Тарвуз

81

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: эртапишар – Ўринбой, Манзур, Чиллаки F1, Крисби F1, Кримстар F1 ва ўрта-эртапишар – Сурхон тонги, Дилноз, Шарқ неъмати, кечпишар – Ҳайит қора, Қўзибой.

Уруғ танлаш. Экиладиган тарвуз уруғи тоза, юқори унувчан, касаллик юқмаган, ўртача катталикда, бутун бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади.

Ер тайёрлаш. Полизчиликда ерни экишга тайёрлаш кейинги барча технологик чора-тадбирларни яхши наф беришини таъминловчи муҳим омилдир. Кузда ер 35–40 см чуқурликкача шудгор қилинади. Ерни шудгорлашдан олдидан минерал ва органик ўғитлар берилади. Баҳорда тупроқда намни сақлаб қолиш учун ерга узун тишли хаскаш ёрдамида ишлов берилади. Тарвуз эрта муддатларда экилганда ерни баҳорда қайта шудгорлашнинг ҳожати йўқ. Экинлар кечки муддатларда экилганда ерни қайта шудгорлаш зарур. Бунда тупроқни ағдармасдан туриб, 22 см чуқурликда юмшатиб чиқилади.

Экиш муддати ва схемаси. Марказий минтақада жойлашган вилоятларда тарвузнинг эртаги навлари 15 апрельгача, ўртагиси 20 апрельдан 10 майгача, кечкиси 15 майдан 10 июньгача; жанубий вилоятларда эртаги навлар 10 апрельгача, ўртагиси 10–20 апрельда, кечкилари эса 10–20 июньда экилади. Шимолий ҳудудларда эртаги тарвузни 20 апрельгача, ўртаги навларни 25 апрельдан 10 майгача, кечки навларни 20–30 майда экиш лозим.

Қатор оралари 210–280 см бўлган кенг эгат олинади. Бундай эгатлар полиз экинлари палакларини яхши таралишига имкон беради. Уруғлар 3–6 см чуқурликка экилади. Майда уруғли тарвузларни экиш учун 1 сотихга 45–50 г, йирик уруғли тарвузларни экиш учун 55–60 г уруғ сарфланади.

Парваришлаш. Агар уруғ нам тупроққа экилса ниҳоллар униб чиққунча суғориш талаб этилмайди. Тарвуз экинини асосий парваришлаш ишлари ўсимликларни яганалаш, тупроқни юмшатиш, экинни озиқлантириш, чопиқ қилиш, суғориш, палакларни тўғрилаш, бегона ўтлар ва зараркунандаларга қарши курашишни ўз ичига олади. Яганалаш икки босқичда – биринчиси ўсимлик чинбарг чиқарганда, иккинчиси чопиқ вактида ўтказилади.

Ниҳоллар ялпи униб чиққандан кейин қатор ораларини юмшатишга киришилади. Ниҳоллар униб чиққандан 20–25 кун ўтказиб, яъни уларда иккита-учта чинбарг пайдо бўлганидан кейин экин биринчи марта чопиқ қилинади, дастлабки сув берилади, озиқлантирилади. Иккинчи чопиқ биринчисидан 25–30 кундан кейин ўтказилади. Вегетация мобайнида қатор оралари 4–5 марта чопиқ қилинади.

Ўғитлаш. Тарвуз учун 1 сотих ерга соф ҳолда 0,750 г азотли, 0,750 г фосфорли ва 0,500 г калийли, органик ўғитлардан 300–400 кг солинади. Бўз тупроқли ерларда ўсув даврида экинни ҳар гал 1 сотихга 4–5 м3 меъёрда 8–9 марта суғориш кифоя. Сизот суви юза жойлашган далаларда ўсимликлар бўз тупроқли ерларга қараганда камроқ (4–5 марта) суғорилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Уруғни экишга тайёрлаш олдидан бир сутка давомида сувда ивитилади. Экинга касалликлардан илдиз чириш, фузариоз сўлиш, уншудринг, зараркунандалардан полиз бити (шираси), ўргимчаккана, оққанот, қовун пашшаси катта зарар етказади.

Зараркунандаларга қарши 10 сотих майдонга Моспилан 20% н.кук.  (25–30 г) ва касалликларга қарши Фолиар БТ 22,5% эм.к. (150 мл), Курзат Р н.кук. (200–250 г) ёки 1 фоизли Бордо суюқлигини қўллаш мумкин. 60–70 литр сувга тайёрланган аралашма пуркалади. Бу кимёвий препаратларни мутахассислар назоратида қўллаш зарур.

Ҳосилни йиғиштириш. Пишиб етилган тарвузларни танлаб-танлаб олиш йўли билан уч-беш марта йиғиб олинади. Кечки муддатда экилган навлар ҳосили эса бир марта йиғиштириб олинади. Пишган тарвузлар полизда узоқ муддат турса нобуд бўлади.

Манба: mehnat.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!