Иқлим ўзгариши хатарларига мослашиш: селекция ва уруғчиликнинг ривожланишини қўллаб-қувватлаш

Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институти Андижон илмий тажриба станцияси олимлари селекция йўли билан халқаро талабларга тўлиқ жавоб берадиган қурғоқчилик, касаллик ва зараркунандаларга чидамли, серҳосил помидор навларини яратишга муваффақ бўлдилар.

Ушбу навларнинг афзаллиги шундаки, улар бизнинг иқлимимизга тўла мослашган бўлиб, уларнинг гуллари ва мевалари юқори ҳароратда ҳам тўкилиб тушмайди.

Таъкидлаш жоизки, Андижон тажриба станцияси Савдо-саноат палатаси ва БМТ Тараққиёт Дастурининг ҳамкорликдаги ҳамда Россия Федарациясини молиявий кўмагида амалга оширилаётган «Фарғона водийсида фермерларни иқлим ўзгариши хатарларига мослашиши ва барқарорлигини ошириш» лойиҳаси доирасида ўтказилган бизнес-ташаббуслар танловининг ғолиби бўлган ва унда корхона техник кўмакни иқлим ўзгариши хатарларига мослашиш чораларидан бири бўлган помидор селекцион уруғчилигининг техник базасини мустаҳкамлаш орқали маҳаллий мослаштирилган навларни оммалаштириш таклифи билан қатнашган.

«Навлар яратилди, аммо уларни оммалаштириш учун мураккаб уруғчилик жараёнига алоҳида эътибор қаратиш керак. Ушбу жараён ўз ичига корхонамизнинг моддий техника базасининг имконияти етарли бўлмаган уруғларни ажратиш, қуритиш, саралаш, туксизлантириш, тозалаш, дезинфекциялаш ва қадоқлаш каби бутун бошли технологик жараёнларни қамраб олади. Танлов ғолиблигини қўлга киритишимз орқали биз замонавий техник жиҳозлаш муаммосини ҳал эта олдик», – дейди корхона раҳбари Шермуҳаммад Аминов.

Мазкур ташаббус доирасида лойиҳа томонидан Андижон шаҳридаги тажриба станциясига помидор уруғини қайта ишлаш ва қадоқлаш учун керакли ускуналар етказиб берилди ва куни кеча корхона томонидан улар ўрнатилиб, жиҳозлар илк синовдан ўтказиб кўрилди.

Ушбу лойиҳани амалга ошириш натижасида 28 та, шу жумладан 30% аёллар учун, янги иш ўринларини яратиш кўзда тутилган. Энг асосийси бунда фермерларнинг чет элникига нисбатан арзонроқ бўлган ҳамда ўзимизнинг иқлим шароитимизга мослаштирилган, юқори сифатли уруғлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлишларидир.

Жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб иссиқхонага кўчат экиш ишлари бошланиши, кейинроқ эса кўчатлар очиқ далага кўчириб ўтказилиши, ҳосил пишиб етилгач эса уруғларни қайта ишлаш ва қадоқлаш линияси тўлиқ қувватда ишга туширилиши режалаштирилган, деб хабар беради Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати.

Манба: yuz.uz