ТОКЗОРЛАРНИ ПАРВАРИШЛАШ

rows of wine grapes in backlight

Токзор барпо этишдан олдин майдонни танлаш, тошлардан тозалаш керак. Механизмларни ишлаши ва токзорларни суғоришда яхши шароит яратиш учун нотекис майдонлар текисланади. Ерни тайёрлаш ишлари бульдозер, скрепер, грейдер ва бошқа техникалар ёрдамида ўтказилади.

Сизот сувлар юза жойлашган шўрҳок ерларда улар сатҳини пасайтириш учун вертикал ёки горизонтал зовурлар қурилади. Кучли шўрланган ерлар дастлаб яхшилаб ювилади. Ён бағирнинг тиклиги 10о дан ортиқ бўлган тоғли ҳудудларлар террасер, бульдозер, грейдерлар билан террасаланади. Террасаларнинг кенглиги камида 4 м бўлиши зарур. Агар ён бағирнинг тиклиги 10о дан кам бўлса, у ҳолда токлар контур усулда ўтқазилади.

Барча тайёргарлик ишлари тугалланганидан кейин тупроққа ишлов берилади. Токзорлар маҳсулдор бўлиши учун биринчи навбатда ток илдизларининг ривожланиши учун оптимал шароит-яхши сув-ҳаво ва озуқа режимини яратиш зарур. Бунинг учун кўчат ўтқазишдан олдин токзор барпо этиладиган майдон 50–60 см чуқурликда тупроқ қатламини тўлиқ ағдариб ҳайдалади. Бу ишлар Т-4 ёки Т-100 трактори билан агрегатланадиган ППН-50 плантаж плуги воситасида бажарилади. Тупроқ яхши юмшаши ва устки унумдор қатлам кўмилиши учун ток илдиз ривожланиш ҳудудида ерни чимқирқар ёрдамида 50–60 см чуқурликда ҳайдаш зарур. Чуқур ҳайдашдан олдин унумсиз тупроқларга гектарига 20–30 тоннадан органик уғитлар ёки ҳосилга кирган токзорларга солинадиган асосий ўғитлар миқдоридан икки маротаба кўпроқ фосфорли ва калийли ўғитлар солиш мақсадга мувофиқдир. Қўриқ ва бўз ерларга ток ўтқазишдан олдин ўғит солмаса ҳам бўлади.

Манба: agro.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!