Тошкентда “New Holland td-5.110” русумли 1000-трактор ишлаб чиқарилди

Тошкент қишлоқ хўжалиги заводи ҳудудидан чиқарилган навбатдаги 100 та тракторнинг бири “New Holland TD-5.110” русумдаги моделнинг ушбу турдаги маҳсулот ишлаб чиқарила бошлангандан буён ҳисобланганда мингинчиси бўлди. Бу ҳақда “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ матбуот хизмати маълум қилди.
Икки кун давомида корхонанинг 100 дона тайёр маҳсулоти ўзларининг янги, мўлжалдаги манзилларига жўнатилди. Бу тракторларни илк йирик корпоратив мижоз – Тошкент вилоятида жойлашган “ТТG-cluster” (Textile Technology Group) харид қилди. Эслатиб ўтамиз, мамлакатимиз билан ҳамкорлик ўрнатган “New Holland” компанияси қишлоқ хўжалиги ва йўл-қурилиш техникаси ишлаб чиқаришга ихтисослашган жаҳоннинг етакчи тузилмалари сафида эътироф этилади.
Мазкур бренд остида бир қатор моделдаги техника воситалари, жумладан кичик юклов машиналари, узум териш комбайнлари, гусеницали экскаваторлар, дон йиғувчи комбайнлар, зичловчи-йиғувчи машиналар ишлаб чиқарилади. Жараённи молиялаштиришни жадал суръатларда ривожланиб бораётган “Asaka-Trans-Leasing” лизинг компанияси ўз зиммасига олган. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад республикада қишлоқ хўжалиги машиналари турларини янгилаш ва кўпайтиришдан иборат. “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ Маркетинг ва ташқи савдо фаолияти бошқармаси масъул вакилларининг айтишича, бундай катта миқдорда маҳсулот сотилиши компания учун яхши кўрсаткичдир.
Фермер ва деҳқонларимиз, кластерлар кейинги вақтларда айнан шу русумдаги техника воситаларини танлаётгани бежиз эмас. Сабаби, тракторнинг мазкур оптимал варианти ҳам универсал, ҳам иш самарадорлиги юқорилиги билан ажралиб туради.
“New Holland TD-5.110” тракторига ҳар қандай русумдаги ёки турли функцияларни бажарадиган, масалан плуг, борона сингари тиркамаларни улаш мумкин. Машинанинг яна бир устунлик томони шундаки, Ўзбекистон – АҚШ конструкторларининг ҳамкорликдаги ижоди маҳсули бўлган мазкур трактор ярим автомат усулда ишлайди. Кабинада кондиционер, печ, динамикли магнитола ўрнатилган. Бундан ташқари яна бир қатор афзалликларга эга.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ускунани маҳаллий фермер ва деҳқонлар учун ўзбек бестселлери, дейиш мумкин. Энг муҳим, “New Holland TD-5.110” бугунги кунда Ўзбекистонда энг кўп сотилаётган модел ҳисобланади: нархи нисбатан арзон, сифати яхши, ишлатишга жуда ҳам қулай.
Манба: ЎзА
Дўстларингизга ҳам улашинг!