Узумчиликда ишлатиладиган асбоб-ускуналар ва техникалар божхона тўловларидан озод этилади

Узумчилик ва ипакчиликни ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселекторда соҳа ривожи яратиладиган имтиёзлар ҳақида маълумот берилди.


Президент Шавкат Мирзиёевнинг маълум қилишича, энди шпалер ўрнатиш харажатларининг 30 фоизгача қисми бюджетдан қоплаб берилади, шунингдек, узумчиликда ишлатиладиган асбоб-ускуналар ва техникалар божхона тўловларидан озод этилади.

«Ж.Хўжаев, А.Тўраев вилоят ҳокимлари билан бирга, Самарқанд (80 гектар), Жиззах (50 гектар), Қашқадарё (50 гектар) ва Тошкент (20 гектар) вилоятларида йирик кўчатчилик комплексларини барпо этсин.

Бунда, вилоят ҳокимлари кўчатчилик комплекслари барпо қилиш учун ер майдонларини аниқлаб беради, уларни ташкил қиладиган тадбиркорларни танлашга кўмаклашади.

Бир ой муддатда узумнинг юқори ҳосилдор, совуққа ва касалликларга чидамли ҳамда данаксиз янги навларини яратиш бўйича Россия, Чили ва бошқа етакчи давлатларнинг илмий тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш зарур.

Йил якунига қадар Венгрия етакчи университети ва Фарғона давлат университети ўртасида соҳа мутахассисларини тайёрлайдиган қўшма факультет ташкил этилсин.

Фориш (900 гектар), Олтинсой (330 гектар), Иштихон (310 гектар) ва Янгиободда (210 гектар) саноатбоп узум етиштириш бўйича дастлабки 4та йирик кластер ташкил этилади.

Ушбу кластерларга узумни қайта ишлаш ускуналарини сотиб олиш харажатларининг 20 фоизи қоплаб берилади. Шунингдек, майиз қуритиш ва қадоқлаш линияларини барпо этиш харажатларининг 20 фоизигача субсидия ажратилади.

Бундан буён, етиштирилган ҳосилнинг 30 фоизи экспорт қилинса, даромад ва мулк солиқлари 30 фоизга, экспорт 30 фоиздан ошса, 2 бараварга камайтирилади.

Берилган топшириқларнинг жойларда бажарилиши, лойиҳа офислари ишини йўлга қўйиш вилоят ҳокимининг инвестициялар бўйича ўринбосарларига юклатилади», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Манба: https://kun.uz/17275267