Сабзи

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: эртапишар Мушак–195, Нурли–70, ўртапишар Мирзои сариқ–304, Мирзои қизил–228, Нант–4, Шантанэ–2461, Зийнатли, Фаровон.

Уруғ танлаш. Экиладиган уруғи тоза, юқори унувчан, касалликлардан ҳоли, бутун (синмаган), вазндор бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади.

Ер тайёрлаш. Томорқа ўтмишдош экин қолдиқлари ва бегона ўтлардан сифатли қилиб тозаланади. Тупроқ 20–25 см чуқурликда юмшатилади, йирик кесаклар майдаланиб, яхшилаб текисланади ва суғориш эгатлари олинади.

Экиш муддати ва схемаси. Мамлакатимизнинг жанубий вилоятларида баҳорги сабзи уруғи 15–28 февральда, ёзгиси 1–15 август, тўқсонбости муддатда 15–30 декабрьда сепилади. Марказий минтақада жойлашган ва водий вилоятларида баҳорги сабзи 1–15 март, ёзгиси 10 июньдан–10 июльгача, тўқсонбости муддатда 10 ноябрь–10 декабрь, шимолий минтақаларда баҳоргиси 15–30 март, ёзгиси 10–20 июнь, тўқсонбости муддатда 1–30 ноябрьда 1,5–2 см чуқурликка 52×8, 62×8 см схемада экилади. Уруғ сарфи 10 сотихга 500–600 г. Сепилгандан уруғлар хаскаш билан тупроққа аралаштирилади.

ДИҚҚАТ! Сабзи, ош лавлаги, укроп, кашнич каби униб чиқиши қийин бўлган эртаки сабзавот уруғлари экилган жўяклар усти чириган қуруқ гунг билан 1,5-2 см қалинликда мульчаланса, тупроқни қатқолоқдан сақлайди, ниҳолларнинг униб чиқиши анча тезлашади.

Парваришлаш. Сабзини парваришлаш жараёнидаги энг муҳим масалалардан бири – бу уруғни ердан текис ундириб олишдир. Сабзи ниҳоллари тупроқ доим нам бўлганда 5–7 кунда кўринади ва 10 кунда батамом униб чиқади. Сабзи униб чиқиши билан дарҳол бегона ўтларни ўташ ва яганалашга киришиш керак. Сабзи 2 марта ўталади. Дастлабки ўташ сабзи битта чинбарг чиқарганда, кейингиси эса 3–4 барг чиқарганда ўтказилади.

Суғориш. Сабзининг илдизи яхши ривожланади, тупроққа чуқур таралади, барг шапалоғи унчалик катта эмаслигидан сувни кўп буғлантирмайди, аммо тупроқнинг бироз чуқур қатламидан нам тортиб олиш қобилиятига эга. Юртимиз шароитида сабзи уруғи кўкламда, кузда ва ёзда сепилади. Айрим, яъни кўклам қурғоқчил келган йиллардагина уруғнинг униб чиқишини тезлаштириш мақсадида уруғ суви берилади. Дастлабки пайтларда экин ҳар бир ярим-икки ҳафтада, майнинг иккинчи ярмидан эътиборан, яъни илдизмевалар жадал суръатда катталашаётганда эса ҳар 7–8 кунда суғорилади. Сизот суви чуқур жойлашган ерларда эртаги сабзи ўсув даврида 8, сизот суви юза далаларда эса 5–6 марта суғорилади. Сабзи мана шу тартибда суғориб борилса, сизот суви чуқур жойлашган ерларда мавсумда 11–12, сизот суви юза ҳудудларда 6–8 марта сув ичади.

Ўғитлаш. 10 сотих майдонга соф ҳолда 15 кг азот, 8 кг фосфор, 4,5 кг калий солиш керак. Ўтлоқи, ўтлоқи ботқоқ ерларда етиштирилганда соф ҳолда 12 кг азот, 7 кг фосфор, 4 кг калий бериш керак. Ўғитларни бериш муддатлари: фосфор ўғитини йиллик миқдорининг 75 фоизи билан калийнинг ҳаммаси шудгорлашда, фосфорнинг қолган қисмини бороналаб, эгат олишда бериш тавсия этилади. Азотли ўғитларнинг вегетация мобайнида иккига бўлиб берилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Кўп йиллик бегона ўтларга қарши кузда 10 сотихга Галомекс 104 г/л эм.к. препарати солинади. Бир йиллик ўтларга қарши экишдан олдин 50 фоизли Гезагард препаратини 200–300 грамммдан, бегона ўтлар уруғи ердан ўнгунга қадар ёки 1–2 чинбарг чиқарган вақтда, 33 фоизли Стомп 100–200 мл ёки 12,5 фоизли Фюзилад Супер препаратининг 100–200 граммини 60–80 литр сувда аралаштириб пуркаш тавсия қилинади. Кимёвий препаратлар мутахассислар назоратида қўлланилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Сабзи илдизмевасининг диаметри 1,5-2 см бўлганда ковлаб олинади. Такрорий экилган сабзи ҳосили қаттиқ совуқ тушмасдан йиғиштириб олинади, акс ҳолда мевалар мазасини йўқотади ва узоқ сақланмайди.

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!