Бухоро вилоятидаги семинар чорвачиликни янада ривожлантиришга бағишланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 мартдаги “Чорвачилик тармоқларини давлат томонидан янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, жумладан вилоятда 2021 йил 1 июлдан бошлаб чорвачилик хўжаликларига ўз хўжаликларида етиштирилилган йирик ва майда шохли қорамоллар тирик вазнининг ҳар бир килограми учун 2000 сўм ҳамда сутининг ҳар бир литри учун 200 сўм, паррандачилик хўжаликларига тухумнинг ҳар бир донаси учун 50 сўм ҳамда парранда гўштининг ҳар бир килограмми учун 800 сўм, балиқчилик хўжаликларида интенсив усулда етиштирилган балиқ (лосос, форель ва осётр) нинг ҳар бир килограмми учун 3 000 сўм, қолган турдаги балиқлар учун 1 000 сўм миқдорида республика бюджетидан субсидия ажратилиши белгиланган.

Айни пайтда вилоятда барча тоифадаги хўжаликларда 1 миллион 291 минг бош қорамол парваришланаётган бўлса, шундан 408 минг боши соғин сигир, шунигдек, ҳудудда 2 миллион 245 минг бош қўй ва эчки, 5 миллион 913 минг бош парранда ва 186 минг бош қуён парваришланмоқда. Ҳудудда фаолият юритаётган 416 та қорамолчилик фермер хўжалигида жами парваришланаётган қорамол бош сони 33,8 минг бошга етган бўлса, улар озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида 13,9 минг гектар экин ери ажратилган.

Қишлоқ хўжалигининг чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва бошқа  тармоқларида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси, мазмун-моҳиятини шу соҳада банд бўлган хўжаликлар раҳбар ва жамоаларига етказиш, бу ўзгариш ва янгиланишларни тезроқ ўз тажрибаларида қўллаб, моддий манфаатдорликка эришишларини таъминлаш мақсадида куни кеча Бухоро туманидаги “Зариф ота” фермер хўжалигида вилоят семинари ташкил этилди. Унда агросаноат мажмуига мансуб, ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари раҳбарлари, туманлар ҳокимларининг қишлоқ хўжалиги бўйича мутасаддилари, тегишли корхона ва ташкилотлар масъуллари қатнашдилар.

Семинарда вилоят ҳокимининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича  ўринбосари Амрилло Назаров, вилоят “Чорванасл” маркази раҳбари Носир Раҳматов ва бошқалар сўзга чиқиб, тармоқлар маҳсулдорлигини оширишда қилинаётган саъй-ҳаракатлар, олиб борилаётган туб ислоҳотлар самараси хусусида тўхталдилар. Чунончи, юқоридаги ва қолаверса, мамлакатимиз Президентининг 2020 йил 29 январдаги “Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросига эътибор қаратилди.

Эришилаётган натижалар муҳокама қилинди. Жумладан, шу йил январи ҳолатида вилоятда гўшт ишлаб чиқариш ҳажми 262,3 минг тоннага ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 53 минг тоннага ёки 107,3 фоизга, сут ишлаб чиқариш ҳажми 1 миллион 16 минг тоннага ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 104,6 минг тоннага ёхуд 110,8 фоизга ўсишига эришилган.

Коронавирус пандемияси таҳдиди билан ўтган 2020 йилда чорвачилиги ривожланган чет давлатлардан 4,1 минг бош наслли қорамол олиб келиниб, парваришланмоқда. “Ангуст”, “Гольштейн” ва “Сменталь” зотли  қорамоллардан 1,8 минг бош наслли бузоқ олиниб, ҳар бир бош соғин сигирдан ўртача 20-25 литр сут соғиб олинмоқда. Жорий йил якунигача эса ихтисослаштирилган хўжаликлар талаб ва истагига кўра хориждан 5 мингдан ортиқ чорва моли харид қилиб келтириш кўзда тутилган.

Эътиборли жиҳати, чорвачилик тармоқларини ривожлантириш туфайли шу йил лойиҳа қиймати 226 миллиард 10 миллион сўмлик жами 38 та, шундан, 36 та қорамолчилик (шундан 5 та пахта ва ғаллачилик кластерида), 2 та қўйчилик хўжалиги томонидан янги лойиҳалар амалга оширилиб,  388 нафар янги иш ўрни яратиш ҳаракати бошланган. Бугунга келиб 18 та лойиҳага 72,8 миллиард сўм банк кредити ажратилган бўлиб, 17 та қорамолчилик ва 1 та қўйчилик лойиҳаси амалга оширилган. Бу иш натижаси ўлароқ, лойиҳалар ҳисобидан жами 1,2 минг бош наслли қорамол олиб келинган.

Шу ўринда семинар-тернингга мезбонлик қилган “Зариф ота” фермер хўжалигини олсак, 1998 йилда фаолиятини бошлаган хўжалик тасарруфида мавжуд экин ери 65 гектардан иборат бўлиб, маккажўхори, ўт-беда, бошоқли дон ва тариқ, арпа каби такрорий экинлар, чорва озуқаси маҳсулотлари етиштиришгамўлжалланган.

— Бизга яратиб берилган шарт-шароит, экин еридан унумли фойдаланган ҳолда бугунга келиб қорамол сонини 305 бошга, шундан соғин сигирни 179 бошга, алоҳида рацион орқали парвариш қилинаётган наслли қорамол сонини 130 бошга етказишга муваффақ бўлдик, – дейди мазкур фермер хўжалик раҳбари Фирдавс Зарипов. — Қолаверса, 3 гектарда лавлаги, шунча гектарда қовоқ, 5 гектарда соя етиштириб, қорамол боқишнинг илғор тажрибасини ўзлаштирмоқдамиз. Ўндан ортиқ ишчи-аъзоларимиз, агроном, ветеринарларимиздан иборат жамоамиз билан қилаётган меҳнатимиз туфайли чорвачилик комплексимиз маҳсулдорлигини йил сайин оширмоқдамиз. Масалан, жорий йилда сут ишлаб чиқаришни 780 тоннага, гўшт ишлаб чиқаришни 22 тоннага, наслли қорамоллардан зотдор бузоқ олишни эса 128 бошга етказиш ҳаракатидамиз. Ҳукуматимиз қарорлари асосида бизга берилаётган енгиллик ва имтиёзлар бу кўрсаткичларимизни янада ошириш имконини беришига ишонамиз, албатта.

Шунингдек, семинарда вилоятдаги чорвачилик йўналишида фаолият кўрсатаётган 350 та фермер хўжалигида парваришланаётган 20,6 минг бош қорамол ва 195,4 минг бош майда шохли ҳайвонларни идентификациялаштириш ишлари баробарида эндиликда нафақат фермер хўжаликлари, балки агрокласстерларда чорвачилик ва бошқа тармоқларни ривожлантириш борасида бошланган ишларга эътибор қаратилди.

Масалан, Қоровулбозор туманида «Buxoro Agro cluster» МЧЖ томонидан умумий қиймати 16 миллиард сўмга (15 миллиард сўми банк кредити маблағлари ҳисобидан) янгидан 500 бош қорамол олиб келиш, йилига 500 тонна сут, 25 тонна гўшт ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Бу ерда чорва озуқа экинлари учун 401 га ер майдони ажратилган бўлиб, ҳозирда Европа давлатларидан 70 бош наслли қорамол олиб келиб парвариши бошланган.

Олот туманида «Parvoz Xumo Ravnaq Trans» МЧЖда ҳам умумий қиймати 30 миллиард сўмга (бу сармоянинг 25 миллиард сўми банк кредити маблағлари ҳисобидан) 500 бош наслли қорамол олиб келиш, йилига 250 тонна сут, 10 тонна гўшт ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Худди шундай, Ромитан туманидаги «BCT Cluster» МЧЖда умумий қиймати 14,9 миллиард сўмга 500 бош, Шофиркон туманидаги «Buxoro Zarhal Teks» МЧЖда  қиймати 3,3 миллиард сўмга (2,7 миллион АҚШ долларига тенг банк кредити маблағи ҳисобидан) 200 бош, Қоракўл туманидаги «Қоракўл Кумуш Калава” МЧЖ томонидан умумий қиймати 16 миллиард сўмлик 500 бош зотдор қорамол олиб келиш лойиҳалари ишлаб чиқилган. Аммо ҳозирда мазкур субъектларда бу борадаги ишларни жонлантириш, амалий саъй-ҳаракатни бошлаш керак. Негаки, бу лойиҳаларнинг ҳар бири ўнлаб, юзлаб ишчи ўрни, қолаверса, элимиз дастурхонини тўкин қилиш мақсади кўзланган ўнлаб тонна сут ва гўшт деганидир.

Амалий конструктив аҳамиятга эга мазкур семинар муҳокамасида юқоридаги каби жиҳатлар атрофлича ўрганилиб, чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари маҳсулдорлигини ошириш, улар имкониятларини кенгайтириш ҳисобидан қўшимча ишчи ўринларини ташкил этишга доир қатор тавсиялар ишлаб чиқилди.

Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Сайтда имловий ёки услубий хатога кўзингиз тушдими? Хато жумлани белгиланг ва CTRL+ENTER босиш орқали бизга хабар беринг.