Томорқасига экин экмаган фуқаролар ер солиғини оширилган ставкада тўлайди

Ўзбекистонда маҳалла раиси ва профилактика инспекторига томорқадан самарали фойдаланмаётган хонадон эгаларини расман огоҳлантириш, ундан кейин ҳам экин экмаганларга ер солиғи оширилган ставкада қўлланиши бўйича тақдимнома киритиш ваколати берилади. Ўз навбатида томорқадан самарали фойдаланган фуқароларга солиқ имтиёзлари берилади.

Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда томорқаларда етиштирилган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорга етказиб бериш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Давлат раҳбари бу борада томорқа хизмати туман бўлимларининг фаолиятини янада жонлантиришга урғу берди.

«Хатирчи туман томорқа хизмати раҳбарига миннатдорчилик билдирмоқчиман. Негаки, ўтган йили ушбу бўлим томорқа эгаларидан майиз, хурмо, узум ва дуккакли экинларни харид қилиб, Саудия Арабистони, Туркия, Грузия, Эрон, Қозоғистон давлатларига 2 миллион АҚШ долларлик маҳсулот экспорт қилибди.

Тасаввур қилинг, бизда қолган 200дан ортиқ туман томорқа хизмати ҳам камида 1 миллион доллардан экспорт қилганда эди, вазият умуман бошқача бўларди. Бизга айнан мана шундай тизим керак», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Йиғилишда томорқадан самарали фойдаланмаётган хонадон эгалари расман огоҳлантирилиши, ундан кейин ҳам экин экмаганларга ер солиғи оширилган ставкада қўлланиши маълум қилинди.

Бу борада мутасадди раҳбарларга тегишли ҳужжатни қабул қилиш топширилди.

Маълум қилинишича, эндиликда барча туманларда томорқалар ҳолати дронлар орқали мониторинг қилинади. Улардан унумли фойдаланиш учун ҳар бир сектор кесимида зарур чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.