Хитой олма етиштириш ва экспорт қилиш бўйича дунёда етакчилик қилмоқда

ПЕКИН, Хитой – Бугунги кунда Хитой Халқ Республикаси олма мевасини етиштириш ва экспорт қилиш ҳажми бўйича дунё миқёсида етакчилик қилмоқда. Бу ҳақда “Женьминь жибао” хабар беради.

Унга кўра, 2017 йилда дунёда олма етиштириш ҳажми 76 млн тоннани ташкил этган бўлиб, шундан 44 млн тонна, ёки 57 фоизи Хитойга тегишли.

Ўтган йил якунлари бўйича Хитой 1,33 млн тонна олма экспорт қилиб, жаҳондаги энг йирик экспортчи мамлакат номини сақлаб қолди. Хитой бу мева туридан энг кўп миқдорда Бангладеш, Ҳиндистон ва Филиппинга экспорт қилган.

ХХР қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Цюй Дунъюйнинг айтишича, қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот маркази катта ҳажмдаги маълумотларга эга компаниялар билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилган ахборот тизимини ишга туширди. Тизим олма ишлаб чиқариш тармоғининг барча йўналишларида маълумотларни виртуал тарзда йиғиш, сақлаш, юбориш, таҳлил қилиш ва амалга ошириш имконини беради. Вазирлик 2019 йилдан мазкур тизимни чой, цитрус мевалар ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш тармоғида ҳам синаб кўришни режалаштирган.

Манба: turon24.uz

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!