Ҳар сигирдан йилига 6000 – 7000 килограммгача сут олаяпмиз

Голштин-фриз зоти бизнинг иқлим шароитимизга жуда тез мослашар экан.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажуи устидан назорат қилиш инспекцияси(Ўзагроинспекция)нинг Қашқадарё вилоят бошқармаси томонидан журналист ва билогерлар учун пресс-тур ташкил этилди.

Унда соҳада амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилди. Пресс-тур иштирокчиларининг дастлабки манзили Қарши туманидаги “Файзобод наслли чорва” масъулияти чекланган жамияти бўлди.

Маълумотларга кўра, 2017 йилда Германиядан 32 бош “Голштин-фриз” зотига мансуб ёш молларни олиб келиш билан фаолиятини бошлаган субъект жорий 2021  йил бошида хориждан яна 62 бош насли ғунажин харид қилган. Бу билан корхонанинг чорвачилик комплексида парваришланаётган зотли моллари сони 94 тага етган.  Қувонарлиси, олинаётган бузоқлар эса шартнома асосида бошқа субъектларга етказиб берилмоқда.

– Голштин-фриз зоти бизнинг иқлим шароитимизга жуда тез мослашар экан, – дейди жамият раиси Санжар Эргашев. – Шу вақтгача олиб келган сигирларимиздан бирорта ҳам йўқотиш бўлмади. Озуқани ҳам ўз имкониятларимиздан келиб чиқиб бераяпмиз. Ҳар сигирдан йилига 6000 – 7000 килограммгача сут олаяпмиз.

“Ўзагроинспекция”нинг Қашқадарё вилоят бошқармаси чорвачиликда наслчилик ишини назорат қилиш бўлими бош инспектори Абдуқаюм Бекназаров журналист ва блогерларга шу ернинг ўзида “Файзобод наслли чорва” МЧЖ мисолида вилоятда тармоқни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар, инспекциянинг бу борадаги вазифалари хусусида кенг маълумот бериб ўтди.

Пресс-тур давомида яна Қарши туманидаги “Silver fiber agro”  кооперациясида 2021 йил ҳосили учун уруғлик чигит тайёрлаш жараёни ҳамда Қарши шаҳридаги “Дунё-М” акциядорлик жамиятида дон, уруғлар ва уларни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлардан фойдаланиши борасидаги ишлар билан ҳам танишилди.

 Сарвиноз Исмоилова,  “Ўзагроинспекция” нинг Қашқадарё вилоят бошқармаси  ахборот хизмати бош инспектори

Манба: yuz.uz