ТОКЗОРЛАРНИ ҚАЙТА ТИКЛАШ

Токзорларни қайта тиклаш саноат токзорларини кенгайтириш мақсадида ҳосилдор токни кўчириб ўтказиш, комплекс механизация ва илғор технологияни қўлланиш имкониятини яратиш, тупларга шакл бериш ва қатор оралари кенглигини ўзгартириш, кам ҳосилли навларни истиқболли навлар билан алмаштириш, сув таъминотини яхшилаш учун қаторлар йўналишини ўзгартиришни кўзда тутади.

Токзорларни қайта тиклашдан олдин ерларни ўлчаб, съёмка қилиш, асосий текислаш, агромелиоратив ишларни ўтказиш, тупроқни чуқур ҳайдаш ва унумдорлигини тиклаш, майдонни ташкил этиш режаларини тузиш керак. Кўчириб ўтқазиш учун зарур бўладиган иқлимлаштирилган нав кўчатларига бўлган эҳтиёж аниқланади.

Токзорларни қайта тиклаш ва нав таркибини тартибга солишда республикамизда узумчилик тизимини тубдан қайта қуриш ва навлари нисбатини хўраки ҳамда майизбоп навлар фойдасига ўзгартиришни кўзда тутиш керак.

Шу билан бирга республикамизда ялпи узум ҳосилини камайтирмаслик учун бу ишларни режа асосида йилма-йил амалга ошириш ва яхши агротехник парваришлаш ҳисобига эски токзорлардан юқори ҳосил олиш лозим.

Тошкент воҳаси ва Фарғона водийси узумнинг хўраки навларини, Самарқанд, Қашқадарё, Бухоро, Навоий ва Жиззах вилоятлари кишмиш-майизбоп навларини етиштиришга ихтисослашган.

Токзорларда узумнинг қуйидаги хўраки ва кишмишбоп навларини етиштириш мақсадга мувофиқдир. Ўта эртапишар ва эртапишар хўраки навлар – Китоб сурхоки, Эртапишар, Ранний Шредера.

Эрта эртапишар – Қора кишмиш, Кишмиш Ботир ва Кишмиш Суғдиёна; ўртапишар – Хусайни, Қора жанжал, Гўзал қора, Оқ кишмиш, Кишмиш Хишров, Зарафшан кишмиши, Катта Қўрғон; ўрта кечпишар – Мускат Александрийский, Султони, Нимранг, кечки навлар – Ўзбекистон мускати, Пушти тоифи, Октябрьский.

Кейинчалик узумнинг август ойида пишадиган йирик оқ мевали кишмишбоп навлари – Кишмиш Ботир, Кишмиш Хишров, Кишмиш Зарафшон, Кишмиш Суғдиёна экиладиган майдонларни кенгайтириш зарур. Бу кишмишни қулай об-ҳаво шароитида қуритишни таъминлайди. Йирик қора мевали Кишмиш Суғдиёна сентябрь ойида пишади ва ташиш ҳамда узоқ вақт сақлашга ярайди. Юқоридаги барча навлар янгилигича ейиш ва қуритиш мумкин.

Узумнинг хураки-майизбоп Оқ Султони, Катта Қўрғон, Ўзбекистон мускати ва Мускат Александрийский навларидан юқори сифатли майиз олинади.

Токзорларда хўраки навлар билан бирга 10–12% техник навлар бўлиши керак, уларни қайта ишланиб, юқори сифатли шарбатлар, мусалласлар ва шампан виноларни (Кульжинский нави, Ркацители, Сояки, Баян Ширей, Мускат венгерский) ишлаб чиқарилади. Техник навлар парваришлашга кам маблағ талаб этади, бу меҳнат ресурсларидан унумлироқ фойдаланиш имконини беради. Узум бошлари йирик ва ўртача, мевалари серсув ва этли кўпгина техник навлардан жойида ҳўллигича ейиш ва қисман республика ташқарисига чиқариш учун фойдаланиш мумкин.

Бу навлардан хўраки нав сифатида фойдаланиш учун махсус қўшимча тадбирларни амалга ошириш, биринчи навбатда хўраки навлар каби ҳомток қилиш, ҳосили пишиб етила бошлаганда эса узум бошларига қуёш нурларининг яхши тушиши учун баргларини сийраклаштириш тавсия этилади. Бу ишлар шу навнинг хўракилик сифатлари (ранги, қанд тўпланишига, мевалари механик хусусиятлари) нинг яхшиланишига ёрдам беради. Бу навларнинг ҳосили техник ишлов бериш учун териб олинадиган муддатда 10–12 кун кечроқ ва меваларнинг шарбатида қанд моддаси 20 фоиздан кам бўлмаган пайтида узилади.

Янги токзорлар узумчиликдаги мавжуд фан-техника ютуқларидан фодаланган ҳолда барпо этилади. Иқлим шароити токнинг қишлаши учун қулай бўлган Сурҳандарё, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларинингг бир қисми, Қўқоннинг бир гуруҳ туманларида токни баланд танали қилиб шакллантириб кенг қаторларда ўстириш мақсадга мувофиқдир. Бу ҳосилдорликнинг анча ошишига ва меҳнат харажатларининг камайишига ёрдам беради.

Бундан ташқари, Сурхондарё вилоятида эртапишар узум навларини кўп миқдорда ўстириш керак. Бу аҳолини 1 ой илгари янги узум билан таъминлаш ва республикадан четга ҳам жўнатиш имконини беради.

Узумнинг хўраки-майизбоп Нимранг, Катта қўрғон навларидан токзор барпо этишда шуни ёдда тутиш керакки, бу навларнинг гули урғочи типли бўлиб, чанглатувчи навлар билан бирга (1–2 қатор оралатиб) ўстиришни талаб этади.

Нимранг нави учун Қора кишмиш, Пушти тоифи ва Мускат венгерский, Катта Қўрғон нави учун Қора кишмиш ва Ркацители навлари чанглатувчи сифатида хизмат қилиш мумкин.

Манба: agro.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!