Ветеринар олимларда янгиликлар бор

Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида жойлашган ветеринария илмий-тадқиқот институти юртимиздаги салоҳияти юқори, қарийб бир асрлик тарихга эга илмий муассасалардан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда мазкур илмий даргоҳ республикамизда барча турдаги ҳайвонлар, парранда, балиқ, асаларининг юқумли, юқумсиз ва паразитар, инвазион касалликлари диагностикаси, профилактикаси ва даволашнинг замонавий усул ва воситаларини амалга оширишни асосий мақсад сифатида белгилаб, фаолият кўрсатмоқда.

– Ҳеч кимга сир эмас, бугун дунёнинг қайси бир бурчагида пайдо бўлган касаллик ҳеч қанча вақт ўтмай, сайёрамизнинг бошқа бир ҳудудида тарқалмоқда, – дейди ветеринария илмий-тадқиқот институти директори, ветеринария фанлари доктори Бозорбой Элмуродов. – Буни одамлар чалинаётган юқумли хасталиклари ёки ветеринарияда ҳам кўриш мумкин. Ана шундай шароитда олдимизга қўйилган мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, мамлакатимизда ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли ва трансчегаравий касалликларининг эпизоотик мониторингини олиб бориш, касалликларнинг табиий ўчоқларини доимий ўрганиш ва илмий асосланган тавсиялар яратиш, ветеринария биологик препаратларни замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Бунда аввало кейинги йилларда давлатимиз томонидан илмий-тадқиқот муассасалари моддий-техника базасининг мустаҳкамланаётгани, илмий ходимларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, айни пайтда бизнинг муассасамизнинг бош биноси ва лабораторияларида ҳам капитал таъмирлаш, реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг ташкил этилиши ҳам фаолиятимизда туб бурилиш ясади.

Манба: uza.uz