Томорқадан унумли фойдаланмаган 3 баробар кўп солиқ тўлайди

1
Хоразм вилояти Қўшкўпир ва Хива туманларида томорқадан унумли фойдаланиш, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари, оилавий тадбиркорларга яратилаётган солиқ имтиёзлари масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
– Томорқадан унумли фойдаланиб, арзон, сифатли мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштираётган деҳқонлар тажрибасини оммалаштириш бўйича ҳудудда муайян ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи З.Қурбонов. – Аҳоли билан ўтказилган мулоқотларда мутахассислар томонидан қишлоқ аҳолисига банкдан кредит олиш, уруғлик ва кўчат етказиб бериш, ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича таклиф ҳамда тавсиялар берилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 291-моддасига асосан якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкаларининг томорқа қисмига қишлоқ хўжалиги экинлари экилмаган ёки уни ободонлаштирилмаган ҳолларда 3 баробар миқдорда ер солиғи тўланишини белгиловчи қўшимчалар киритилгани ҳақида аҳоли хабардорлигини оширмоқдамиз.
Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Темуров раҳбарлик қилаётган вилоят тўртинчи секторига бириктирилган Хива ва Қўшкўпир туманларида ҳам томорқа хўжалигини ривожлантириш орқали нафақат оиласи, балки иқтисодиётимиз ривожига ҳисса қўшаётган фуқароларнинг сафи кенгайиб бормоқда. Мазкур ҳудудларнинг 10 мингдан ортиқ хонадонларида 11 минг гектарга яқин томорқа ер майдони мавжуд. Деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқа ер майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги юзасидан ушбу туманларда олиб борилган ўрганишлар жараёнида фуқаролар томонидан аниқланаётган камчиликлар ўз ечимини топмоқда. Жумладан, ўтган давр мобайнида 5,7 гектар шахсий томорқа ер майдонларидан самарасиз фойдаланиб келаётган фуқароларга амалий ёрдам кўрсатилди. Чекка ҳудудларда томорқа еридан унумли фойдаланиб, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйган ва иссиқхоналарда полиз экинлари етиштираётган юртдошларимиз иштирокида амалий машғулотлар ҳам ташкил этилмоқда.
– Ҳозирда 60 сотих ер майдонида иссиқхона барпо этганмиз, – дейди Қўшқўпир тумани Ўртаёп маҳалласида яшовчи Темур Раҳимов. – Иссиқхонадан олинаётган маҳсулот кундалик рўзғор билан бирга, бозорда сотиш учун ҳам мўлжалланган. 2017-2018 йилларнинг қиш ойларида исмалоқ, помидор, бодринг ва аччиқ қалампир экиб, 3 марта ҳосил олиш эвазига йиллик даромадимиз 100 миллион сўмдан ошди. Даромад эвазига фаолиятимизни янада кенгайтириб, маҳалламиздаги 30 дан ортиқ аёлларни иш билан таъминладик.
А.Шокиров, ЎзА мухбири
Дўстларингизга ҳам улашинг!