СУТДАН СОФ ФОЙДА АЖРАТИБ…

Йогурт тайёрлашда инновацион ёндашув

«Соғин сигиринг бўлса, оғзинг оқарар», деган пурмаъно гапни кексаларимиздан кўп эшитганмиз. Бу бежиз айтилмаган. Боиси, сутдан кўп нарса тайёрласа бўлади: қатиқ, қаймоқ, сариёғ, айрон… хуллас, сут том маънода кони фойда.

Жондорлик Мамлакат Ташева сутни қайта ишлаш ва ундан турли маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйган тадбиркорлардан.

— Сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни орзу қилардим, — дейди тадбиркор Мамлакат ТАШЕВА. — 2008 йилда банкдан 50 миллион сўм кредит олдик. Ҳудудимизда анча вақтдан бери ишлатилмаётган, ташландиқ корхона бор эди. Маблағни бинони таъмирлаш ҳамда керакли жиҳозларни олиб келишга сарфладик. Очиғи, бошида биттагина сепараторимиз бўлган, холос. Имкониятлар у қадар катта эмас, иш унуми ҳам жуда паст эди. Аппарат бир кунда бор йўғи 40 литр сутни қайта ишлаш имконини берарди. Аммо ҳаракатларимиз бекор кетмади. Ҳозир корхонамизда кунига 7 тонна сутни қайта ишлаяпмиз.

— Фаолиятни кенгайтиришга қандай эришдингиз?

— Ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида банкдан яна имтиёзли кредит олдик. Унга Россия, Хитой ҳамда ўзимизда тайёрланган ускуналарни келтириб ўрнатдик. Ишчилар сонини оширдик. Табиийки, қайта ишланадиган сут ва сут маҳсулотлари сони ҳам ортди.

— Ишчиларингиз кўпми?

— Корхона иш бошлаганда бор-йўғи 2 нафар ишчи бор эди. Бугун шартнома асосида фаолият юритаётган ходимлар сони 28 нафарни ташкил этади. Ҳозир йогурт, бринза, сметана, пишлоқ, творог сингари  жами 13 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилиб, истеъмолчиларга етказиб берилмоқда.

— Даромади-чи?

— 2017 йил қарийб 1 миллиард литрдан зиёд сут қайта ишланиб, юқорида айтилган 13 турдаги маҳсулот тайёрлашга сарфланди. Шартнома асосида етказиб берилган маҳсулотимиздан 2 миллиард сўмга яқин даромад бўлди. Албатта, бу соф фойда эмас. Ишчилар маоши, турли харажатлар, солиқлар айириб ташланса, соф фойда 150 миллион сўмдан ошишини кўзлаяпмиз.

— Сут маҳсулотлари тайёрлашда нималарга аҳамият қаратилиши зарур?

— Аввало, тозалик ва сифат биринчи ўринда туриши керак. Бунга ҳар бир ходим амал қилиб, истеъмолчиларни ишончли ва сифатли маҳсулот билан таъминлашга ўз ҳиссасини қўшиши зарур.

— Маҳсулотларга талаб қандай?

— Масалан, йогурт тайёрлаш учун сут билан бирга қуритилган мевалардан фойдаланамиз. Бу унинг таъми ва фойдалилик даражасини оширади, сунъий қўшимчалар қўшилмайди. Бу харидорларга манзур бўлмоқда, талаб ҳам шунга яраша. Хусусий савдо дўконлари, боғчалару шифохоналар доимий харидоримизга айланган.

— Келгуси режаларингиз?

— Бизнинг асосий хомашёмиз — сут. Уни фермер хўжаликларидан олиб келамиз. Бу эса, ортиқча чиқим, дегани. Келгусида ўзимиз қорамолчиликни йўлга қўйиш ниятидамиз. Агар бу иш амалга ошса, сутнинг бир қисми ўзимиздан чиқади ва қайта ишланади, қўшимча иш ўринлари яратилади, маблағ тежалади. Натижада маҳсулот таннархи арзонлашади.

 

«Оила даврасида» газетаси мухбири

Ноилахон АҲАДОВА ёзиб олди.

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!