Уюшма ишончни оқлаяптими?

0

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятига бугун бир йил тўлди.

Хўш, ўтган қисқа давр ичида соҳада қандай ўзгаришлар рўй берди? Уюшма жамоаси билдирилган ишончни оқлай олдими? 

Саволни бу тарзда қўйганимиз бежиз эмас. Чунки бугунги шиддатли замонда бир йиллик фаолият дастлабки хулосаларни чиқариш учун етарли муддат ҳисобланади.

Экспертларнинг фикрича, кейинги пайтда юртимиз пиллачилик саноати таназзул ёқасига келиб қолган, пиллачиларнинг ипак қурти боқишга иштиёқига эса сусайган эди. Шундай мураккаб бир пайтда давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 29 мартда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани тизимда туб бурилиш ясади. Сабаби, мазкур ҳужжатда пиллачиларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уй шароитида пилла етиштирган фуқароларни даромад солиғидан озод қилиш, бир мавсум ишлаган даврлари пенсия тайинлаш учун бир йил меҳнат стажига ўтиши белгилаб қўйилди.

Табиий савол туғилади: бу каби имтиёзлар қандай самара берди? 

—    Аввало, ишга бўлган муносабатни тубдан ўзгартирди, — дейди   “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси Баҳром Шарипов. — Натижада ўтган йилнинг ўзида икки марта ипак қурти парваришлаб, сифатли пилла  етиштиришга муваффақ бўлдик. Жорий йилда эса уч марта, келгуси йилларда эса тўрт мартадан ортиқ “кумуш тола” етиштиришга аҳд қилганмиз.

— Уюшманинг бир йиллик фаолиятидан шахсан сизнинг кўнглингиз тўладими? 

— Кўнглим тўлди, дея олмайману, лекин қониқиш ҳосил қилдим. Сабаби, фаолиятимиз аввалида режалаштирилган кўплаб инновацион лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш, кластер тизимини жорий этиш, халқаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга эришдик. Тут баргидан экологик тоза ва шифобахш чой, ипак қурти ғумбагидан ёғ ишлаб чиқариш бошлангани, инновацион пиллахона қурилиб, тутзорларда паррандачилик, қуёнчилик, асаларичиликни ривожлантиришга оз бўлса-да, ҳисса қўшаётганимиз бунга мисол бўла олади. Шунингдек, ипак қурти уруғи етиштириш, пиллани қайта ишлашни чуқурлаштириш, чет эл инвестициясини жалб этган ҳолда, янги қувватларни барпо этиш лойиҳалари ҳам изчил давом эттирилаяпти. Демақчи бўлганим, ҳали биз катта йўлнинг бошида турибмиз. Олдимизда бажарилиши лозим бўлган ишлар жуда кўп.

Дарвоқе,  юртимизда айни пайтда пилла парвариши бўйича биринчи мавсум бошланди. Иккинчи мавсум июль-август, учинчи мавсум эса октябрь-ноябрь ойларига мўлжалланмоқда.

Саид РАҲМОНОВ,
“Халқ сўзи” мухбири. 

xs.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!