Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигига доир янги қарорни имзолади

Ўзбекистон Республикаси президенти “Қишлоқ хўжалигини ўз вақтида қишлоқ хўжалиги техникаси билан таъминлаш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни мамлакатимизда ишлаб чиқарилган сифатли ва арзон техника билан таъминлаш, техника паркини янгилаш, шунингдек, уларга ўз вақтида сервис хизматини кўрсатиш ишларида жиддий камчиликлар сақланиб қолмоқда, хусусан:

биринчидан, реал эҳтиёж, агротехника тадбирларини ўтказиш муддатлари ва молиялаштириш манбаларидан келиб чиқиб, машина-трактор парклари, тегишли хизматлар кўрсатувчи хусусий ташкилотлар, шунингдек, фермер хўжаликларига қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб бериш бўйича буюртмаларни шакллантириш, шартномалар тузишнинг бозор механизмлари мавжуд эмас;

иккинчидан, энг мақбул агротехник муддатларда оммавий қишлоқ хўжалиги ишларини амалга ошириш учун ўзиюрар қишлоқ хўжалиги техникаси етарли эмас, ўз вақтида ишлаб чиқаришни режалаштириш ва ташкил этиш бўйича ишлар тизимли йўлга қўйилмаган;

учинчидан, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасининг пастлиги, оқибатда, ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникаси таннархининг рақобатбардош эмаслиги механизация хизматлари ва ишлаб чиқарилаётган якуний маҳсулот нархининг ошиб кетишига олиб келмоқда;

тўртинчидан, қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқаришни молиялаштириш механизми мукаммал эмас, лизинг механизмлари, хусусий сервис ташкилотлари ва фермер хўжаликлари маблағларини жалб этишдан етарли даражада фойдаланилмаяпти.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ томонидан шакллантирилган 2018 йилда ҳудудлар кесимида, жумладан, лизинг асосида қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб беришнинг қўшимча ҳажмлари параметрлари 1 ва 2-иловаларга мувофиқ тасдиқланди.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб бериш учун буюртмалар портфелини шакллантириш устувор равишда бир йилда икки марта –февраль-март ва сентябрь-октябрь ойларида маҳаллий ва жаҳоннинг етакчи ишлаб чиқарувчилари иштирокида ўтказиладиган ҳудудий ярмаркалар давомида амалга оширилади. Бунда февраль-март ойларида қишлоқ хўжалиги техникасини жорий йил учун, сентябрь-октябрь ойларида – келгуси йил учун етказиб бериш бўйича қўшимча шартномалар тузилади;

ишлаб чиқарувчиларга қишлоқ хўжалиги техникаси учун олдиндан тўлов етказиб берилаётган техника нархининг 80 фоизидан кам бўлмаган миқдорда техникани етказиб бериш бошланишидан 120 кундан кам бўлмаган муддатда, якуний ҳисоб-китоб эса етказиб берилган техника қабул қилингандан кейин 10 иш куни давомида амалга оширилади;

“Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУК 1-иловага мувофиқ етказиб бериладиган қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш учун товарларни сотиб олиш бўйича импорт контрактларининг комплекс экспертизасини амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда:

2018 йилда туманлар кесимида қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб беришнинг қўшимча ҳажмлари параметрларини, шунингдек, ушбу қарорни инобатга олган ҳолда, уларни молиялаштириш ва етказиб беришнинг ойма-ой графикларини;

буюртмалар портфелини шакллантириш ва шартномалар тузиш, қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш ва етказиб беришни молиялаштириш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига механизациялашган хизмат кўрсатиш ишларини ташкил этиш схемаларини тасдиқлайди.

Тижорат банкларига қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг асосида етказиб беришни келгусида молиялаштириш учун асосий қарз ва фоизларни тўлдириш бўйича 4 ойдан кам бўлмаган муддатга имтиёзли давр билан лизинг ташкилотларига кредитлар ажратиш тавсия этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Молия вазирлиги ва “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ билан биргаликда бир ой муддатда Қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва электрлаштириш илмий-тадқиқот институти (кейинги ўринларда Институт деб юритилади) фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади, бунда:

қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқаришга ва қишлоқ хўжалигига илмий ютуқларни жорий этиш муддатларини қисқартириш мақсадида Институт фаолиятини тубдан яхшилаш;

Институтнинг “Ўзагротехмаш” АЖ, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ташкилотлари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи бошқа илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан самарали илмий-техник кооперацияси ва ўзаро ҳамкорлигини ўрнатиш;

жаҳон бозорида янги, рақобатбардош қишлоқ хўжалиги техникаси турлари ва моделларини ишлаб чиқиш, яратиш, тайёрлаш, синовдан ўтказиш ва ишлаб чиқаришга жорий этишнинг ягона режасини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ҳамда юқорида кўрсатилган ташкилотлар фаолиятига жорий қилиш назарда тутилади.

kun.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!