ТОКЛАРНИ СОВУҚДАН САҚЛАШ

Республикамизнинг катта қисмида айрим йилларда қишда ҳаво ҳарорати
-25–30 оС гача пасаяди. Бу токни қишда кўмишни талаб этади.

Новдаларнинг яхши пишиши ва чиқишини таъминлайдиган юқори агрофонда ўстириладиган токлар яхшироқ қишлайди. Қишки захира суви бериш ҳам совуқнинг зарарли таъсирини сусайтиради.

Худди шунга ўхшаш ҳолни ёз охирида азотли ўғитлардан фойдаланилганда ҳам кузатиш мумкин, чунки бу ўғитлар новдаларнинг ўсиш даврини чўзиб юборади ва пишишини секинлаштиради.

Токлар дастлаб кузда кесилгандан кейин кўмишдан олдин қатор бўйлаб қўндоқлаб ётқизилади, МПВ машиналари бўлса, ток новдалари шу машиналар ёрдамида ётқизилади. Шимолий минтақаларда ток устига ётқизилган тупроқ уюмининг баландлиги 25–30 см, бошқа ҳудудларда эса 20–25 см бўлиши керак.

Шимолий минтақаларда ток учун хавфли кузги совуқлар ноябрнинг бошида тушади, шунинг учун токни кўмиш ишлари 1 ноябрда, қолган туманларда 10 ноябргача тугатилиши керак.

Токлар яхши кўмилиши зарур. Ёмон кўмилган ёки кеч кўмилган ток кузги совуқлардан, кейинчалик эса қишки совуқлардан зарарланади, новдаларни совуқ уради ва улар қуриб қолади.

Дўстларингизга ҳам улашинг!