Қозоғистон ва Ўзбекистон: Афғонистон бозори учун кураш

Қозоғистондаги ўнлаб тегирмончилик корхоналари ёпилиш хавфи остида қолди. Мамлакат унининг асосий харидори – Афғонистон -Ўзбекистон унини афзал кўрмоқда. Қозоғистоннинг тегирмончилик корхоналари ишни тўхтатиб, одамларни вақтинчалик ишсиз қолдиришга мажбур бўлмоқда. “Астана” телеканали шу ҳақида хабар берди.

Беш йилча аввал ун ишлаб чиқариш даромадли бизнес ҳисобланар эди. Ўзбекистонлик ун ишлаб чиқарувчилар ўз ишлаб чиқаришини йўлга қўйиб, акциз сиёсатини ўзгартирди, дейилади манбада.

“Ўзбекистон ҳукумати ишбилармонларни қўллаб-қувватламоқда. Афғонистонга экспорт қилинадиган уннинг ҳар бир тоннасидан тахминан 20-25 доллар олиб ташланган, дисконт қилинган. Биз учун эса дисконт йўқ. Шунинг учун улар шу бозорга ўтмоқда”, – дейди тегирмончилик корхонаси бош директори Дулат Шаяхметов.

Ҳозирда Қозоғистон корхоналари Ўзбекистон компанияларига тоннасига 22 доллар ютказмоқда. Бироқ бизнинг ишлаб чиқарувчиларимиз нархларни тушира олишмайди.

“Рақобатлашиш учун имкониятимиз йўқ. Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларга ўхшаб унни 170 доллардан сотишимиз учун донни 32 минг тенгедан ишлаб чиқаришимиз керак бўлади. Зеро трейдерлар буғдойни анча қиммат нархга сотиб олишади ва Ўзбекистонга жўнатишади”, – дейди “Севесильзерно” тижорат директори Таисия Колегова.

Ҳозирда Қозоғистонда 250 дан зиёд тегирмончилик корхоналари фаолият юритади ва улар йилига 9 миллион тонна ун ишлаб чиқаради. “Минсельхоз”да таъкидланишича, улар ўтган йили 4 миллион тоннага кўпроқ ун ишлаб чиқаришган, шуларнинг ярми экспортга кетган.

“Сўнгги кўрсаткичларга кўра, бизда, аксинча, экспорт ўсмоқда. 2014 йилда бизда 1,8 миллион тонна эди, 2017 йилда эса – 2,3 миллион тонна. 2013 йилга нисбатан Афғонистонда Қозоғистон уни истеъмоли 3,6 бараварга ошган”, – дейди ҚР Қишлоқ хўжалик вазирлигининг қайта ишлаш бошқармаси раҳбари Гулнар Бижигитова.

Бироқ Қозоғистон ғаллани қайта ишлаш иттифоқи маълумотларига кўра, Ўзбекистонга сотувлар ҳажми сезиларли даражада қисқарган – 1 миллиондан 600 минг тоннага. Афғонистон бозори ҳам пасаймоқда.

Қозоғистонлик тегирмончилар бу маҳсулот экспортини жиддий қисқартириши кутилмоқда, деди “Қозоғистон ғаллани қайта ишловчилар иттифоқи” президенти Евгений Ган. У Forbes’га берган интервьюсида 2018 йилда мамлакат унни камроқ экспорт қилиши ва бу салбий тенденция сақланиб қолишини таъкидлаган.

Евгений Ган Афғонистон бозорининг 50 фоизини Ўзбекистон “тортиб олиши”га доир фикр билдирган. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистонда энг катта муаммо – экспорт сиёсатининг йўқлиги.

Kun.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!