Қўзиқориннинг хусусиятлари 1-мақола

Кўклам одатдагидан серёғин келса, ёмғирнинг кўп ёғиши, момогулдурак, чақмоқ чақиши – қир-адирларда, яйловларда чорва ризқи мўл бўлишию қўзиқоринлар мавсумининг авжидан дарак беради.

Маълумки, табиатда замбуруғларнинг 100 мингдан ортиқ тури учрайди. Қўзиқоринлар ҳам шулардан бири. Айтишларича, замбуруғлар ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсининг оралиғида бўлган алоҳида гуруҳ ҳисобланар экан. Яъни, замбуруғлар на ўсимлик, на ҳайвон.

Юртимизда қалпоқчали замбуруғларнинг 200 дан зиёд тури мавжуд бўлиб, улардан 150 дан зиёд ботаник тури заҳарли, атиги 25 туригина истеъмол учун яроқли ҳисобланади.Замбуруғларнинг еса бўладиган ана шу турларини “қўзиқорин” деб атаймиз. Сутга тўйган қўзичоқнинг қорнига ўхшагани учун шундай ном берилган бўлса керак-да.

Айримлар “қўзиқорин калория жиҳатидан гўшдан ҳам юқори туради”, деб муболаға қиладилар. Бу бежизга эмас. Истеъмолга яроқли қўзиқоринлар маъданли моддалар, оқсил ҳамда “С” ва “В” гуруҳларига мансуб витаминларга жуда бойдир. Унинг энг асосий устунлиги оқсилнинг кони эканида: қўзиқоринда оқсил тухумдан 2, гўштдан 3 баробар кўп. Фосфор ва калций борасида балиқ қатори. Шу билан бирга, у жуда тўйимли бўлиб, озгина есангиз ҳам дарров қорнингиз тўйиб қолади. Қўзиқоринли таомлар билан бирга организм витамин, аминокислоталар, микроэлементларнинг катта миқдорини қабул қилади.

Мисол учун, хитин моддаси шлак ва оғир металларни ўзига сингдириб, уларни овқат ҳазм қилиш жараёнида организмдан чиқиб кетишида муҳим рол ўйнайди.

ПП витамини (никотин кислотаси, ниатсин) қон ҳосил бўлиш жараёнида муҳим рол ўйнаб, томирлар деворини мустаҳкамлайди. Бу витамин қўзиқоринда худди мол жигаридагидан ҳам қўпроқ.

Қўзиқоринлар қондаги ёмон холестерин миқдорини пасайтиради. У шунингдек, қандли диабет билан оғриган кишиларга фойдали.

Қўзиқоринлар хом сабзавотлар(бодринг, карам, помидор) билан келиша олмайди, бундай аралашма ошқозон бузилиши ва дам бўлишга олиб келади. Шу боис уни фақатгина пишган сабзавотлар билан бирга истеъмол қилган маъқул.

Қўзиқоринлар бир-бирига жуда ўхшашлиги сабаб, заҳарлиси билан истеъмолга яроқлисини фарқлаш қийин. Одамлар орасида заҳарли қўзиқоринлар сассиқ ҳидли бўлади ва уларни ана шу ҳидидан фарқлаш мумкин, деган тушунча юради. Аслида бундай эмас, кўпгина заҳарли қўзиқоринларнинг ҳиди бўлмайди. Номаълум, муҳлати ўтиб, сўлий бошлаган ва чириган қўзиқоринлардан ҳам эҳтиёт бўлиш керак.

Истеъмолга яроқли қўзиқоринларга ўзимизнинг оқ қўзиқорин, қизил қўзиқорин, шампиньон ва опёнок кабилар киради. Заҳарли қўзиқоринларга қизил мухамор, кулранг мухамор, сатанин, сариқ сохта қўзиқорин ва бошқалар киради.

Шаҳарлар ҳудудида, унга яқин жойларда заҳарли замбуруғларнинг “рангсиз қурбақасалла” (“бледний поганка”), “лепиота”, “мухомор” ва “сохта опенок” каби турлари кўп учрайди. Улар боғларда, қабристонларда, сайҳонликларда, дарахтлар тагида ва бошқа жойларда ўсади. Бу замбуруғлар ҳам барча истеъмол учун яроқли бўлган қўзиқоринларга ўхшаб соябонсимон шаклга эга бўлади.

Заҳарли қўзиқоринларнинг кўп тарқалган тури, халқ тили билан айтганда — “қурбақасалла” таркибида гельвелат кислотаси, фаллотоксин, аммонитотоксин ва бошқа заҳарли моддалар мавжуд бўлиб, бундай қўзиқоринларга қанчалик ишлов берилманг, таркибидаги заҳарли моддалар йўқолиб кетмайди. Улар қиздиришга жуда ҳам турғун, қайнатилганда зарарсизланмайди, оксиген таъсирида оксидланмайди ва ошқозон-ичак ферментлари таъсирида парчаланмайди. Оқибатда истеъмол қилган кишиларни заҳарлайди.

Заҳарланишнинг олдини олиш учун аввало истеъмол қилишга яроқли ёки аксинча заҳарли бўлган қўзиқоринлар ҳақида тушунчага эга бўлишимиз лозим. Келинг, заҳарли қўзиқоринларнинг айримлари билан танишиб қўяйлик.

Манба: ТОМОРҚА – ДАРОМАД МАНБАИ Ўқув услубий қўлланма