Шавкат Мирзиёев борган корхона фаолиятида қандай ўзгаришлар бўлди?

Бир ишчи кучи одатда нечта товуқни парваришлаш имкониятига эга? Уй шароитида бу албатта, 50-60 бошдан ошмайди. Бироқ жараён замонавий технологиялар асосида олиб борилса, мазкур рақам юз ҳатто минг карра ортиши мумкин.
Навоий вилоятидаги “Karmana golden eggs” масъулияти чекланган жамиятида бир нафар ходим ўртача 5 минг бош жўжа парваришлайди. Корхонанинг замонавий 4 товуқхонаси Туркияда ишлаб чиқарилган энг сўнгги русумдаги технологиялар асосида жиҳозланган бўлиб, уларнинг ҳар бирида 60 минг бош жўжа боқиш имкони мавжуд.
– Яқинда Самарқанд вилоятидан “Элсел” зотли жўжаларни келтирдик, – дейди корхона технологи А.Қўзиев. – Бугунги кунда уларнинг парвариши меъёрдагидек олиб борилмоқда. Махсус катакларга жойлаштирилган паррандаларга 21 хил компонентга эга махсус озуқа берилмоқда. Бу ерда хона ҳароратини бир хил меъёрда сақлашдан тортиб, белгиланган вақтда жўжаларга ем ва сув бериш тўлиқ технологик асосда амалга оширилади. Ходимларимиз мазкур жараёнларни назорат қилиб боришади, холос.
Корхонадаги 90 кунда товуқ етиштиришга мўлжалланган паррандачилик мажмуасида эллик иш ўрни яратилди. Мажмуада жўжа уч ой давомида парваришланиб, тухум берадиган товуқ ҳолида сотувга чиқарилади. Бу ерда 2019 йилда инкубация, тухум етиштириш мажмуаларини ишга тушириш мўлжалланган. Олинадиган маҳсулотнинг 30 фоизи экспортга чиқарилади, яна 100 кишининг бандлиги таъминланади.
Паррандачилик мажмуасида йил якунига қадар яна 25 нафар ходимнинг бандлиги таъминланади. Шунингдек, келгусида жўжа ҳамда тухум етиштириш, қолаверса, махсус озуқа ишлаб чиқариш ҳам шу ернинг ўзида амалга оширилади. Бу ерда паррандачиликдан ташқари чорвачиликни ташкил этиш ҳам режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 март куни Навоий вилоятига ташрифи чоғида мазкур корхонада бўлиб, лойиҳа ташаббускори билан келажак режалари ҳақида суҳбатлашган эди.
Нуриддин Раҳимов, ЎзА мухбири
Дўстларингизга ҳам улашинг!