Томчилатиб суғоришнинг афзалликлари

Томчилатиб суғорилганда, экиннинг илдиз қатламида доимий бир хил намлик муҳити шакллантирилиб, экин учун керакли вақтда сув ва озиқ моддаларни олиш имконияти яратилади. Бундай шароитда ўсимлик ўзининг барча қувватини ривожланишга, мўл ва сифатли ҳосил тўплашга йўналтиради.

Натижада ҳосилдорлик боғ ва токзорларда 40 % гача, сабзавотларда 80 % гача ортади, яъни экинни суғориш учун сув одатдагидан кам сарфланса-да, мўл ҳосил олинади.

томчилатиб суғорилган олма боғи

томчилатиб суғорилган пиёз

Тупроқ эрозияси камаяди

Экинлар томчилатиб суғорилганда сув ариқдан оқмайди. Шунинг учун суғориш вақтида даланинг тупроғи ювилмайди ва даладан оқиб чиқиб кетмайди.

Натижада дала тупроғининг эрозияси буткул бартараф этилади, энг муҳими, унинг унумдор қатлами даланинг ўзида сақланиб қолади.

Томчилатиб суғоришда ўғитлар (озуқа) ўсимлик эҳтиёжига мос равишда сувга қўшиб берилади. Сувда эритилган ўғит тўғридан-тўғри ўсимлик илдиз қатламига етказиб берилади. Экинга ўғитни тўлиқ ўзлаштириши ва ундан самарали фойдаланиши учун шароит яратилади.

Томчилатиб суғорилганда, сув ариқда оқмаганлиги боис ўғитларнинг тупроқдан ювилиши, сизот сувларигача шимилиши ва оқава билан чиқиб кетиши бартараф қилинади.

Натижада мавсумда сарфланадиган ўғитларнинг миқдори 30–40 % гача камаяди.

Экинлар томчилатиб суғорилганда, сувнинг тупроққа беҳуда сингиши кузатилмайди, сизот сувлари сатҳининг кўтарилиши, экин майдонининг шўрланиши ва ботқоқланиши каби ҳолатлар бартараф этилади.

Натижада, зах қочириш ва шўр ювиш каби тадбирларга ҳожат қолмайди. Асосийси, экин даласи атрофида ер ости сизот сувлари сатҳини пасайтириш учун зовурлар кавлаш зарурияти йўқолади.

Томчилатиб суғорилганда экинлар ҳосили одатдагидан 10–15 кун эрта пишиб етилади.

Мўътадил иқлим минтақасида жойлашган Ўзбекистон шароитида бир йиллик экинлар, айниқса пахта етиштиришда ҳосилнинг эрта пишиши муҳим аҳамиятга эга.

Қўшқаторлаб экилган ва қатор ораси полиэтилен плёнка билан ёпилган ғўза томчилатиб суғорилганда, пахта ҳосили сентябрь ойининг иккинчи ярмида тўлиқ пишиб етилади. Натижада пахта ҳосили бир мартада тўлиқ териб олинади. Ҳосили эрта йиғиб олинган пахта даласига совуқ кунларга қолмай, келгуси йил учун буғдой уруғини эртароқ сепиб, уни тўлиқ ундириб олиш имконияти яратилади.

Қўл мехнати камаяди

Томчилатиб суғорилганда, далада эгат олинмаганлиги боис сувчилар томонидан сув тарашга ҳам ҳожат қолмайди.

Натижада сувчиларнинг қўл меҳнати камаяди.

Томчилатиб суғоришда сув шланглар ёрдамида экиннинг илдиз қатламига етказиб берилади. Бунда даланинг фақат экинлар жойлашган қисмигина намланади, яъни даланинг тупроғи қотмайди. Натижада тупроқни юмшатишга (культивацияга) ва ундан кейин яна эгат (ариқ) олишга ҳожат қолмайди.

Томчилатиб суғоришда ўғит сув билан бирга берилганлиги боис ўғитлаш учун техника ишлатишга зарурият қолмайди.

Шундай қилиб, томчилатиб суғорилганда, дала тупроғи қотмайди ва культивация қилинмайди ҳамда ўғитлар сув билан бирга берилганлиги боис, мавсум давомида техника воситаларини ишлатиш зарурияти янада камаяди, нафақат ёнилғи-мойлаш материалларига, балки техникани таъмирлашга сарфланадиган харажатлар ҳам тежаб қолинади. Тупроғи қотмаган далани кузда ҳайдаш ҳам осон кечади.

Натижада меҳнат ва ёнилғи-мойлаш материаллари сарфи бир неча мартага камаяди. Бундан ташқари, ишлатилмаган техниканинг бузилиши ва уни таъмирлаш харажатлари ҳам камаяди.

Экинлар томчилатиб суғорилганда, сувнинг тупроққа беҳудага шимилиши бартараф этилади, даладан ташламага сув чиқарилмайди. Натижада суғоришга ишлатиш учун режалаштирилган сувнинг катта қисми тежалади.

Томчилатиб суғорилганда сув қуйидагилар ҳисобига тежалади:

  • суғоришга берилаётган сувнинг миқдори (суғориш меъёри) экиннинг сувга бўлган кунлик талабига мослаштирилган бўлади (суғориш меъёри ва муддати амалдаги буғланиш ва транспирациянинг ҳисоби асосида белгиланади);
  • сув тўғридан-тўғри ўсимликнинг илдизи ривожланадиган қатламга берилганлиги боис намланадиган майдон камаяди;
  • экин даласининг катта қисми қуруқ қолганлиги боис сувнинг тупроқ юзасидан буғланиши камаяди;
  • далада бегона ўтларнинг ривожланиши камайганлиги боис, суғоришга берилган сувнинг барчасини фақат экиннинг ўзи олади;
  • суғоришга берилаётган сувнинг тупроққа сингиши камаяди;
  • экин даласидан ташламага сув чиқмайди.

Томчилатиб суғоришда даланинг фақат экин экилган қисмигина суғорилади, (дала эмас, экин суғорилади). Масалан, 1 га боғни 1 марта суғориш учун 35 – 70 м3/га (ўртача 50 м3/га) сув сарфланади. Бутун мавсум давомида боғ 60–70 марта суғорилади, демак, томчилаб суғорилганда, одатдагидан қарийб 2 марта кам сув ишлатилади.

Натижада томчилатиб суғорилганда, бошқа суғориш усулларига нисбатан экин турига қараб 20 % дан 50 % гача сув тежалади.

Томчилатиб суғорилаётган боғ ва сабзавот далалари тупроқларининг намланиши

Дўстларингизга ҳам улашинг!