Томорқангизда нима экмоқчисиз?

56

Уй, ҳовли, томорқа – юртнинг бир парча гўзал гўшаси, дейишади. Ҳовлини саранжом-саришта қилиб қўйиш, томорқада рўзғор учун мевали дарахт-у экинларни экиш, расамади қилиб парваришлаш, аввало, юртга меҳрлиликнинг бир бўлаги. Ундан келадиган, даромад эса оила бюджетини тўлдиради.

Аммо томорқадан фойдаланишнинг «тартиб-қоидалари» бор. Масалан, айримлар дарвоза олди ёки ҳовли ўртасида тут, ўрик экишади. Оқибатда тут ва ўрик пишганда, ҳам кўчани, ҳам ўзининг ҳовлисига кириш йўлагини «безайди». Айримлар эса томорқасида экин экиб, ҳовли четида терак экади. Терак ўсиб, қўшниси ҳовлисига тушадиган офтобни қоплаб қолади. Оқибатда қўшничилик муносабатлари бузилади.

Шунинг учун ҳар бир хонадон эгаси томорқа «тартиб-қоидалари»га риоя этса маъқул бўларди. Масалан, ҳовли ва томорқага экилган экин, дарахт, бажариладиган ҳар бир юмуш дид билан амалга оширилиши зарур. Мутахассислар таъкидлашича, аввало, кўча билан ҳовли ўртасини гулзор қилиш, бир четига нинабаргли дарахт ва қишин-ёзин кўкалам бўлиб турадиган ўт экиш мақсадга мувофиқ. Ҳовли саҳнига эса ток экиб, уни сўкичакка тортиш, томорқанинг кириш қисмига турли кўкатлар, эртаги картошка, орасига маккажўхори, сўнг помидор, бодринг, бақлажон-у булғор қалампири, эртапишар шампан гилоси, олма, ўрик, анор, хурмо ва томорқа четига ёнғоқ экиш тавсия этилади.

Энди томорқа ишини юритиш ҳақида мулоҳаза юритсак.

Эрта тонгдан томорқада ишлаш, ҳаракат қилиш жисмоний тарбиянинг бир тури – қон юришади, руҳ тетиклашади, мушаклар кенгаяди. Қолаверса, бу жисмоний ҳаракатнинг самараси оилага мева-чева, ризқ б´либ қайтади. Муҳими, бизда томорқадан йилига икки-уч марта фойдаланиш мумкин. Келинг, бу ҳақда мутахассис фикрига қулоқ тутайлик.

– Тупроқ ва иқлим шароитимиз бир йилда сабзавот ва бошқа экинлардан уч мартагача ҳосил олиш имконини беради, – дейди Ўзбекистон сабзавот-полиз ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти Тайлоқ таянч манзили бошлиқи Шавкат Жабборов. – Масалан, томорқага зич экинларни экиш ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланиш имконини беради. Март ойидан картошка қатор орасига ловия, мош, сабзи ёки карам, помидор қатор орасига кўкат, бошқа экинлар, эртаги помидор, бодринг, қовун ва тарвуз пуштасига эртаги сабзавот экинларини, маккажўхори қаторига жуфт қилиб ловия, мош, нўхат ва илдизмевали экинлар экилса, йил давомида уч марта ҳосил олиш мумкин. Экинлар орасидаги пушта, ариқ ёқалари ва уватларга ошқовоқ, қовун, тарвуз, патиссон, бақлажон, булғор қалампири, ош лавлаги, ер ноки, картошка, шолғом, лавлаги каби экинларни экиш ҳам яхши самара беради.

Яхши ишланса 1 сотих ерда 300-350 килограмм помидор, 250-300 килограмм бодринг, 600-650 килограмм пиёз, 400-450 килограмм сабзи етиштириш мумкин. Бошқача айтганда, тер тўкиб меҳнат қилинса, бир қарич ердан 2 кило картошка ёки 2 кило пиёз ёки 2 кило сабзи олиш мумкин. Агар палагини бир метрли тиргакка кўтарсангиз 6 кило помидор, икки метрли тиргакка кўтарсангиз 8 кило бодринг оласиз. Ёки бир қарич ерга бир туп маккажўхори эксангиз, 2 та сўта беради, бу 250 граммдан ярим килогача макка дони, 2 кило силос дегани. Ёки ҳар бир метрга 25 сантиметр оралиқда 4 дона картошка эксангиз, 10 сотихда ариққа ажратилган ердан ташқари 5 минг туп бўлади. Ҳар тупдан ўртача 1 кило ҳосил олсангиз, бу 5 минг килограмм картошка дегани. Ўрта ҳисобда минг сўмдан сотсангиз 5 миллион сўм. 1,5 миллион сўми харажатларга кетганда ҳам 3,5 миллион сўм фойда қолади. Картошкадан кейин сабзи, кечки бодринг, турп, шолғом, ҳеч бўлмаганда чорва учун поя экиб олиш мумкин.

Айни кунда вилоятимиз бўйича 557 мингдан ортиқ деҳқон хўжалиги ва хонадон соҳибларига тегишли 88 минг гектар томорқа ер бор. Агар барчамиз томорқадаги ҳар бир қарич ердан самарали фойдалансак, аввало, рўзқор учун бозордан маҳсулот сотиб олинмайди. Иккинчидан, бозорга қилинадиган харажат пуллари ўз ихтиёримизда қолади. Учинчидан, ойлик маошимиз ёки пенсия-ю нафақа пулимиз иқтисод бўлади. Т´ртинчидан, бозорлардаги маҳсулотлар арзонлашади. Бешинчидан, барқарор даромад манбаига ва маблақ жамқариш имкониятига эга бўлиб, ўзимиз учун энг зарур жиҳозлар харид қиламиз.

Яна бир томони, томорқадаги меҳнат оилада вояга етаётган фарзандлар онгида тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади. Ёш бола кетмонга ёки бошқа иш қуролига қўл тегизадими, ҳаётда қийинчиликка учрамайди, ҳалол ишлаш ва яшашга ҳаракат қилади. Дарвоқе, ҳозир томорқада ишлашнинг, ерни экишга тайёрлашнинг айни вақти. Демак, бугунданоқ бўш вақтимиз бўлди дегунча томорқа ишлари билан шуғулланайлик.

Манба: mehnat.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!