ТОКЗОРЛАРНИ ЗАРАРКУНАНДА ВА КАСАЛЛИКЛАРДАН ҲИМОЯ ҚИЛИШ

30

Мамлакатимиз шароитида ток ўсимлигига асосан зараркунандалардан узумхўр қурт, ун ғуборли ток қурти тоғолди минтақаларда кравчик қўнғизи; касалликлардан оидиум, антракноз, бактериал рак ва қисман хлороз касаллиги жиддий зарар келтиради.

Узумхўр қурти (узум куяси, шингил қурти) узум тўпгули, тугунча, ғўра ва етилиб келаётган ғужум билан озиқланади. Бунда ток ҳосилининг ярмидан кўпроғи чириб кетади сақлашга ва бозорга олиб боришга ярамайди. Шингил қурти мавсумда тўрт авлод бериб ривожланади. Кўкламда капалаклар ток шўрасида тўпгуллар шаклланганда учади ва ғунчаларга тухум қўяди.

Иккинчи авлод капалаклари учиши ток гуллагандан 17–20 кун ўтгач бошланади. Учинчи авлодни берувчи капалаклар июлнинг иккинчи ўн кунлигида учиб чиқиб тухум қўя бошлайди. Муддатларни аниқлашда феромонли тутқичлардан ҳам фойдаланса бўлади.

Кураш чоралари. Узумхўр қуртининг зарарини камайтириш учун шўра хомток, ғўра хомтоклар ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши новдалар чеканка қилиниб барглар сийраклаштирилиши керак.

Бунга қўшимча 2–3 маротаба пуркаш ўтказилиши, биринчи пуркаш, Қора кишмиш, Пушти Тоифи навлари 4–5 та чинбарг чиқарганда, иккинчиси ток гуллагандан 17–20 кун кейин, зарурат бўлса учинчиси иккинчисидан 7–10 кун ўтгач бажарилиши лозим. Токларни Бензофасфат, Золон ёки Карбофос (100 л сувга 300 г) ёки олма қуртига қарши тавсия этилган препаратлардан бирини қўллаб пуркаш самаралидир. Бир йўла кул касаллигини даволаш мақсадида ишчи суюқлигига коллоидли ёки ҳўлланувчи олтингугурт қўшиб пуркалади (100 л сувга 0,8–1 кг). Вектра, Топаз препаратларини қўшса ҳам бўлади. Томорқа шароитида тамаки қайнатмасидан фойдаланса ҳам бўлади.

Ун ғуборли ток қурти ток ширасини сўриб, унинг бутун қисмини зарарлайди. Шикастланган ток барглари сарғайиб, тўкилиб кетади, узум бошлари эса қуриб қолади. Оқибатда ҳосил сезиларли даражада камайиб кетади. Ғужумлари бемаза бўлиб етилади, устилари қуртнинг ширали чиқиндиси билан булғанади.

Кураш чоралари. Агар узумхўр қуртига қарши кураш ўтказилган бўлса, ун ғуборли ток қуртига қарши баҳор, ёз ойларида махсус пуркаш ўтказмаса, ҳам бўлади. Кураш чораларини амалга ошириш зарурати туғилса, кузда ёки эрта баҳорда куртаклар бўртиш олдидан ток туплари 0,2 фоизли Данитол (10 л сувга 20 г) билан жиққа қилиб пуркалади. Золон ёки Карбофос (10 л сувга 30 г) препаратлари ёки тамаки қайнатмасидан ҳам фойдаланса бўлади.

Кравчик (Хумбош) қўнғизи серсув ўсимликлар, шу жумладан, токнинг кўкламги барра новдалари билан озиқланади. Битта қўнғиз 4 тадан 12 тагача кўк новдани қирқиб ташлайди. Тоғли ва тоғолди минтақаларда зараркунанда анча тарқалган. Кравчикнинг зарарлик даври 15–20 кун бўлган баҳорги тури ток тупи учун энг хавфли ҳисобланади. У кенг тарқалган жойларда ҳосилдорлик 60–70 фоизгача пасайиб кетиши мумкин.

Кураш чоралари. Эрта баҳорда ток новдалари ўз вақтида кўтариб боғланади. Қўнғиз инларини бузиб ташлаш мақсадида МПВ-1 (токзорлар тупроғига ишлов берувчи бир қаторли машина) ёки бошқа механизмлар ёрдамида туплар оралиғи тупроғига ишлов берилади. Ер бағирлатиб ўстирилган токзорлар ва сўрига кўтарилмаган ёш токзорлар атрофидаги майдон дориланади. Бу иш дастлабки қўнгизлар қишлов жойларидан чиққандан 3–4 кун ўтгач (10 м2 майдонда 2–3 та топилганда) бажарилади.

Препаратлардан ток мевахўри ва олма қуртига қарши тавсия этилганлари қўлланилади. Бензофосфат кукуни 1 гектарга 3–4 кг ҳисобидан олтингугуртга қўшиб чанглатилса ҳам бўлади.

Токнинг оидиум (ун шудринг, кул, шўра) касаллиги юртимиз шароитида кенг тарқалган. Токлар бу касалликдан ҳимоя қилинмаса, ҳосили 60–80 фоизгача ёки бутунлай нобуд бўлиши мумкин. Замбуруғли бу касаллик токнинг ҳамма яшил қисмларини тўпгул, гултож ва узум ғужуми, узум бандлари, новда, баргларни ҳам зарарлайди. У билан касалланган узум доналари майдалигича қолади, шаклини йўқотиб ёрилиб кетади.

Новдалари ривожланмайди ва яхши етилмайди. Оқибатда келгуси йил ҳосили ҳам кескин камаяди. Шунинг учун фермер хўжалиги ва томорқа шароитида ҳомтоклар ўз вақтида ва сифатли ўтказилмаса ишком ва сўриларда токлар қалинлашиб кетса, узумлар ёрилади ва чириб кетади.

Касаллика, айниқса, Хусайни, Каттақўрғон, Қора кишмиш, Пушти тойфи, Гўзал қора навлари кўпроқ чалинади. Винобоп навлардан Хиндогни, Ркацители, Гулжа узуми кўпроқ зарарланади.

Касалликнинг олдини олиш ва ҳимоя чоралари. Мавсумда шўра ҳомток, ғўра ҳомток ва узумзорларга сув таралган даврда, чилла чиққандан сўнг новдаларни қисқартириш ортиқча баргларни олиб ташлаш зарур. Ҳомтоклардан кейин новдаларни яхши шамоллайдиган ва ёруғлик бемалол тушадиган қилиб тараш керак.

Агротехник тадбирлар ўтказиш билан бир қаторда токларга туйилган олтингугурт билан ишлов бериш яхши самара беради.

Токларда биринчи маротаба эрта баҳорда новдалар боғланиб, 3–4 тадан чинбарг ҳосил бўлганда, 8–10 кундан кейин – иккинчи маротаба, ток гуллаб бўлгандан кейин 2 ҳафта ўтгач, учинчи маротаба олтингугурт чанглатилади. Узумзорларни ёшига ва қалинлигига қараб гектарига 20 кг. дан 35–40 кг. гача олтингугурт сарфланади. Олтингугурт кукуни бўлмаса 1 фоизли ҳўлланувчи олтингугурт пуркалади (100 л сувга 1 кг). Топаз (100 л сувга 50 г) ёки Вектра (100 л сувга 30 г) препаратларини ҳам қўлласа бўлади.

Томорқа шароитида олтингугурт токнинг қалинлигига қараб 10 м2 га
60–100 г сарфланади. Сувда эрийдигани 10 л сувга 100 г миқдорда солинади, новда ва барглар ўта ҳўл бўлгунича пуркалади.

Доғли антракноз (қорасон, чечак) замбуруғли касаллик бўлиб, токнинг барча яшил аъзоларини зарарлайди. Баргларда қўнғир доғлар пайдо бўлади, новданинг пўсти ва ўзи ёрилади, қийшаяди, мўртлашади, бутунлай қуриб қолиши ҳам мумкин. Узум шакли бузилади ва ёрилиб кетади. Бу касаллик кўклам ойлари серёғин келганда жуда ҳам ривожланади.

Кураш чоралари. Касалликга қарши курашда агротехник чоралар профилактик характерга эга. Калий ўғитини кўпроқ бериш керак, шунда ўсимликнинг касалликка чидамлилиги ошади. Кузда ток кесишда зарарланган новдалар ёқиб юборилади. Қатор оралари тупроқ қатламини ағдариб чуқур ҳайдаш, зарур бегона ўтлар босишига мутлақо йўл қўймаслик керак.

Антракноз билан зарарланган токзорлар, кузда кўмишдан олдин 3 фоизли Бордо суюқлиги (100 л сувга 3 кг мис купороси ва 3 кг оҳак) билан барча занг ва новдалари ювиш даражасида пуркалади. 5о ли оҳак-олтингугурт қайнатмаси ҳам самаралидир. Баҳорда, ўтган мавсумда зарарланган токзорлар куртак чиқариши биланоқ 1 фоизли Бордо суюқлиги (100 л сувга 1 кг мис купороси ва 1 кг оҳак) билан пуркалади. Бу даврда оҳак олтингугурт қайнатмасининг (ИСО) 1 градуслигини қўлласа ҳам бўлади. Топсин (100 л сувга 100 г) ёки Вектра (100 л сувга 30 г.) препаратлари ҳам самаралидир. 10–12 кун ўтгач препаратлар қайта пуркалади. Томорқада ҳам куртак ёзила бошлаганда 1 фоизли Бордо суюқлиги сепилади (10 л сувга 100 г мис купороси ва 100 г оҳак) 7–10 кун ўтгач такрорланади.

Бактериал рак (буқоқ) касаллигини келтириб чиқарувчи бактериялар токнинг зангларида ва илдизга яқин қисмида йуғонлиги 10–15 см. гача бўлган рак шишларини келтириб чиқаради. Токнинг ривожланиши сусаяди, айрим занг ва новдаларни баъзан ток тупининг ўзини ҳам қуритади. Кузда яхши ёпилмаган ва совуқлардан шикастланган токзорлар рак касалига кўпроқ чалинади.

Кураш чоралари. Бу касаллик одатда зарарланган токлардан тайёрланган кўчатлар орқали тарқалади. Шунинг учун қаламчалар ниҳоятда соғлом туплардан олиниши керак.

Зарарланган новда ва занглар токзордан олиб чиқиб ташланади ва ёқиб юборилади. Бордо суюқлиги ва оҳак-олтингугурт қайнатмаси антракноз касаллигига қарши қандай қўлланса, рак касаллигига қарши ҳам шундай пуркаш сифати юқори бўлиши керак.

Хлороз (ток баргларини сарғайиши) касаллигига чалинган токзорларда новдалар ўсишдан тўхтайди, тўпгуллар сарғайиб тўкилиб кетади, барглар рангини йўқотади ва қуриб қолади.

Кураш чоралари. Хлорозга қарши курашув ток ёшини ҳисобга олган ҳолда бир тупга 0,3–1 кг ҳисобида темир купороси ишлатилади. Препарат кузда 25–30 см чуқурликда қазилган туп атрофидаги ариқларга солиниб, устига тупроқ ташланади ва суғорилади. Сернам ерлар тупроғи юмшатилади ва нами қочирилади.
Б.Сулаймонов, Й.Саимназаров, Р.Абдуллаев, У.Набиев

Манба: agro.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!