Цитрус инли куяси

Цитрус инли куяси – Phyllocnistis citrella Stainton олигофаг ҳашарот бўлиб, қарийб ярим юз йилдан буён цитрус ўсимликларига катта зарар келтиради. Цитрус нили куяси илк бор Ҳиндистонда Г.Т.Стэинтон томонидан аниқланган. Цитрус инли куяси лимон ўсимлигининг хавфли кушандаси ҳисобланади. Шу билан бир қаторда у мандарин, апелсин, грейпфрут, эвкалипт, тол, ясмин ўсимлигида ривожланиши аниқланган.

Тарқалиши. Цитрус инли куяси Осиё, Австралия, Жанубий Африка, Шарқий ва Ғарбий Африка, Марказий ва Жанубий Америка давлатларида, Афғонистон, Ҳиндистон, Индонезия, Эрон, Хитой, Корея, Малайзия, Цейлон, Япония, Филлипин ороллари, Жанубий Америка, Австралия, Абхазия, Грузия давлатларида кенг тарқалган. Ўзбекистонда Тошкент вилоятларида аниқланган.

Морфологик белгилари. Цитрус инли куясининг капалагининг қанотлари ёзилганда 4-5 мм узунликда бўлиб, ранги оқ-кумуш ранг, қанотлари кулранг, ингичка, ўткир учли. Олдинги жуфт қаноти иккита тўқ чизиқлар, ўртасида эса “V” шаклида белгиси ва тепа учида қора доғлари бор. Қанотининг ўрта олдинги четигача узун тўқ сариқ рангда туклари бор. Попуклари орқа қанотида ҳосил бўлади. Орқа оёқларининг болдир қисмида тепага қараган қора ўсимтаси бор.

Тухумининг шакли ясси, ранги оқиш, узунлиги 0,27 мм келади.

Личинканинг узунлиги 3,6 мм бўлиб, яшил кулрангда, тана охири учли, боши сариқ, танасининг қолган қисми қизғиш сариқ рангда, биринчи иккита кўкрак бўғинлари тўғри бурчак шаклида. Катта ёшдаги личинкалари илонга ўхшаш бўлади (4-расм).

Ғумбаги дастлаб сарғиш, кейинчалик тўқ жигаррангга киради.

Биологик хусусияти. Цитрус инли  куяснинг ривожланишига  ҳарорат муҳум аҳамиятга эга.  Цитрус инли куясини июн-июл ойларида лимонзорларда кўплаб учратиш мумкин. Улар лимон баргининг остки томонига жойлашиб кеч кузга қадар зарар келтиради.

Капалаклари ёруғликсевар.  Урғочи  капалаклар  тухумини куртакка ёки ўсимликларнинг ўсиш нуқтасига, баргларнинг  юза  қисмига 200 тагача қўяди. Кўпроқ тухумларини ўсимлик куртагининг остки қисмига қўяди. Эмбрионал  ривожланиши 10 кун давом этади. Тухумдан чиққан личинка барг ичига кемириб кириб олиб 10-20 кун давомида ривожланади. Личинкалар ёш барглар орасида илон изи каби уялар ҳосил қилиб барг  паренхимаси билан озиқланади барг юзасида шаффоф уялар ҳосил қилади.  Бунинг оқибатида барг буришиб қуриб қолади. Одатда битти баргда битта уя бўлади, кучли зарарланганда 2 ёки 3 та ва ундан ортиқ ҳам бўлиши мумкин. Қаршиликларга дуч келиши билан личинка бошқа баргга ўтади. Ғумбакка айланишидан олдин ҳаракатланишдан тўхтайди. Ғумбаклик даври пилла ичида ўтади. Пилласининг ранги қизил. Капалаги пилланинг учки қисмидан  чиқади. Зараркунанда бир йилда 6-7 та баъзан 10 та авлод беради. Шулардан 2 та авлоди баҳорда, 4 таси эса ёз ва кузга тўғри келади.  Абхазияда зараркунанда кузда октабр-ноябрда 1 та авлод бериши аниқланган. 1 та авлоднинг ривожланиши 30-40 кун давом этади.

Зарари. Зараланган баргнинг юза қисмида шаффоф излари (уялари) аниқ кўриниб туради.  Ёш новдаларини, биринчи ва иккинчи вегетация баргларини зарарлайди.

Аниқлаш. Цитрус инли куясининг капалагини аниқлашда кўчатларнинг баргларини, новдаларини кўздан кечирилади ва силкитилади. Капалаклари ёруғликсевар бўлганлиги сабабли кечқурун ёруғлик орқали жалб қилиш мумкин.

Кўчатзорларда зараркунандани аниқлашда икки диагонал бўйича ва чеккасидаги ҳар бешинчи дарахт кўчати кўздан кечирилади. Томрақаларда   дарахтларнинг 25-50% и текширилади. Ҳар ўнинчи томорқа текширилади.

Кураш чоралари. Карантин тадбирлари қаторига кўчатлик материалларини мунтазам текшириш ва экспертиза қилиш, зараркунанда тарқалган ҳудудлардан кўчатлар материаллар ва қаламчаларни келтирш қатъиян ман қилинади. Зараланган кўчатларни зарарсизлантириш ва зарарланган баргларни ёқиб юбориш. Ҳашарот тарқалган далалардаги кўчатларга  фосфор-органик  препаратлар  билан  ишлов  берилиши  керак. Би – 28 препарати билан пуркаш.

Дўстларингизга ҳам улашинг!