Самарқанддан 13 минг тонна майиз экспорт қилинди

Жаҳон бозорида ўз харидорларини топиб улгурган Ўзбекистоннинг қурилтилган мевалари ичида, айнан майиз маҳсулотларига талаб кундан-кунга ошиб бормоқда.

Чунки Ўзбекистоннинг иқлим шароитида етиштирилган майизнинг сифати, фойдали хусусиятлари ва мазаси кўпчилик истеъмолчиларда ижобий таассурот қолдирган.

Маълумки, иқлимимиз узум қуритиш учун ниҳоятда қулай. Иссиқ ёзнинг давомийлиги, нисбий намликнинг паст бўлиши, аъло сифатли майиз навларини етиштиришга, қуёшли очиқ ҳавода ва сояда мева қуритиш усулларидан кенг фойдаланишга, кам маблағ сарфлаб, юқори сифатли маҳсулот олишга имкон беради.

Бугун республикамизнинг деярли барча вилоятларидаги ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан майиз маҳсулотлари экспорт қилинмоқда. Самарқанд вилоятининг экспортёрлари ҳам бу борада ўз майиз маҳсулотлари экспорти билан жаҳон бозорида ўз ўрнига эга.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизматининг маълумотига кўра, 2020 йилнинг январь-май ойлари давомида Самарқанддан умумий қиймати 16 миллион АҚШ долларига тенг 13 минг тоннадан зиёд бўлган майиз маҳсулотлари экспорти амалга оширилди. Майиз маҳсулотлари асосан БАА, Туркия, Эрон ва Афғонистон каби давлатларга экспорт қилинган.

Айни пайтда ҳам Самарқанд вилоятида рўйхатдан ўтган эскпортёрлар томонидан майиз экспорти операциялари давом этмоқда. Демак бу кўрсаткич янада ортиши табиий.

Абдулазиз Йўлдошев,
«Халқ сўзи»

Дўстларингизга ҳам улашинг!