Томорқага эътибор – фаровон ҳаётимиз асоси

Президентимиз Иштихон тумани «Хумо» маҳалла фуқаролар йиғинидаги Хина қишлоғида «Иштихон томорқа хизмати» масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 10 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори аҳоли даромадини кўпайтириш, томорқадан унумли фойдаланишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Жорий йилда ташкил этилган жамият юқори навли кўчат ва уруғ етиштириш ва тарқатиш, зотдор чорва моллари етказиш, аҳоли томорқасига техник хизмат кўрсатиш, ўсимликларга кимёвий воситалар билан ишлов бериш хизматини ташкил қилиш, етиштирилган маҳсулотни сотиб олиш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш билан шуғулланмоқда.

Хина қишлоғида 1 минг 200 дан зиёд аҳоли 34,2 гектар ерда томорқачилик билан шуғулланади. Бу ерда томорқадан унумли фойдаланиш, оиласи фаровонлигини таъминлаш билан бирга, дастурхонимиз тўкинлигига муносиб ҳисса қўшаётган тажрибали деҳқонлар кўпчиликни ташкил этади.

Давлатимиз раҳбари мазкур қишлоқда яшовчи Тошқувват Ражабов хонадонига ташриф буюрди. 71 ёшли Тошқувват ота 14 фарзандни эл корига ярайдиган инсон қилиб тарбиялаган. Бугунги кунда улар қишлоқ хўжалиги, таълим, тиббиёт ва тадбиркорлик соҳаларида юртимиз тараққиёти учун хизмат қилмоқда. Ота томорқасида иссиқхона қуриб, помидор ва бодринг парваришини йўлга қўйган. Бу йил 10 миллион сўм даромад олишни мўлжалламоқда.

Шу ернинг ўзида Нуробод тумани «Жом» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, боғча, деҳқон бозори, турар-жой биноларини таъмирлаш, қишлоқ врачлик пунктини реконструкция қилиш каби муҳим лойиҳалар тақдимоти ўткзилди.

— Томорқадан қишин-ёзин даромад олса бўлади. Бирор қарич ер бўш турмаслиги лозим, аҳолининг томорқадан фойдаланиш маданиятини оширишимиз керак, -деди давлатимиз раҳбари.

Умар Асроров, ЎзА
Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!