“Тавсия хати – қўшимча 10 балл”… Бу нима дегани?

13

Ёш фермерларнинг тендерда ғолиб бўлиш имконияти янада ортди

 

“Фермер хўжалигини юритиш учун ер участкаларини беришда танлов ғолибини аниқлаш тартиби тўғрисида”ги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг (ўзгаришдан аввал –муаллиф) буйруғи лех.уз сайтида эълон қилинди.

Мазкур ҳужжат 2018-йилнинг 31-январ куни собиқ Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Мирзаев томонидан имзоланган ҳамда эълон қилинган кундан эътиборан уч ой муддатдан кейин кучга кириши белгилаб қўйилган.

Ҳужжатда фермер хўжалиги учун ер олишдаги танлов (тендер) қоидаларига киритилган қўшимчани асосий ўзгаришлардан бири дейиш мумкин.

Унга кўра, энди (20-банд «й» қисми) талабгор Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан биргаликда берилган тавсиянома хатига эга бўлса, 10 балл билан баҳоланади.

Ҳужжатга киритилган ушбу қўшимчани фермер бўлиш истагидаги ёшлар учун катта имконият сифатида баҳолаш мумкин. Чунки, шу пайтга қадар ўтказилган танловларда аксарият ёшларнинг соҳада тажрибаси камлиги, маълумоти ва бошқа кўрсатгичларга кўра имкониятлари пасайиб кетарди.

Янги “тавсия хати – қўшимча 10 балл” тизимининг жорий қилиниши соҳага катта қизиқиш, янги билимлар билан кириб келаётган ёшларни дастлабги синовлардаёқ “синиб қолиши”ни олдини олади.

Еслатиб ўтамиз, ҳужжатга киритилган ушбу қўшимча бир неча ой аввал Ўзбекистон ёшлар иттифоқи муассислигида ўз фаолиятини бошлаган Ўзбекистон ёш фермерлари кенгаши томонидан таклиф этилган эди.

Ушбу танловда иштирок этиш истагида бўлсангиз «Ёшлар иттифоқи»нинг вилоят ва туман кенгашларига  учрашишингизни сўраймиз.

Дўстларингизга ҳам улашинг!