан қатор ораларини юмшатишга киришилади. Ниҳоллар униб чиққач         20–25 кун ўтказилиб, 2–3 чинбарг пайдо бўлганидан кейин экин биринчи марта чопиқ қилинади, дастлабки сув берилиб, озиқлантирилади. Иккинчи чопиқ биринчисидан 25–30 кундан кейин ўтказилади. Ўсув даврида қатор оралари 4–5 марта чопиқ қилинади.

Ўғитлаш. Қовоқ учун 1 сотихга тук ҳолда 0,750 г азотли, 0,750 г фосфорли ва 0,500 г калийли, органик ўғитлардан 300–400 кг солинади. Қовоқнинг ўсув даври мобайнида тупроқ намлигини суғориш олдидан энг кам нам сиғимига нисбатан 75–80% сақлаш талаб қилинади. Экинга 1 сотихга 4–5 м3/га меъёрда 5–6 марта сув бериб, тупроқнинг шу даражада нам бўлишига эришилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш. Касалликлари: илдиз чириш, фузариоз сўлиш, ун шудринг.

Зараркунандалари: полиз бити (шираси), ўргимчаккана, оққанот. Кимёвий усул: зараркунандаларга 10 сотихга – Моспилан 20% н.кук. (25–30 г), касалликларга – Проксанил 45 % сус.к.(150 мл), Курзат Р н.кук. (200–250 г) ёки 1 фоизли Бордо суюқлигини қўллаш мумкин. Кимёвий препаратлар 60–70 литр сувга тайёрланган аралашма пуркалади.

Ҳосилни йиғиштириш. Қовоқ мевалари кеч кузда бир марта йиғиштириб олинади.

Манба: mehnat.uz

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!