Селекция ютуқларига патент бериш 6 ойдан ўн кунга қисқартирилди

5

2017 йил 14 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига биноан “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги, “Селекция ютуқлари тўғрисида”ги ва “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган эди.

Ушбу ўзгартиришлар қонун кучга кирган кундан эътиборан олти ой ўтгач амалга киритилиши белгилаб қўйилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Интелектуал мулк агентлиги ахборот хизматидан маълум қилинишича, қонун ижросини таъминлаш мақсадида ўтган давр мобайнида агентлик томонидан интеллектуал мулк билан боғлиқ айрим қоидаларга ҳам ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, “Фойдали моделга Ўзбекистон Республикасининг патенти берилиши учун талабномаларни тузиш, топшириш ва кўриб чиқиш қоидалари”, “Селекция ютуғи патентининг амал қилишини тиклаш қоидалари”, “Товар белгисига ва хизмат кўрсатиш белгисига доир гувоҳноманинг ҳамда товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддатини узайтириш қоидалари”, “Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг Апеллясия кенгашига апеллясиялар ва аризаларни топшириш ҳамда кўриб чиқиш қоидалари” ва бошқа норматив ҳужжатларга ўзгартишлар киритилди.

Ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар республикамиз ихтирочилари, тадбиркорлари ва селекционерлари учун янада қулайлик ва кенг имкониятлар яратади.

Унга кўра, эндиликда ихтирочилар маҳсулотга ва усулга таллуқли бўлган техник ечимларни фойдали модел сифатида агентликка талабнома сифатида топширишлари мумкин. Фойдали модел сифатида муҳофаза қилинадиган объектлар туркумини бундай кенгайтирилиши яратилган интеллектуал мулк объектининг экспертиза муддатларини қисқартиришга ҳамда патент олиш билан боғлиқ ҳаракатларни амалга оширишда тўланадиган патент божларини миқдорини камайтиришга қаратилган.

Селекция ютуқларига патент бериш аввал маълумотлар эълон қилинган санадан эътиборан 6 ойдан кейин берилар эди. Энликда бундай патентлар ўн иш куни ўтгач бериладиган бўлди. Шунингдек, патентнинг амал қилиши тугатилган санадан эътиборан уч йил ичида патент эгаси томонидан илтимоснома топширилса, патентининг амал қилишига кўра тикланиши мумкин.

Корхонанинг ходими бўлган муаллиф бевосита ўз номига патент олиши мумкин бўлган ҳоллар аниқлаштирилди.

Эслатиб ўтамиз, қабул қилинган ушбу нормалар 2018 йилнинг 18 мартидан кучга киради.

Гўзал Сатторова, uza.uz
Дўстларингизга ҳам улашинг!