САМАРҚАНДДА “ҲОСИЛ БАЙРАМИ” ТАДБИРЛАРИ ЎТКАЗИЛДИ

Самарқандда вилоят меҳнаткашларининг жорий йил қишлоқ хўжалик мавсуми якунларига бағишланган “Ҳосил байрами” тадбирлари ўтказилди.

Самарқанд эшкак эшиш канали ҳудудида халқ сайли сифатида ташкил этилган байрамда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан деҳқон ва фермерлар, чорвадор ва боғбонлар, қишлоқ хўжалик корхоналари вакиллари, дала заҳматкашларига камарбаста бўлган ҳашарчилар, юртимизнинг бошқа ҳудудларидан келган меҳмонлар иштирок этди.

Дастлаб, элга ош тортилиб, тўкин дастурхон атрофидаги суҳбатларда жорий йилги қишлоқ хўжалик мавсуми ҳар жиҳатдан муваффақиятли бўлгани, барча тармоқларда кўзланган натижаларга эришилгани қайд этилди. Ўз навбатида, келгуси йил ҳосили учун ҳозирданоқ агротехник тадбирларни сифатли бажариш, қиш пайтида амалга ошириладиган юмушлар юзасидан фикрлашиб олинди.

Ҳар бир туман учун ажратилган майдонда фермерлар, тажрибали томорқачилар, чорвадор ва боғбонлар, ҳунармандлар, қайта ишлаш корхоналари ўз маҳсулотлари кўргазмасини намойиш қилди. Шунингдек, ҳудудларга хос миллий халқ ўйинлари, фольклор жамоаларининг бадиий чиқишлари ташкил этилди. Ўзбек миллий кураши бўйича мусобақада вилоят полвонлари билан бирга, юртимизнинг бошқа ҳудудларидан келган маҳоратли курашчилар иштирок этди.
Мавсум илғорларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросимда вилоят ҳокими Т.Жўраев иштирокчиларни ҳосил байрами билан табриклаб, деҳқон ва фермерлар, уларга ёрдам берган корхона ва ташкилотлар, вилоятнинг барча меҳнаткашларига миннатдорлик билдирди.

Жорий йилда вилоят меҳнаткашлари 218 минг 900 тоннадан зиёд пахта, 318 минг 734 тонна ғалла, 2 минг 829 тонна пилла тайёрлаб, йиллик шартнома режаларини ортиғи билан уддалади.
Халқимиз дастурхони тўкинлигини таъминлаш, фермер ва деҳқонларнинг ўз меҳнатидан манфаатдорлигини ошириш мақсадида мева-сабзавот маҳсулотлари етиштиришда замонавий усул ва технологиялардан фойдаланиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу йўналишда бу йил вилоятда 625 минг тонна картошка, 1685 тонна сабзавот, 135 минг тонна полиз, 438 минг тонна мева, 585 минг тонна узум, 265 минг тонна гўшт, 1232 минг тонна сут, 1 миллиард 362 миллион дона тухум, 1045 тонна асал, 2239 тонна балиқ ишлаб чиқаришга эришилди. Юздан ортиқ фермер хўжалигининг 9768 гектар майдондаги интенсив боғларидан ҳам мўл ҳосил олиниб, маҳсулот асосан экспортга чиқарилмоқда.

Жорий йилги мавсумда юқори кўрсаткичларга эришган ҳамда вилоят пахта хирмонига салмоқли ҳисса қўшган Иштихон, Нарпай ва Каттақўрғон туманлари ҳокимликларига “Дамас” автомашиналари топширилди. Бошқа туман ва шаҳар ҳокимликлари, корхона ва ташкилотлар, агрофирмалар, илғор фермерлар ҳам вилоят ҳокимлигининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди. Умуман, мавсумда фаол иштирок этган, вилоят қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожига ҳисса қўшган ҳар бир инсон, ҳар бир жамоа муносиб рағбатлантирилди.

Таниқли санъаткорлар томонидан намойиш этилган концерт дастури, шоир-ёзувчилар, театр ва кино санъати намояндаларининг бадиий чиқишлари, қутловлари ҳосил байрами қатнашчиларига хуш кайфият, кўтаринки руҳ бағишлади.

Манба: uza.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!