ТОК ТУПИГА ШАКЛ БЕРИШ ВА КЕСИШ

157

Ток кесиш муҳим агротехник усул бўлиб, токнинг ўсиши ва мева қилишини тартибга солади. Бу усул ёрдамида токни парваришлаш учун қулай шакл берилиб, у токзорлардан фойдаланиш давомида сақлаб турилади. Токка тўғри шакл берилиши ва оқилона ўстириш тизими тупдан узоқ вақт ва юқори ҳосил олинишини таъминлайди, қуёш нуридан, иссиқлик, сув ва озуқа моддаларидан тўлиқроқ фойдаланишга, шунингдек, механизацияни кенг қўлланишига имкон беради.

Ток қишга кўмиладиган минтақада кўп енгли елпиғичсимон шакл бериш усули кенг қўлланилади, бу ток тупларни кўмишини осонлаштиради, мўл ҳосил берадиган кўзчаларни қолдиришга имкон беради.

Тупни бир томонга елпиғичсимон шакллантиришда қатордаги туплар орасидаги масофа навларнинг ўсиш кучига боғлиқ: кучли ўсадиган навлар учун 2,5 м, ўртача ўсадиганлар учун 2 м. Бир томонлама елпиғичсимон шакл бериш учун тупда фақат керакли томонга ўсган новда ва енглар қолдирилади. Тупларни шакллантиришда ва улардан фойдаланишда ўз вақтида ва тўғри ҳомток қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Шакллантирилган тупларни ҳар йили кесишдан асосий мақсад яхши, сифатли юқори ҳосил олишни таъминлаш, туп шаклини сақлаш, нав хусусиятлари ва қўлланиладиган агротехника ва муайян ўсиш шароитига кўра кўзчалар миқдорини тартибга солишдан иборатдир.

Тупда етарли миқдорда куртаклар бўлмаса, ривожланадиган новдалар сони камайиб кетади, куртаклар меъёрдан ортиқча бўлса, ҳосилдорлик пасаяди, узум боши ва мевасининг ўртача оғирлиги камаяди, кейинги йили мева олиш учун фойдаланиш мумкин бўлган новдалар узунлиги ва сони қисқаради.

Токзорларда ток кесишни эрта ва ўртапишар навлардан бошлаш зарур, чунки уларнинг новдалари тезроқ пишади.

Шуни қайд қилиш керакки, ҳомтокни (кўк новдаларни боғлаш, тупларда новдалар кам ёки ортиқча бўлганида эрта ёзда чеканкалаш) тўғри ва ўз вақтида ўтказиш кесишни осонлаштиради ва ҳажмини қисқартиради. Ҳомток қилиш вақтида новдаларнинг кесилган жойи кузги кесишдагига нисбатан тезроқ битади.

Токни умум қабул қилинган технология бўйича кесиш зарур. Бунда ўткир ток қайчи ва аррадан фойдаланилади. Енглар фақат ички томондан кесилади, бунда кесилган жойлар яқинидаги зарарланган майдонларнинг туташиб кетишига йўл қўймаслик керак. Бу тупнинг ўсишини сусайтиради ва ҳосилдорлигини камайтиради. Зангларни кунда қолдирмай кесиш, бурчак куртакдан новда ҳосил бўлишини истисно этиш лозим. Ўринбосар новда ҳар доим мевали новдадан пастда ва енгнинг ташқи томонида қолдирилади. Енгда бир неча мевали новда қолдирилганда кесиш узунлигини уларнинг жойлашганлигига кўра табақалаштириш керак: мевали новда енг асосидан қанча узоқда жойлашган бўлса, у шунчалик узоқда қолдирилади. Новдадаги кесик силлиқ бўлиши ва тез битиши учун ток қайчининг бўртиқ кесувчи жағи тупда қоладиган новда ёки енг қисмига қаратилади.

Кузда ток кесишда шакллантириш учун кераксиз новдалар ва ўсиб кетган енглар олиб ташланади, бир йиллик новдалар ишлатилиш мақсадига (новда ёки мевали новда) кўра калталаштирилади.

Мева қиладиган туплар туп бошидан кесилади, бунда скелет новда баргдан тозаланади. Тик ўсувчи новдалар асосга тақаб кесилади. Ўсиб кетган ва эгилмайдиган бўлиб қолган енглар олиб ташланади ёки яхши ривожланган тупнинг ташқи томонига ўсган новдачага қурий бошлаган енглар олиб ташланади. Улар ўрнига бачки новдалар қолдирилади. Тупда пишган новдада тўрттадан кам бўлса, у ҳолда қатор жойлашган кучли новдалар янги енг шакллантириш учун қолдирилади. Енгларда асосга яқин жойлашган икки-учта кучли новда танланади, тупнинг ички томонига қараб ўсган энг пастки 2–3 та кўзча, ундан юқорисида 6–7 та, энг юқорисида 10–15 та кўзча қолдириб кесилади. Енг тез ўсиб кетмаслиги учун ўринбосар новдалар қолдирилади. Иккита ҳосилли новда кучли ҳосилли бўғинни ташкил этади.

Ток кўмиладиган ҳудудларда кузда дастлабки кесиш вақтида тупларда қўшимча куртаклар (қабул қилинган норманинг 20–25% миқдорида) қолдирилади. Баҳорда туплар очилгандан кейин куртаклар қишда шикастланган ва синган новдаларни ҳисобга олган ҳолда қолдирилади.

Токдан ҳар йили мўл ва юқори сифатли ҳосил олиш учун туплардаги куртаклар сони токнинг ўсиш кучи ва мева қилиш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда навлар бўйича табақалаштирилади.

Мева қилиш коэффициенти паст (ривожланган новдалардаги узум бошлари сони) бўлган кучли ўсадиган навлар (Пушти тоифи, Нимранг, Хусайни, Сурхок Китабский, шунингдек Қора кишмиш ва Оқ кишмишда кўзчалар кўпроқ қолдирилади. Енгларда кучайтирилган ҳосилли бўғинлар қолдирилади, ҳосилли новдалар 10–15 та кўзча қолдириб кесилади. Бир тупда 200–300 та кўзча қолдирилади.

Баян-ширей, Кульжинский, Сояки навлари учун озиқланиш майдони 3 х 2,5 м бўлган тупдаги кўзчалар 160–200 тани ташкил этади.

Ўртача ўсувчи Ркацители, Саперави, пушти Мускат, Алеатико навларида кўзчалар сони 150–180 тага етказилади.

Ҳосил новдалари кўп бўлган кучсиз ўсадиган Рислинг, Пино черный навларида 80–100 та кўзча қолдирилади.

Мамлакатимиз шароитида навнинг ўсиш кучи ва муайян новдага кўра (кучлироқ новдалар узунроқ кесилади) новдаларда 6–8, 9–12, 12–15 та куртак қолдириб, ҳар хил узунликда кесилади.

Республикамизнинг кўпгина ҳудудларида тупларни кўмишдан олдин ва уларни очгандан кейин бўладиган совуқлар кўзчаларнинг зарарланишига, енгнинг кўп йиллик қисмларидаги тўқималарнинг қисман қуришига олиб келади.

Йилдан-йилга шикастланишлар кўпайиши оқибатида ҳосилли новдалардаги кўп новдалар қуриши мумкин.

Кучли зарарланган токзорларда қисқа вақт ичида тупнинг ер усти қисмини қайта тиклаш ва бачкилардан ҳосил олиш учун токни яхши парваришлаш зарур. Шуни ҳисобга олиш керакки, туп бошида ва калта кесилган новдаларда ёки кунданинг пастки қисмида ривожланмаган ва ўйғонмаган куртакларнинг катта захираси бор, улардан мевасиз новдалар ривожланиши ва тупларнинг ер усти қисмини қайта тиклаш ва ҳосил олиш учун фойдаланиш мумкин.

Яхши сув озиқа режими қўшимча куртакларнинг ривожланишини кучайтиради. Зарарланган токзорларни биринчи навбатда суғориш зарур. Суғоришдан олдин минерал ўғитлар солиш керак.

Суғоргандан кейин туп бошидан кўплаб бачкилар ўсиб чиқади, улардан қулай жойлашган, тупнинг пастки қисмида ва қатор бўйлаб ўсувчи 8–10 та новда қолдирилади, қолганлари олиб ташланади. Бу ишни иложи борича эртароқ, новдалар синувчанлигида бажариш лозим.

Эгилувчан, тўғри шакллантирилган ва кесилган туп осон ва ихчам жойлашади. Бу токни сифатли кўмишга имкон беради.

Кўп йиллик маълумотларга кўра, республикамизнинг шимолий ҳудудларида кўпинча ноябрнинг биринчи ўн кунлигида ҳарорат -10–12 оС гача пасаяди. Бундай ҳароратда новдалари пишмаган тупларга зарар етади. Бунда кўмилмайдиган токзорларга анча зиён етиши мумкинлигини ҳисобга олиб, токларни кесиш, жойлаш ва кўмиш ишларини октябрнинг иккинчи ярмида тугаллаш керак. Ярим елпиғичсимон шаклда ўстиришда кўп йиллик занглар фақат бир томонга пастки ва иккинчи симга, ҳосил берувчи новдалар биринчи ва иккинчи, истисно тариқасида учинчи симга боғланади.

Муҳим агротехник тадбирлардан бири – ҳомток қилиш: новдаларни чилпиш, бачки новдаларни олиб ташлаш ва чеканка қилишдир. Новдаларнинг ўсиши ва етилиши, ҳосил сифати, ўсимликларни қишга тайёрлаш мана шу агротадбирларнинг ўз вақтида ва тўғри ўтказилишига боғлиқ.

Манба: agro.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!