Токзорларни суғориш

Республикамизда токзорларни эгатлаб суғориш кенг тарқалган. Ўқ ариқлардан сув ток қатор ораларида очилган эгатларга оқади. Эгатларнинг чуқурлиги 18–20 см, узунлиги 100 м. дан 300 м. гача, механик таркиби бўйича енгил тупроқларда эгатлар узунлиги оғир тупроқлардагига нисбатан қисқароқ бўлиши керак.

Суғориш эгатлари орасидаги масофа токзор тупроғи ва ток қатор оралари кенглигига боғлиқ. Сув ўтказувчанлиги ўртача ва механик таркиби бўйича оғир тупроқларда ток қаторидан 0,5–0,6 м масофада очилган иккита суғориш эгати кифоя.

Суғоришда навнинг ўзига хос хусусиятлари ва тупроқ-иқлим шароитини ҳисобга олиш зарур. Токнинг яхши ўсиши ва ҳосил қилиши учун тупроқнинг намлиги дала сув сиғимидан 70 фоиздан кам бўлмаслиги энг қулайдир.

Токнинг сувга эҳтиёжи ривожланишининг турли фазаларида бир хил эмас. Шунинг учун вегетациянинг биринчи даврида тупроқ намлигини дала сув сиғимидан 70–80%, иккинчи даврида эса 60–65% даражадасида сақлаб туриш керак.

Ўсиш давомида ҳосилдор токзорларни оғир тупроқларда 2–4 маротаба, сувни тутиб қолиш қобилияти паст тупроқларда (қумли, тошлоқ) 7–9 маротаба суғориш керак. Сизот сувлари юза жойлашган тупроқларда суғоришларни тупроқ намлигига кўра ўтқазиш керак. Суғоришни бошлаш ва уларнинг миқдори ҳам тупроқ намлигига кўра белгиланади. Биринчи ўсиш даврида суғориш муддати тупроқ, об-ҳаво, шунингдек, қишки сув беришга боғлиқ бўлиб, май–июнь ойида ўтказилади.

Оғир соз тупроқларда ўсиш даврида битта суғориш гектарига 700–800 м3, енгил қумоқ, шунингдек, тошлоқ тупроқларда 400–500 м3 ни ташкил этади.

Куз-қиш даврида гектарига 1200–1500 м3 ҳисобидан захира сув берилади, бунда тупроқ 1,5–2 м чуқурликкача намланиши керак. Бундай миқдорда 2–3 маротаба суғоришдан кейин тупроқда кўп миқдорда сув захираси тўпланади. Бу суғоришлар ўсимликнинг ўсиш даврининг биринчи ярмида нам билан таъминлайди. Бу ҳолда ўсиш даврида суғоришлар сонини биттага қисқартириш мумкин.

Баҳорги ёмғирлардан, шунингдек, ҳар бир ўсиш даврида суғоришдан кейин тупроқнинг етилишига қараб намни сақлаб қолиш мақсадида ток қатор ораларини ўз вақтида ва сифатли юмшатиш зарур.

Ток новдаларининг ўз вақтида етилиши, ўсимликларнинг қишга тайёрланиши ва ҳосилнинг пишиши учун суғоришни шимолий ҳудудларда сентябрь бошида, жанубий минтақаларда сентябрь ўрталарида тўхтатиш керак.

Ёғингарчилик 600 мм. дан кам бўлмайдиган тоғ-тоғолди минтақасида ток суғормасдан ўстирилади.

Лалми ва шартли суғориладиган токзорларда ёмғир сувларини тўплаш учун ёмғирдан кейин кузда ер чуқур ҳайдалади ва юмшатилади. Тупроқни ўз вақтида ва сифатли юмшатиш намнинг сақланиб қолишига, суғорилмайдиган токнинг яхши ўсиши ва ҳосил қилишига ёрдам беради.

Баъзи тоғолди-тоғли ҳудудларда, имконият бўлса, токни ҳеч бўлмаганда бир маротаба суғориш зарур. Бу унинг ўсиши ва ҳосил қилишини анча яхшилайди.

Тупроқ ичидан ва томчилаб суғориш усули истиқболлидир. Бундай суғоришда сув тежалади, ёзги ишлов беришлар истисно этилади, ҳосилдорлик 40 фоизга ошади. Нишаб ерларда томчилатиб суғориш самаралидир, бу бошқа экинлар етиштириш учун яроқсиз ерларни қишлоқ- хўжалик оборотига киритиш имконини беради, тупроқ эрозиясини пасайтиради, шунингдек эгатлаб суғоришга нисбатан сувни 40–50 фоизга тежайди.

Манба: agro.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!