Асалариларни шакар шарбати билан боқиш

Мабодо арихоналарда жамғарилган асалли ромлар бўлмаса ёки табиатда шарбат ажратувчи ўсимликлар ҳали гулламаган бўлса, у ҳолда ари оилаларига шакар шарбати тайёрлаб берилади. Шарбатнинг икки қисми шакар ва уч қисми сувдан иборат. Қўшиладиган сув сирли ёки шунга ўхшаш идишда қайнаш даражасига етгунча иситилади ва сув оловдан олиниб унга ўлчанган шакар қўшилиб таёқча ёрдамида тўлиқ эригунча аралаштирилади.
Кузда ариларнинг озиғини тўлдириш вақтида шакар шарбати 1литр ариқ ёки ёмғир сувига 1,5кг шакар қўшиб тайёрланади. Шарбатнинг ҳарорати 35-400 гача пасайгандан кейин ариларга берилади. Мана шундай йўл билан шакар шарбати тайёрланганда арилар мураккаб шакарни оддий шакарга осон парчалаши мумкин бўлиб, берилган миқдордаги шакар ўшанча миқдорда шакар асалига айланади. Шакар шарбатини ари оиласига оиланинг озиқ миқдори тўлгунча берилади. Оилага берилаётган шарбатни ари оиласининг кучига қараб 200; 250; 500; 1000 мл дан 2-3 литргача бериш мумкин.
Арихонада ариларнинг ўғирликка камроқ кириши ёки бутунлай кирмаслиги учун шакар шарбатини кечқурун арилар учишни тўхтатгандан кейин уяларидаги шарбат қўйиладиган идишларга юқорида кўрсатилганидек, арининг кучига қараб берилади.
Тажрибаларнинг кўрсатишича, шарбатга кобальт микроэлементи қўшиб берилса, оилада личинкаларнинг ривожланиши ва кўпайиши ортади. Шунинг учун 1 грамм хлорли кобальт 30 литр шакар шарбатига ёки 1 г кулранг нордон кобальтин 25л шакар шарбатига ёки сувга қўшиб берилса, ари оиласи асосий шарбат ажратувчи ўсимликлар гуллагунча катта кучга эга бўлади ва кўп маҳсулот тўплайди.
Шакар шарбатини уя ичидаги шарбат қўйиладиган идишларга қўйиш қийин ва мураккаб иш, шунинг учун агар арихона атрофида ари оилалари бўлмаса ёки ўз ари оилаларингизнинг юқумли касаллик билан касалланмаганлигига ишонч ҳосил қилсангиз, у ҳолда шакар шарбатини арихонада очиқ ҳавода бирор идишга қуйиб арилар чақмаслиги учун идишнинг ичига ёғоч таёқча ёки бўз мато солиб қўйиб боқиш мумкин. Бундан ташқари, ариларнинг кўчадан озиқ олиб келиши натижасида оиланинг ривожланиши жадаллашади.

Манба: «Асаларичилик асослари» Б.А. Қаҳраманов, Ф.Э. Сафарова, С.И.  Исамухаммедов, Х.А. Донаев, Х.Б. Эргашев

Сайтда имловий ёки услубий хатога кўзингиз тушдими? Хато жумлани белгиланг ва CTRL+ENTER босиш орқали бизга хабар беринг.