Такрорий сабзавотлар экиш ва парваришлаш бўйича тавсиялар

Аҳолини юқори сифатли сабзавот, полиз ва картошка билан, қайта ишлаш корхоналарини эса хомашё билан таъминлаш ва экспортга маҳсулот етказишда такрорий экин экишнинг аҳамияти катта. Бунда аввало, соҳибкорлар мавжуд имкониятлардан оқилона, омилкорлик билан фойдаланиши, экинлар ҳосилдорлигини ошириши ва ҳосил сифатини тубдан яхшилашлари лозим.

Маълумки, такрорий муддатда асосан оқбош карам, гулкарам, турп, шолғом, ош лавлаги, редиска, кўкат, сабзавотлар экиб етиштирилади.

Ғалла ҳамда эртаги экинлардан бўшаган майдонларни такрорий экин экишга тайёрлашда ишни у ердаги ўтмишдош ўсимлик қолдиқларини йўқотишдан бошлаш керак. Бунда КПС-5 маркали юмшатгич ёки бороналарда, кичик майдонларда эса қўл кучи ёрдамида ўсимлик қолдиқларини майдон ташқарисига чиқариб ташланади, сўнгра тавсиялар асосида лозим бўлган органик ҳамда минерал ўғитлар майдонга сочилиб, тупроқ намлиги маромида бўлганда ерларни ПД-3-35 маркали плуг ёрдамида 25–28 см чуқурликда ҳайдаб, сўнгра борона билан 10–12 см чуқурликда юмшатилади ва экиш лозим бўлган экинлар турига мос равишда экиш эгатлари тортилади.

Такрорий муддатда майдонларга кечки сабзавотларни экиш – ҳаво ҳароратининг энг юқори даврига тўғри келиши, кўчати билан экиладиган сабзавотлар кўчатининг тўлиқ тутиб олиши ҳамда экилган уруғлардан ниҳолларни тўлиқ ундириб олиш деҳқондан катта меҳнат ва маҳорат талаб этади.

Кечки оқбош карам кўчатлари-ни экишнинг энг мақбул муддатлари Республиканинг жанубий минтақаларида 1–15 август, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 15 июнь-10 июль, шимолий минтақаларда 25 май-5 июнь ҳисобланади.

Оқбош карам етиштиришда унинг Тошкент–10, Термиз–2500, Ўзбекистон–133 каби маҳаллий навларини экиш тавсия этилади. Экиш 70×40 см. 90×40 см схемада амалга оширилади.

Кечки карам экиш учун тайёрланган майдонларни экишдан олдин суғорилиб, ер етилиб механизм кириши мумкин бўлган даврда кўчатларни қўлда ёки СКНБ-4А маркали экиш машинасида экиш лозим. Карам кўчатлари экилган майдонларга кетма-кет сув қўйиб, кўчатлар тўлиқ тутиб олиши учун тупроқни нам ҳолда сақлаш катта аҳамиятга эга. Хато бўлган ерлари га қайта экиб тўлдириш лозим. Экилган кўчатлар тўлиқ тутиб олгач, 16–18 кун ўтказиб биринчи ишлов берилади. Юмшатиш билан бирга маданий ўғитлар билан озиқлантирилади ва суғорилади.

Карамни етарли микдорда озиқ-лантириш учун ҳар бир гектар майдон ҳисобига камида 25–30 т гўнг, 200–220 кг азот, 150–170 кг фосфор, ҳамда 50 кг миқдорида калий ўғитларини солиш лозим. Майдонларни шудгор қилишдан оддин гўнгнинг йиллик миқдорининг ҳаммаси, фосфорли ўғитларнинг 75% ва калийнинг 50% қисми солинади. Фосфорнинг қолган 25% ҳамда калийнинг 50% кўчатларни экишдан олдин, азот ўғитининг 20% экиш олдидан, қолган қисми эса ўсув даврида солинади.

Кечки карамни суғоришда ўсув даврининг бошларида 7–8 кун оралатиб, кузга яқин эса 10–12 кун оралатиб 13–15 маротаба суғорилади. Суғориш меъёри 550–650 м3/га.

Сабзи уруғи экишнинг энг мақбул муддатлари – жанубий минтақаларда 1–15 август, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 10 июнь-10 июль, шимолий минтақаларда 10–20 июнь ҳисобланади. Сабзи уруғини катта майдонларда СКОН-4,2 экиш сеялкасида, кичик майдонларда қўлда 1,5–2 см чуқурликда 52×8 см ёки 62×8 см оралиқда экиш амалга оширилади. Уруғ гектарига 5–6 кг сарфланади.

Кечки муддатда сабзининг Мирзои қизил–228, Мирзои сариқ–304, Нантская, Шантане–24-61, Зийнатли, Мшак–195, Нурли навларини экиш тавсия этилади.

Сабзини парваришлаш жараёнидаги энг муҳим масалалардан бири уруғни ердан текис ундириб олишдир. Сабзи ниҳоллари тупроқ доим нам бўлганда 5–7 кунда кўринади ва 10 кун мобайнида униб чиқади.

Сабзи униб чиқиши билан дарҳол бегона ўтларни ўташ ва яганалаш лозим. Сабзи икки марта ўталади. Дастлабки ўташ сабзи битта чинбарг чиқарганда, кейингиси эса 3–4 барг чиқарганда ўтказилади. Ҳар ўтоқ давомида ягана ҳам қилиб борилади.

Катта майдонларда бегона ўтларни йўқотишда гербицидлардан фойдаланиш мумкин. Сабзи, пиёз, ош лавлаги ҳамда майда уруғли сабзавотлар экиладиган майдонлардаги бир йиллик икки паллали ва бошоқли бегона ўтларни йўқотиш учун уруғни экишгача ёки униб чиққунига қадар гектарига 50% Гезогард гербицидидан 2,0–3,0 кг ёки 30% Нитрандан 3,3–6,0 литр ёки 33% Стомпдан 1,0–2,0 литр ҳисобида 400 литр сувга аралаштирилиб сепилади. Сабзи ниҳолларида 3-4 тадан чин барг чиққан даврида майдондаги таъкидланган ўтларга қарши 12,5 фоизли Фюзилад супер гербициди 1,0–2,0 литр ёки 20% ли Набудан – 1,5 литр меъёрда сепилади. Сабзи майдонларидаги кўп йиллик бошоқли бегона ўтларга қарши эса Зеллек супер 1,0 литр ёки 12,5 фоизли Фюзилад супердан 2,4-4,0 литр ҳисобида, бегона ўтларнинг бўйи 5–10 см бўлганда сепиш тавсия этилади.

Гербицид сепилган сабзи экинлари меваларини 4 ойдан илгари истеъмол қилиш тақиқланади.

Такрорий муддатда экилган сабзининг ҳосили октябрь ойининг иккинчи ярмидан ноябрь ойи бошигача ковлаб олинади.

Бодринг уруғини экишнинг энг мақбул муддати – жанубий минтақаларда 10–20 июль, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 15–30 июнь ҳисобланади. Ушбу муддатда экиш учун “Наврўз”, Ўзбекистон–740, Ранний–645, Аякс Микс Ғ1, “Алиби” ва “Зилол” навлари тавсия этилади.

Бодринг уруғларини катта майдонларга СБУ-2,4А(экиш) мосламасида, кичик майдонларда қўл кучи ёрдамида 70х30см, 90×20 см схемада экиш амалга оширилади. Уруғлар 4–5 см чуқурликка экилади, уруғ бир гектар майдонга 4–5 кг сарфланади. Экилган уруғлар ердан униб чиққач, уруғпалла барглари пайдо бўлган даврда бир маротаба ва битта чинбарг чиқарган даврда иккинчи маротаба, узил-кесил ҳар бир уяда 1 тадан ўсимлик қолдириб ягана қилинади.

Ўсув давридаги ҳар 2–3 маротаба суғоришдан сўнг албатта ўсимлик қатор оралиқлари 15–16 см чуқурликда юмшатилиб, палаклари 2–3 маротаба ростлаб қўйилиши тавсия этилади.

Ош лавлаги уруғларини ёзги муддатда жанубий ҳудудларда 1–10 август, марказий ҳудудларда 5–30 июнь, шимолий ҳудудларда 1–10 июнда экиш тавсия этилади. Ушбу муддатда экиш учун ош лавлагининг маҳаллий “Диёр”, “Ягона” ва чет эл навларидан Бордо–237, Бикорес, Боро Ғ1, Пабло Ғ1 дурагайлари тавсия этилади. Уруғ сарфи 14–16 кг экиш 50+20×8 см схемаси бўйича амалга оширилади.

Ош лавлаги ўсиб-ривожланиши учун энг қулай ҳарорат 20–25оС дир. Ош лавлаги совуқ (-2-3оС) ва юқори ҳарорат таъсирига чидамли бўлади, тупроқда нам етарли даражада бўлганда юқори ҳосил беради.

Шунингдек, мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланиш мақсадида такрорий муддатда ширин қалампир ва помидор экинлари кўчатларини экиш тавсия этилади.

Июн ойига келиб эртаги сабзавотлар ва картошка ҳосили пишиб етилади, шунинг учун пишиб етилган ҳосилни нест-нобуд қцлмай ўз вақтида териб олиш зарур.

Эртаги муддатда экилган картошка палаги сарғаймайди. Тупроқ ҳарорати 20–22оС дан ошганда туганаклар йириклашмайди. Шунинг учун ҳосилни кечи билан 15–20 июнгача йиғиштириб олиш зарур.

Эртаги карамни йиғиштириб олишда ўсимликнинг ташқи белгилари: карам бошининг зичлиги, қаттиқлиги ва шаклига, вазнига алоҳида аҳамият берилади. Эртаги карам ҳосилини йиғиштириш 10–15 июнгача тугалланиши керак.

Баҳорда экилган бодринг меваси тез-тез ва доимий равишда ҳар 3–4 кунда бир марта териб олиниши ва енгил (200–250 м3/га) суғорилиши керак. Бодринг меваларини тераётганда палакларини ағдармаслик лозим. Помидор меваларини териш кечиктирилса улар таркибидаги витаминлар кескин пасаяди, чирийди ва ҳосили камаяди. Тўлиқ пишган помидор мевалари ёзги юқори ҳароратда тез айнийдиган бўлади.

Республикамизнинг жанубий туманларида қовун ва тарвузнинг плёнка остида етиштирилган эрта-пишар навларини 40–50% етилган вақтда йиғиштириб олинади.

Шунингдек, эрта бахорда асосий экин сифатида экилган сабзавотлардан помидор, сабзи, ширин қалампир, бақлажон ҳамда полиз экинларидан қовун, тарвуз, бодринг, қовоқ майдонларида ҳам шу кунларда бажарилиши лозим бўлган асосий парвариш чора-тадбирларини, яъни ўсимликлар қатор оралари КРН-2,8Аёки КОН-2,8 русумли юмшатгичлар билан, ўсимлик оралиқларини эса қўлда чопиб юшматиш, бегона ўтларни йўқотиш, маданий ҳамда маҳаллий ўғитлар билан озиқлантириш, ўз вақтида суғориш, экинларда пайдо бўлган касаллик ва зараркунандаларни тезда йўқ қилиш чораларининг амалга оширилиши ўсимликлар ўсиб ривожланиши ҳамда ҳосил тўплаш жараёнларига ижобий имкониятлар яратишни таъмин этади.

Экилган асосий экин майдонларидан мўл ҳосил етиштиришни таъмин этишда ҳал қилувчи муҳим омиллардан бири ҳар бир экин тури талабига мувофиқ майдонларни ўртача ҳисобда 7–12 кун оралатиб 480–500 м3/га меъёрда суғориб туриш бўлиб, ҳар 2–3 маротаба суғоришдан сўнг ўсимликлар қатор ораларини КРН-2,8А русумли юмшаткич билан 12–14 см чуқурликда юмшатиб туриш тавсия этилади.

Р.Ҳакимов, Ф.Расулов

Манба: www.agro.uz

[contact-form-7 id=”1037″ title=”Контактная форма 1″]

Дўстларингизга ҳам улашинг!