Сабзавотларни такрорий етиштириш

Эртаки сабзавот, картошка ва ғалла ҳосили йиғиб олинган майдонларга такрорий экин экиш учун тайёрлашда, аввало, ишни ўтмишдош ўсимлик қолдиқлари ва бегона ўтларни тозалашдан бошлаш зарур. Бунда ўсимлик қолдиқлари томорқа чеккасига чиқарилиб, ер қондириб суғорилади.

Ер етилиши билан гўнг ёки компост сепилади, 25–28 см чуқурликда юмшатилади ва эгатлар олинади.

Томорқаларга июнь ойи иккинчи ярми ва июлнинг биринчи ўн кунлигида бодрингнинг Марғилон-822, Наврўз, Ўзбекистон–740, Ранний–645, F1 Алиби Аякс Микс навларини; сабзининг Мирзои сариқ–304, Мирзои қизил–228, Шантанэ–2461, Нантская–4, Нурли, Зийнатли навларини; ош лавлагининг Бордо–237 навини, картошканинг Диамант, Ликария, Симфония, Диёра, Тўйимли, Умид каби ўртапишар, Ақроб, Мондеал ва Фазан каби кечпишар навларини экиш тавсия этилади.

Томорқаларга июнь ойининг учинчи ўн кунлиги ёки июль ойининг 1–2-ўн кунлигида картошканинг Санте, Ред скарлет, Зарафшон каби эртапишар, Аринда, Белуга, Виктория, Умид, Кондор, Драга, Корлена, Латона, Палма, Марфона, Пикассо, Романо каби эртапишар, Тўйимли, Ақроб, Диамант, Симфония каби ўртапишар навларини экиш юқори ҳосил олишни таъминлайди.

Чет элдан келтирилаётган уруғлик картошка экиладиган дала эгати олиниб суғорилган бўлиши керак. Картошка экилгач суғорилади. Агар ер тайёрлаб қўйилмаган бўлса, у қопи билан ёки ерга юпқа қилиб, офтоб тушмайдиган салқин жойга тўкиб қўйилади. Экиш муддати 20 июндан то 20 июлгача, 70х30 см схемада экилади. Унда олдин ўртапишар навлар кейин ўртаки ва охирида эртапишар навлар экилади.

Июль ойининг учинчи ўн кунлиги ўсув даври қисқа бўлган сабзавотлардан шолғомнинг Муяссар, Самарқанд маҳаллийси каби ўртаки, Наманган маҳаллийси ва бошқа эртаки навларини, кўкатлардан укропнинг Узбекский–243, Ором навларини экиш тавсия қилинади.

Бегона ўтларни ўташ лозим. Ўтларни йўқотиш билан бирга ортиқча ниҳолларни ягана қилиш керак. Орадан 20–25 кун ўтгач эса майдондаги бегона ўтларни иккинчи марта ўтаб, ўсимликларни ягана қилиб, кейин ўсимликларни озиқлантириб, суғориш тавсия этилади.

Кечки карам кўчатлари тўлиқ тутиб олгач, сабзи, ош лавлаги, картошка туганаклари ҳамда бодринг ниҳоллари ердан тўлиқ униб чиққач, ўсув даври давомида экин турига мувофиқ 8–12 кун оралатиб 2–3 марта суғориш, ўсимлик қатор ораларини 8–12 см чуқурликда юмшатиш бегона ўтларни йўқотади, тупроқда нам ва ҳаво сақланишини яхшилайди, ўсимликларнинг ўсиб-ривожланишига қулай шароит яратади.

Эртаки картошкани йиғиш ва сақлаш. Эртаки картошкани ковлаш кўпгина ҳолларда июнь ойининг 2-ярмига тўғри келади ва офтоб тиғида ҳарорат юқори бўлиб картошка сифатига салбий таъсир этади. Шунинг учун эрталаб кун исигунча ва кечқурун ҳарорат пасайган даврида ковлаб пешма-пеш териб, офтоб тиғидан олиб қўйиш лозим.

Сақланадиган эртаки картошка тўла пишганда ковланади. Уни ўз вақтидан кечикиб ковланса сифати ёмонлашади ва бир оз сўлиб, яхши сақланмайдиган бўлиб қолади.

Ковланган картошкани тезда қоплаб, яшикларга солиб омборга қўйиш зарур. Бунда картошка яшиклари устма-уст тахлаб қўйилади, бир яшик билан иккинчи яшик ўртасида 10 см катталикда тирқиш қолдирилади. Ҳар бир тўп яшик орасида 40–50 сантиметрли йўл қолдирилади.

Картошка ҳаво ҳарорати 20–25 оС, нисбий намлиги 60–65% бўладиган оддий хоналарда 1,5–2 ойгача анча яхши сақланади. Бинобарин, бундай картошкаларни чуқур ва ярим чуқур ертўлаларда ҳам икки ойгача бемалол сақлаш мумкин.

Картошка сақланадиган жойга айниқса, уй-рўзғор шароитида ёруғлик тушмаслиги керак. Акс ҳолда туганак устида кўк рангли соланин моддаси пайдо бўлади ва у аччиқ таъм беради.

Эртаки карамни уй-рўзғор шароитида 7–10 кун целлофан халталарга солиб совитгичда сақласа бўлади.

Шолғом ва турп уруғи асосан августда сепилади. Бунда шолғомнинг Наманган маҳаллийси, Самарқанд маҳаллийси, Муяссар, турпнинг Андижон–9, Марғилон маҳаллийси, дайкон ёки япон турпининг Куз ҳадяси ва Содиқ навларини экиш тавсия этилади.

Мазкур экинлар уруғи мамлакатимизнинг марказий минтақасида жойлашган ва водий вилоятларида 1–15 августда, шимолий ҳудудларда       25 июль–10 август ва жанубда 20 август–20 сентябрда сочма қилиб экилади. Эгат ораси 70 см ёки 60 см бўлиши лозим.

Бунда турп уруғи 10 сотихга 400–500 г, шолғол уруғи эса 200–300 г меъёрда сарфланади. Турп уруғи 2 см, шолғом уруғи эса 1,5 см чуқурликда экилади. Хаскаш ёрдамида тупроққа аралаштирилади.

Экин парваришда бегона ўтларни йўқотиш, ягана қилиш, эгат бағрини юмшатиш ва зарарли ҳашаротларга қарши курашга жиддий эътибор бериш зарур.

Пиёз уруғи августнинг иккинчи ярми, сентябрнинг биринчи ўн кунлигида сепилади. Бунда пиёзнинг маҳаллий эртапишар Сумбула навини экиш тавсия этилади.

Пиёз уруғи ернинг нишаблигини инобатга олган ҳолда 70–90 см оралиқда сочма ҳолда сепилади. Уруғларнинг 1,5–2 см чуқурликка кўмилишини таъминлаш мақсадга мувофиқ.

10 сотихга 1,4–1,6 кг уруғ сарфланиб, кўчат ораси 5–6 см. ни ташкил этади.

Дастлаб ўсимликларнинг бўйи 6–8 см. га етганда, иккинчи марта боғлаб чиқариладиган товар ҳолига келганда экин икки-уч марта ўтоқ ва ягана қилинади. Қатор оралари 15–16 см чуқурликда юмшатилади.

Кўзланган ҳосилни олиш учун томорқага маҳаллий ўғит бериш мақсадга мувофиқ.

Шунингдек, пиёзни кўчат қилиб экиш ҳам мумкин. Бунинг учун юқоридаги экиш муддатида 0,1 га майдонга 4–5 кг уруғ сепилади ва пиёз кўчати 2–4 барг чиқаргандан сўнг томорқага ноябрь-февраль ойида кўчириб ўтқазилади.

Бунда уруғ 3–4 баробар кам сарфланади ҳамда ўтоқ ва ягана қилиш учун меҳнат сарфи камаяди ва маҳсулотнинг товарбоплиги юқори бўлади.

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!