Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари кенгашининг фермер, деҳқон ва томорқа ер эгаларига МУРОЖААТИ

Бутун дунёда катта таҳдидга айланган коронавирус инфекцияси мамлакатимизга кириб келди. Бу инфекцияни тарқалишининг олдини олиш борасида ҳукуматимиз ишончли ҳамда тизимли чора-тадбирлар йўлга қўймоқда. Бундан кўзланган мақсад битта — бутун дунёга жиддий ташвиш олиб келаётган вирусдан юртдошларимизни асраш, ундан талафотларсиз чиқишдир.
Соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассисларининг таъкидлашича, коронавирус инфекцияси ҳам грипп касалликлари тоифасига кирувчи бошқа вирусли касалликлар сингари мавсумий касаллик бўлиб, ҳаво ҳароратининг исиши ушбу касалликни бартараф этишда қўл келар экан.
Аммо, ахборот маконидаги ишончли-ишончсиз ахборотларнинг кескин кўпайиши оқибатида интернет тармоғи орқали тарқатилаётган маълумотларнинг ҳақиқат ёки ёлғонлигини ажратишда юртдошларимиз чалғиб қолмоқда.
Натижада, тарқатилган асоссиз хабарлар айрим одамларни ташвишга тушириб қўйди. Оқибатда одамлар бозорлар ва савдо дўконларидан озиқ-овқат маҳсулотларини “ғамлаб қўйиш” учун кўп миқдорда сотиб олишига уринишди.
Бундай ҳаракатдаги одамлар, мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини 68 та мамлакатга экспорт қилаётганлигини, 98 фоиз озиқ овқат маҳскулотларини халқимиз ўзи етиштираётганлигини, ўз халқининг озиқ овқат хавфсизлигини таъминлай олишга қодир бўлган мамлакатга айланганимизни наҳотки билишмаса?
Демак, ноўрин саросимага тушмасдан, касаллик тарқалиб кетишининг олдини олишда хотиржамлик билан ёндашув талаб этилади. Унутмаслик керак, боболаримиз “қўрққанингга йўлиқасан”, деган сўзни бежиз айтишмаган.
Зеро, буюк бобокалонимиз Ибн Сино айтганларидек, хотиржамлик – ярим соғликдир. Сабр эса – шифонинг бошланишидир.
Агар ҳар биримиз хўжалигимиздаги ҳар қарич ердан унумли фойдаланиб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирсак, дастурхонларимизнинг тўкинлигини таъминлаган бўламиз.
Азиз фермерлар, деҳқон ва томорқа ер эгалари! 
Халқнинг тўқлиги ҳам, шодлиги ҳам, бир сўз билан айтганда хотиржамлиги ҳам аввало Худо, қолаверса, бизнинг пешона теримиз билан қилаётган беъминнат меҳнатимиз ва яратувчанлигимиздандир. Бундай вазиятда, аввало ўзимиз коронавирус хавфига қарши комплекс тадбирларни амалга оширишда ўрнак бўлишимиз, унинг салбий оқибатларининг олдини олишда ташаббусни қўлга олмоғимиз зарур.
Ҳозирги шароитда юртимиздаги озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришда далаларимиздаги ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланайлик, дастурхонларимиз тўкин-сочинлигида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирайлик, бозордаги озиқ-овқат маҳсулотларини нархларини сақлаб қолишда бор куч-ғайратимизни сафарбар этайлик.
Мамлакатимизга келган балони ҳамжиҳатлик билан биргаликда бартараф этишда фидойилик кўрсатиб, томорқаларимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўлган картошка, сабзи, пиёз, сабзавот, полиз ва дуккакли экинларини етиштириш учун ўз меҳнатимизни аямаслигимиз керак.
Зеро, бизнинг шижоатимиз мамлакатимизга келган короновирус эпидемиясини жанговор руҳда енгиб ўтишимизда дастуриамал бўлсин.
Бугунги вазиятда ким, ким эканлигини кўрсатиб қўйди!
Деҳқон азалдан қўли очиқ, кўнгли очиқ, йўли очиқ инсон бўлиб келган. Бугун вазиятдан фойдаланиб бойиб қоламан деб 2-3 минг сўмлик картошкани 6-10 минг сўмга, 1,5-2 минг сўмлик пиёзни 5-6 минг сўмга сотиш пайига тушганлар биздан эмас.
Ҳақиқий саховатпеша деҳқон исми шарифини ошкор қилмай хайрли ишларини бошлаб юборди.
Назари оч тўйда ўлади, деганларидек, бу ўткинчи вазиятдан фойдаланиб қоламан деганлар ўзининг ким эканлигини кўрсатиб қўйди. Халқ ҳамма нарсани кўриб билиб турибди.
Азиз фермерлар, деҳқон ва томорқа ер эгалари! 
 
Хабарингиз бор, куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида фармони эълон қилинди.
Унда қишлоқ хўжалигидаги ерларни суғориш учун фойдаланиладиган ҳажмлар бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари жорий йилда ўрнатилган ставкалардан 50 фоизга пасайтирилди. Бу ҳам биз, қишлоқ хўжалиги меҳнаткашларига берилган имтиёзлардан бири.
Мурожаатимизнинг мақсади шуки, ўзини ватанпарварман, халқпарварман деб билган одам, ташаббусни ўз қўлига оладиган пайт келди.
Қалбингизга қулоқ тутинг! Ҳақиқатан ҳам ташаббусни ўз қўлимизга олишга қодирмиз. Келинг! Халқ бошига оғир синов тушган бир пайтда баҳорнинг ҳар бир дамини ғанимат билайлик. Баҳорнинг бир куни йилни боқади, деб боболаримиз бежиз айтишмаган. Юртимизни коронавирусдан соқит қилишни, халқимизнинг сиҳат саломатлигини яратгандан тилайлик. Ҳар йилгидан кўпроқ хирмон кўтариб, намуна кўрсатайлик. Токи, бизнинг шижоатимиздан ғайратимиздан, ишончимиздан, хотиржамлигимиздан, қолаверса эҳтиёткорлигимиз ва омилкорлигимиздан бу ёвуз касаллик ҳам чекинади иншооллоҳ.
Азиз томорқачилар, қадрли фермерлар!
Халқимиз бошига тушган бугунги синовли кунларда халқимизга камарбаста бўлайлик.
Юртбошимизнинг юксак ишончини оқлаб, мамлакатимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиш учун барчамиз сидқидилдан фидокорона меҳнат қилайлик!
Асосийси, бундай эпидемияларга қарши самарали иш олиб боришда давлатимиз етарлича тажриба ва тиббий салоҳиятга эга. Биздан фақат бир нарса талаб қилинади, яъни санитария-гигиена талабларига қатъий тарзда риоя қилиб, ўзимиз ва оила аъзоларимизни хавфли инфекция юқишидан ҳимоя қилишдир. Мавжуд вазиятни тўғри тушуниб, масалага онгли ёндашсак, ҳаммамиз якдиллик ва ҳамжиҳатлик билан иш тутсак бу қийинчиликлар, албатта, ортда қолади. Муфтият раҳбарлигида диний уламолар юртимизга тинчлик-хотиржамлик, беморларга шифо тилаб, дуо фотиҳалар қилишмоқда. Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз ва, ишонамизки, бу қийинчиликларни албатта енгиб ўтамиз.
 
Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари кенгаши
манба: ЎзА
Дўстларингизга ҳам улашинг!