Токзорларни ўғитлаш

rows of wine grapes in backlight

Токчиликда ўғитларни қўллаш самарадорлиги кўпгина омиллар билан белгиланади, улар ичида тупроқнинг табиий унумдорлиги, унинг намланганлиги, умумий ток ўстириш маданияти ва токларнинг тупроқдан озуқа моддаларини истеъмол қилиш қобилияти кабилар муҳим ўрин эгаллайди.

Ҳосил ва токнинг вегетатив массаси билан тупроқдан анча озуқа моддаларининг олиб чиқилиши тупроқнинг табиий унумдорлигини яхшилаш ва уни керакли даражада сақлаб туришни талаб қилади.

Қўриқ ва қайта тикланган ерларда (айниқса, ерларни мукаммал текислашда тупроқ қатлами анча чуқурликда олиб ташланган ҳолларда) янги токзорлар барпо этишдан олдин тупроқ унумдорлигини кўп миқдорда органик ўғитлар (40 тоннагача) солиш қўшимча равишда тегишли миқдорда минерал ўғитлар солиб, 1–2 йил давомида оралиқ экинлар етиштириш йўли билан яхшилаш талаб этилади.

Яхши текисланган, органик моддалар билан бойитилган, кўп йиллик бегона ўтлардан тозаланган майдонларда ток ўтқазишдан 2–3 ой олдин ер чуқур ҳайдалади.

Ток ўстириш учун суғориладиган алмашлаб экилган ерларни ўзлаштиришда чуқур ҳайдашдан олдин минерал ўғитларнинг асосий миқдорини гектарига (120 кг азот, 90 кг фосфор ва 30 кг калий) органик ўғитлар гектарига 5 дан 20 тоннагача қўшиб солиш мумкин.

Қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришида органик ўғитларнинг (айниқса, гўнг) катта самарадорлигини ҳисобга олиб, токчиликда бу ўғитлардан тежаб ва мақсадга мувофиқ фойдаланиш зурар. Бунинг учун гўнг ўрнида таркибида чириган органик моддалар бор чиқиндилар (узум тўпони, ўсимлик қолдиқлари) дан кенг фойдаланиш керак. Уларга фосфор, калий, микроэлементлар (кул, суяк, саноат чиқиндилари) дан иборат минерал моддалар қўшилади.

Бундай органик моддаларни солиш меъёри гўнг солиш меъёрига нисбатан 2–3 маротаба юқори бўлиши керак.

Узумдан мўл ҳосил олинадиган токзорларда ҳар 3–4 йилда гектарига 20–40 т миқдорида органик ўғитлар солиб туриш зарур. Бунда ўғит ток туплари қишга кўмилгандан кейин ерни 25–35 см чуқурликда ҳайдаб, гўнг сочгич билан солинади. Органик ва минерал ўғитларни чуқур ковлагич билан қазиладиган 60 х 60 см. ли чуқурларга солиш жуда самаралидир. Бунда ҳар бир чуқурга 20–30 кг. дан ўғит солинади.

Ўтқазилганининг дастлабки икки йилида ток илдиз тизими кучсиз ривожланиб, тупроқда унча чуқур жойлашмайди ва экишдан олдин тупроқнинг унумдорлигини яхшилаш сув ҳаво режими қулайлигида ўсимликларнинг минерал ўғитлар билан етарлича озиқланишини таъминлайди.

Шу билан бирга ток қатор ораларида полиз ва сабзавот экинларини улар учун қабул қилинган ўғитлаш ва суғориш технологияси бўйича етиштиришда ҳам токзорларда қулай сув озуқа режими яратилади.

Суғориладиган бўз тупроқларда ўстириладиган ҳосилдорлиги гектаридан 200–250 ц. ли токзорларда минерал ўғитларнинг асосий меъёри 120 кг азот, 90 кг фосфор ва 30 кг калий (таъсир этувчи модда)ни ташкил этади.

Ҳосилдорлиги янада юқори бўлган, шунингдек, унумсиз тупроқларда (қумлок, тошлоқ) ўстириладиган токзорларда фосфор ва калий меъёрини гектарига 90–120 кг. гача ошириш мумкин.

Ток новдалари яхши ўсмаганда ёки тупда кўп ҳосилли новда ва шўралар ривожланиб, ҳосил мўл бўлган йилларда, ёки физиологик фаол моддалар (Гиббереллин, ТУР) қўлланилганда, токларни биринчи маротаба май ойида, иккинчи маротаба 10–15 кундан кейин гектарига 60 кг азот, 45 кг фосфор ва 15 кг калий билан қўшимча озиқлантириш талаб этилади.

Суғорилмайдиган ерлардаги токзорларда тупроқда етарлича нам тўпланганда (кеч куз ва баҳорда) органик ўғитлар аралашмасини солиш керак, бу ўғитларнинг ўсимлик илдизларига яхши етиб боришини таъминлайди. Бундай шароитда ўғитларни чуқурчаларга солиш айниқса самаралидир. Ўртача қумоқ тупроқларда гектарига 3 т гўнгни гектарига 60 кг. дан азот ва фосфор ва 15 кг калий билан 30–40 см чуқурликка солиш зарур. Оғир қумоқ тупроқларда
1 т гўнг билан 30–40 см чуқурликка солиш зарур. Оғир қумоқ тупроқларда 1 т гўнг гектарига 120 кг азот, 90 кг фосфор ва 30 кг калий билан қўшиб 40–50 см чуқурликка солинади.

Комплекс минерал ўғитлар (аммофос, нитрофос ва бошқалар) оддий ўғитларга нисбатан бир қатор агрокимёвий иқтисодий афзалликларга эга.

Озиқа элементлари бўйича уларнинг солиш миқдори оддий ўғитлар учун тавсия этилган солиш миқдори билан бир хил. Шунинг учун озиқа элементлари таркибини кўпайтириш учун комплекс ва оддий ўғитлардан биргаликда фойдаланиш керак. Масалан, суғориладиган ҳосилдор токзорларда ҳар йили баҳорда токлар очилгандан кейин гектарига 225 кг аммософ билан бирга 225 кг аммиакли селитра ва 250 кг калий ёки 455 кг нитрофос ҳисобидан минерал ўғитлар солинади.

Токларга гуллашдан икки ҳафта олдин вентиляторли пуркагичлар билан ишлов берилади. ТУР таъсирида ҳосилдорлик 40 фоизга ошади.

Узум бошининг ўртача оғирлиги яхши мева тугиши ҳисобига 1,5–2 маротаба ортади. Уруғсиз навларга ТУР препаратининг 1 фоизли эритмаси билан гуллашидан 2 ҳафта олдин ишлов бериш мақсадга мувофиқдир, кейин тўпгулларга Гибереллин эритмаси пуркалади.

Манба: agro.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!