Қува гуллари хорижга экспорт қилинмоқда

Қувалик Барнохон Икромова 15 йилдан буён гул ва манзарали кўчатлар етиштириш билан шуғулланиб, томорқасидан унумли фойдаланиб келади.
– Ёшлигимдан гул парваришига қизиқаман, – дейди Барнохон. – Шунчаки қизиқишдан бошланган бу ишимиз ҳозир оилавий бизнесга айланди. Гул кўчатларимизга қўшни Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон, шунингдек, юртимизнинг барча вилоятларидан харидорлар бор. Яқинда “Қува сара гуллари” ишлаб чиқариш кооперацияси ташкил этилганини эшитиб, жуда хурсанд бўлдим. Менга ҳам кооперациядан қўшимча ер беришди.
Юртимизда мана шундай тадбиркор аёлларнинг кўплиги қувонарли. Фарғона вилояти Қува тумани ҳокимлиги томонидан “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан 10 гектар ер майдони ажратилиб, Томорқа ер участкаларини ривожлантириш илмий-амалий маркази ҳамда “Водий турфа гуллари” масъулияти чекланган жамияти таъсисчилигида гул ва манзарали кўчатлар, чим етиштириш ва иссиқхона гулчилигига ихтисослашган “Қува сара гуллари” ишлаб чиқариш кооперацияси ташкил этилди.
Бу ерда 50 ишсиз фуқарога 20 сотихдан экин майдони ажратиб берилди. Улар гул кўчатларини етиштиради. Маҳсулот шу ернинг ўзида сотиб олинади. Шунингдек, агротуризм хизматини ташкил этиш, атиргул япроқларидан мураббо ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
– Бугунги кунда экспорт қилиш учун турли хил атиргул навларини олиб келдик, – дейди жамият раҳбари Ғайратжон Султонов. – Ажратилган ер майдонида уларни кўпайтириб, экспорт салоҳиятини ошириш чораларини кўрмоқдамиз. Атиргулларни Германия, Беларусь, Польша, Қозоғистон каби давлатларга экспорт қиляпмиз.
Қува тумани аҳолиси азалдан гул парвариши билан шуғулланиб келади. Тумандаги 4 минг 472 хонадон эгалари ихтиёрида бўлган 223 гектар томорқада атиргул парваришланади. Бу бир мавсумнинг ўзида 18 миллион донадан ортиқ атиргул ва кўчатлар етиштириш ва асосий қисмини экспорт қилиш имконини беради. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, туманда гулчилик йўналишида 400 миллион доллар миқдорида маҳсулот экспорт қилиш имкони мавжуд.
Айни кунда тумандаги 45 ишсиз фуқаро кооперацияга бириктирилди. Улар эндиликда муқим иш жойига эга. Туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказидан уларга субсидиялар ажратиляпти.
Шунингдек, кооперация аъзоларига Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 2 миллиард сўм ресурс маблағи ажратиш чоралари кўрилмоқда.

 

М.СУЛАЙМОНОВ, ЎзА
Дўстларингизга ҳам улашинг!