Ундирилган уруғлар нима ва улар нима учун керак бўлади?

Ундирилган уруғлар – бундан 5 минг йил аввал ҳам маълум бўлган қадимий соғломлаштирувчи восита ҳисобланади. Ушбу шифобахш таом бизларни бир вақтнинг ўзида кўплаб хасталиклардан халос этиб, уларнинг қайтарилишга йўл қўймайди. Табиатнинг ушбу инъоми ато этадиган нарса чинакам саломатликдир.

Уруғлар униб чиққанда, уларда кескин ўзгаришлар содир бўлади: крахмал – солод шакарига, оқсиллар – аминокислоталарга, ёғлар – ёғ кислоталарига айланади. Ошқозон овқат хазм қилиши жараёнида ҳам худди шу ҳодиса содир бўлади. Демак, ундирилган уруғларда хазм қилиш фаолиятининг каттагина қисми бажариб бўлинган. Қолаверса, витаминлар ва бошқа фойдали унсурлар синтезланади, қувват жамланади ва барча кучлар сафарбар этилади.

Кўплаб кишилар учун, ўтхўр ҳайвонларни ва хонаки паррандаларни ундирилган уруғлар билан боқиш – мутлақо янги модел, озуқа ем сифатининг мутлақо янги стандартидир. Таркибида оқсил моддаси кўп бўлган ундирилган уруғлар озуқа емининг асосий манбаи сифатида ҳам, ёки амалдаги рационга қўшимча сифатида ҳам қўлланиши мумкин. Бундай услубнинг қўлланиши озуқа емини тайёрлаш учун кетадиган харажатларни кескин қисқартиради. Ундирилган уруғлар қуруқ дағал ем-ҳашакка нисбатан бир мунча яхши, қўлланиши оддий, молиявий жиҳатдан тежамли и ва кўплаб фойдали моддалардан таркиб топган бўлади.

Уруғлар махсус жиҳозланган хоналарда етиштирилади ва алоҳида паравриш учун меҳнат талаб этмайди. Бундай хоналар учун қўйиладиган асосий талаблар: ҳарорат меёрини +23°С да барқарор ушлаб туриш, ёруғлик таъминоти ва сифатли монтаж қилинган автоматик режимда ишловчи туман ҳосил қилиш тизими мавжуд эканлиги билан белгиланади. Бундай хоналарда ҳар турли: буғдой, арпа, сули, нўхат, ясмиқ, ловия, кунгабоқар, гречиха, қовоқ каби кўплаб уруғларни ундириш мумкин. Уруғларнинг кўпчилиги иккинчи ё учинчи куниёқ униб чиқади ва 6-7 куни ундан ем сифатида фойдаланиш мумкин.

2012 йилнинг баҳорида Тошкент вилоятидаги чорвачилик ҳўжаликларидан бирида ана шундай қурилма жиҳозланди. Хона сифатида хўжалик ҳудудида мавжуд бўлган 40 футли контейнердан фойдаландик. Деворларни, пол ва шифтни сендвич билан қопладик, ҳарорат меёрини сақлаб туриш учун икки тарафидан кондиционер қўйдик. Икки қатор қилиб уруғлар ундириладиган патнислар учун токча ясадик, ёруғликни шифтга ва деворларга ўрнатдик. Уруғларни намлантириш учун сув рўзғор насосидан етказиб берилади, намлантириш режими эса сонияма-сония ишга тушириладиган функцияли Geva75-W контроллери билан мувофиқлаштириб турилади. Ҳар бир токча тепсига кичик қувватли 4191-моделдаги мини спринклер ўрнатдик.

Уруғлар учун патнисларни 60х40 см ҳажмли рухланган тунукадан чекка деворларини 5 см баландликда қилиб ясадик. Фотосуратга эътибор беринг, жавон токчалари етти қаватдан иборат, бу ҳар бир қават ҳафтанинг муайян кунига мўлжалланганлигини билдиради. Бинобарин, униб чиққан уруғли патнисларни еттинчи куни токчадан олиб, боқилаётган чорвага бериш мумкин. У ёки бу қаватдаги тайёр маҳсулот олинганидан кейин, шу заҳотиёқ ундириладиган янги уруғлар сепиб қўйилади, бу амалиёт ҳаммаси бўлиб 30-40 дақиқа вақтни олади и ва жараён узлуксиз даврийликда давом этаверади.

Жавоннинг ҳар бир қаватига ҳар икки тарафдан 27 тадан 54 дона ана шундай патнис жойлашади, контейнердаги патнисларнинг умумий миқдори 378 дона. Боқувимизда асосан соғин сигирлар бўлгани учун, биз уруғ сифатида буғдойдан фойдаландик ва ҳар бир патнисга 1,5 кг дан уруғ солиб ундирдик. Уруғлар учинчи куни униб чиқа бошлади ва еттинчи куни майсаларнинг бўйи 15-20 см га етди. Бунда тайёр маҳсулотнинг оғирлиги 9 кг га тенг бўлиб, дастлабки оғирлигига нисбатан 6 баравар ортди. Лаборатория таҳлили натижаларига кўра, бундай ем таркибида оқсиллар миқдори 50-60% ни ташкил этади. Ушбу яшил массани асосий ем сифатида ҳам, ҳар кунлик рационга қўшимча сифатида ҳам ишлатиб кўрдик, ҳар икки ҳолда ҳам сигирлар уни иштаҳа билан еб, соғиладиган сут миқдори истемол қилинган емнинг мидорига боғлиқ равишда ўсди. Яшил барра ем ёш буқачаларга ҳам маъқул келди. Товуқларнинг унга муносабатини ҳам ўргандик, уларнинг ҳам иштаҳаси чорвадан қолишмади.

Ушбу усулнинг афзалликлари нимадан иборат:

  • Аввало, бутун йил давомида иқтисодий жиҳатдан фойдали озуқа еми етиштирилади.
  • Емнинг қийматини назорат қилиш имконияти мавжуд бўлади.
  • Иқлим ўзгаришлари озуқа еми ишлаб чиқаришга ва унинг сифатига таъсир кўрсатмайди.
  • Зараркунандалар билан курашишга эҳтиёж қолмайди.
  • Бутун йил давомида емнинг органик манбаи таъминланади.
  • Хўжаликларнинг молиявий барқорорлиги ва бир маромда ривожланиб бориши таъминланади.
  • Чорвачилик ва паррандачилик маҳсулоти ишлаб чиқаришнинг ўсишига чорвани яйловда боқишга нисбатан фойдаланиладиган ер майдонларини қисқартириш имконияти яратилади.

Фикримизча, бундай тизим қўлланишини соҳалари жуда ҳам кенг ва кўплаб хўжаликлар бу усул ёрдамида яхши даромад олишлари мумкин. Масалан, чорва моллари кўп бўлмаган кичик хўжаликлар ҳамиша ўз озуқа еми манбаларига эга бўлиш ва ундан самарали фойдаланиш йўлида доимо изланадилар. Шунингдек чекланган ер майдонига эга бўлган хўжаликлар ҳам, озуқа еми таннархини пасайтиришни истовчилар ҳам, бозорга чиқарилаётган маҳсулот сифатини янада яхшилашни хоҳловчилар ҳам бу усулдан фойдаланиши мумкин. Бундан ташқари, чекланган заҳирадаги, таркибида озуқа моддалари кўп бўлган емдан фойдаланаётган сут-товар фермалари ҳам сутдаги ёғлилик миқдорини сақлаган ҳолда, сут ишлаб чиқаришни оширишлари мумкин. Ер майдони чорвачилик, паррандачилик билан шуғулланиш учун чекланган ва емнинг қимматлилигидан азият чекаётган тадбиркорлар ва ниҳоят, замонавий технолгиялар ва ечимларнинг шайдолари йил бўйи 365 кун барра яшил озуқа емидан фойдаланишлари мумкин.

Манба: agropoliv.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!