Соя майдонлари янада кенгаяди

Қишлоқ хўжалигидаги иқтисодий ислоҳотлар натижасида мамлакатимизнинг аграр соҳасида юксалишга эришилмоқда. Хусусан, етиштирилган ҳосилни қайта ишлашни ташкил этиш борасида самарадорлиги юқори бўлган қатор лойиҳалар ишлаб чиқилиб, амалда татбиқ этиляпти.

Сўнгги йилларда республи­када ноанъанавий, жаҳонда талаб ва эҳтиёж катта бўлган қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришга алоҳида эъти­бор қаратилмоқда. Жумладан, ўтган йили биринчи марта заъфарон (шафран) экиш йўл­га қўйилди, соя майдонлари кенгайди. Бунинг яна бир аҳа­миятли жиҳати шундаки, бу камёб, аммо қимматбаҳо маҳ­сулотларнинг асосий қисми чет мамлакатларига экспорт қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 март­­даги «2017-2021 йиллар­да республикада соя экишни кў­пайтириш ва соя дуккакли экин­ларини ўстиришни таш­кил этиш чора-тадбирлари тўғри­си­да»ги қарори тармоқ­да амал­га оширилаётган ис­ло­ҳот­ларни янада жадаллаштирди.

Соя витаминларга бойлиги, озиқ-овқат саноатида кенг фойдаланилиши билан ажра­либ туради. 2017 йилда рес­публикада биринчи марта соя майдонлари 12 минг гектар­дан ортди. Деҳқонларимиз­нинг шижоатли меҳнати ту­файли 14 минг тонна соя дони етиштирилди ва ушбу хом­ашё­ни қайта ишлаш ҳисобига аҳолига 2 минг тоннадан ортиқ соя ёғи, паррандачилик корхо­наларига 10 минг тонна юқори озуқали шрот етказиб бе­рилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 февралдаги «Рес­публикада соя етиштириш ҳажмларини янада кўпайти­риш чора-тадбирлари тўғри­си­да»ги қарорида таъкидла­нишича, республикамиз ҳуду­ди­да мутасаддилар томони­дан бу экинни илмий асослан­ган ҳолда жойлаштиришга эътибор берилмади, унинг учун унумдорлиги паст, сув билан етарли даражада таъ­минланмаган майдонлар аж­ра­тилди, агротехника тадбир­ла­рини ўз вақтида ва сифат­ли ўтказиш ташкил этилмади. Фермер хўжаликларига етар­ли даражада сифатли уруғ етказиб берилмади. Натижа­да, 2017 йилда бу экиндан кўзланган ҳосил олинмади.

Республикада соя экини май­донларини янада кенгай­тириш, серҳосил ва эртапи­шар навларини яратиш, бир­ламчи уруғчиликни ташкил этиш, етиштиришда янги за­монавий агротехнология­лар­ни қўллаш, ёғига бўлган эҳти­ёжини таъминлаш мақсадида, ушбу қарорга мувофиқ, тегиш­ли ҳокимлик ва ташкилотлар раҳбарларига уруғни оптимал муддатларда тўлиқ экиш, пар­вариш қилиш, ҳосилни ўриб-йиғиб олиш тадбирла­ри­нинг ўз вақтида ҳамда си­фатли ўтказилишини ташкиллашти­риш юклатилди. Уруғлик, ми­не­рал ўғит, ёнилғи-мойлаш материаллари, кимёвий воси­та­ларни етказиб бериш, соя етиштирувчи ривожланган дав­латлар билан ўзаро ҳам­корликни йўлга қўйиш, янги замонавий технологияларни жорий этиш, фермер хўжалик­лари ва соҳа мутахассислари малакасини доимий равишда ошириб бориш топширилди.

— Жорий йилда вилояти­миз­да 700 гектар майдонга соя экиш режалаштирилган, — дейди қишлоқ ва сув хўжа­лиги бошқармаси ғаллачи­лик ва дуккакли дон экин­ларини ривожлантириш бў­лими бошлиғи А. Ризақу­лов. — Вазирлар Маҳкамаси­нинг мазкур қарори ижроси­ни таъминлаш мақсадида бу борадаги зарур чора-тадбир­лар режаси ишлаб чиқилди. Маълумки, ўтган йилда соя ҳудудимизда биринчи марта 342 гектар асосий, 300 гектар такрорий майдонга экилган эди. Соҳада тажриба етишма­гани туфайли айрим камчи­ликларга йўл қўйдик.

Айни кунларда мавсумга қизғин тайёргарлик кўрилмоқ­да. Соя етиштириш билан шуғулланадиган Хатирчи (100 гектар майдонга экилади), Кармана (150 га), Қизилтепа (250 га) ва Навбаҳор (200 га) туманларидан 90 та фермер хўжалиги сараланиб, улар билан асосий харидорлар — «Ванғози агроэкспорт» ва «Континент-Н ёғ-мой» масъ­улияти чекланган жамиятлари ўртасида контрактация шарт­номалари тузилаётир. Бу кор­хо­налар, қарорда белгиланга­ни­дек, деҳқонларга уруғ, ми­нерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш материаллари етказиб бериш ҳамда агротехник тадбирлар­ни ўз вақтида ўтказишда кўмаклашишади. Ажратилади­ган барча майдонларга соя­нинг «Селекта 302» нави эки­ла­ди. Бу бизнинг иқлим шароити­мизга жуда мос навдир.

Олим ЖАЛИЛОВ,

«Дўстлик байроғи» мухбири.
Дўстларингизга ҳам улашинг!